– Ходим розилиги билан иш вақтидан ташқари қанча вақт ишлаши мумкин?

– Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш “иш вақтидан ташқари иш” деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишларга фақатгина ходимнинг розилиги бўлган ҳолларда жалб қилиш мумкин.

Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари бажарилган ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида 2 ҳисса миқдорда иш ҳақи тўланиши шарт. Бундай пайтларда тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномаси ёки касаба уюшмаси ёки бўлмаса ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланиши керак.

Ходимнинг илтимосига кўра, белгиланган иш вақтидан ташқари иш учун бажарилган иш соатларига тенг миқдорда дам олиш куни (отгул) берилиши ҳам мумкин. Лекин шундай бўлса-да, бундай ишлар учун камида 1 ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи ҳам тўланиши кераклиги Меҳнат кодексининг 157-моддасида белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 125-моддасига асосан, ходим ўз розилиги билан иш вақтидан ташқари сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда – 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас.

Мисол учун, агар раҳбарият томонидан ходим биринчи куни 4 соат иш вақтидан ташқари ишга жалб қилинган бўлса, эртаси куни ҳатто унинг розилиги бўлган тақдирда ҳам уни бундай ишларга жалб этиш тақиқланади.

Иш сменаси 12 соат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам йўл қўйилмайди. Шунингдек, ходимни сурункасига 2 смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади.

Алоҳида тоифадаги шахслар, ногиронлар меҳнатини муҳофаза қилишнинг қўшимча чоралари таъминлашга қаратилган 220-модданинг 5-қисмига кўра, Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши Меҳнат кодексининг 228-моддасида мустаҳкамланган.

Кодекснинг 245-моддасига кўра эса 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланган.

💬Саволга юридик фанлари номзоди, доцент Жаҳонгир ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.