Алишер ИСАЕВ ПАНДЕМИЯ ДАВРИНИНГ САЛБИЙ ВА ИЖОБИЙ ТАРАФЛАРИ ҲАҚИДА

Алишер Исаев иқтисодчи, бизнес соҳасида мамлакатда таниқли мутахассислардан бири. Унинг бизнес маслаҳат хизматидан йирик компаниялар, шунингдек бизнесга энди кирмоқчи бўлган фирмалар ҳам фойдаланиб келади. Шу билан бирга Алишер Исаев ўзининг бизнес лойиҳалари билан иқтисодий жараённинг фаол қатнашчиларидан. Пандемия сабаб юзага келган иқтисодий инқироз пайти тадбиркор қандай ҳаракатланиши керак, нималарга эътибор бериш керак? Алишер Исаев билан суҳбатимиз асосан шу ҳақда кечди.

– Сизнинг мутахассис сифатида ҳозирги шароитда бизнес соҳасидаги кузатувларингиз газета ўқувчилари учун қизиқ. Ўтган март, апрель, май ва кейинги ойлар тадбиркорлар учун қандай ўтди, қандай муаммоларга дуч келинди?

– Пандемия 99 фоиз бизнесга таъсир қилди. Ҳатто жисмоний жиҳатдан ҳам бизнес иши тўхтаб қолди. Кимнингдир 70 фоиз, кимнингдир 20 фоиз иши ва даромади тушиб кетди. Аммо салбий жиҳатлар билан бир қаторда ижобий тарафлари ҳам бор. Шахсан, ўзимнинг бизнес лойиҳаларим ҳақида айтадиган бўлсам, ҳатто бир лойиҳам 100 фоиз минусга кетиб қолди. Бу ўқув маркази. Марказнинг барча ўқувчилари бир вақтда келмай қўйишди, натижада марказдаги ходимлар ишсиз қолишди. Боя айтганимдек, ижобий тарафи, бу – бизнес лойиҳалар ҳақида қайта ўйлаб, трансформация, яъни янги, тўсатдан пайдо бўлган шароитга мослашиш йўлини қидирдим. Кутилмаган шароитларда кутилмаган, янги ғоялар келади. Маҳсулотни янги каналлар, янги тармоқлар орқали сотиш ҳажмини кўтаришга муваффақ бўлдик.

Инқироз даврида ҳиссиёт билан эмас, математик нуқтаи назардан қарасак, кўпгина имкониятларни чамалаб кўриш мумкин.

– Демак, инқироз даврининг плюс ва минуслари бўлади. Сизда бу икки қутб қандай кечди?

– Плюслари деганда, биринчидан бизнес нархлари тушиб кетди. Ўзимдан мисол келтирсам, бир лойиҳада бизнес-шеригимга ишлар минусга кетганда, лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун пул ажратамиз, дедим. У унамади. Аксинча, ўз улушини менга сотди. Бундан икки йил аввал, унга таклиф қилганимда, бурунги нархдан 4-5 баробар қиммат сўраган эди. Бизнес нуқтаи назаридан бу менга плюс, албатта.

Инқироз вақти, кайфият йўқ вақти бизнесларнинг нархи тушиб кетар экан. Бу ерда ҳиссиётлар ҳам роль ўйнайди, ана шундай кайфият пайти нархлар кескин пастга сакрайди. Кимдир бизнесидан қутулиб, бошқа бир ишни кўзлайди, режалар тубдан ўзгаради.

Бу шароитда мен учун яна бир плюс томони: бозорда нархлар кескин тушиб кетган эди. Бозордаги иш ўринлари қисқарган. Шундай вақтда, бир қанча қиммат турадиган мутахассисни ўзимизнинг лойиҳаларга жалб қила олдик. Олдинги иш қизғин пайтлари уларнинг бозори чаққон эди, уларнинг хизматлари қимматроқ эди.

Хуллас, инқирозга ҳам позитив ёндашилса, шундай имкониятлар келиб чиқаверар экан.

– Инқироз вақти нега ойликлар қисқаради, ишчилар сонини қисқартиришга тушишади. Бошқа йўллари йўқми?

– Бу пандемия шароитига кирган бизнеснинг ўша пайтдаги мавқеига боғлиқ. Бу нима дегани? Мисол учун, айрим бизнеснинг инқироз давригача захирада потенциал билан қийин шароитда бозорда кенгроқ ҳаракат қилиш имкони туғилади. Бозорда маҳсулот сотилиши тушиб кетиши мумкин, аммо бозордаги улушни кенгайтириш имкони туғилади. Биз ҳам бир лойиҳамизда шундай иш қилдик, яъни олдиндан тўплаб қўйган пулимиз бор эди. Инқироз вақти у пулни улушимизни кескин оширишга сарфладик, савдо-сотиқ бўлими ишини 4 баробарга оширдик, ҳатто май ойида рекорд ҳам ўрнатдик. Савдо ҳажми ошди.

Аммо бошқа лойиҳаларда, боя айтганимдек, ўқув маркази лойиҳасида қийинчиликлар туғилди. Ойликларни қисқартирмадик, лекин ишчилар сонини қисқартиришга мажбур бўлдик. Биринчи ойларда иш минусга тушиб кетган бўлса, кейинги ойдан нолга чиқиб олдик. Асосийси, керакли кадрларни сақлаб қолиш лозим эди, шунга эришдик. Яна бир муҳим жиҳати, иш занжири узилмаслиги керак эди. Метафора билан айтганда, занжир ингичкалаши мумкин, лекин узилмаслиги керак. Шунда инқироздан чиқиб кетишнинг имконияти бўлади.

– Яъни оптимизация қилиш керак, шундайми?

– Ҳа, албатта. Биринчидан, иш самарадорлигини ошириш учун оптимизация қилиш, кейин трансформация – янги шароитга мослашиш жуда муҳим. Чунки энди, олдингидай шароит бўлмайди, янгича қарашлар пайдо бўлади. Мисол учун, пандемиядан кейин, ҳаёт нормал изга тушгандан сўнг ҳам юзга тиббий ниқоб тақиб юриш оддий ҳол бўлиб қолиши мумкин. Ҳатто ижтимоий масофа сақлаш ҳам ҳаётимизда ўрнашиб қолади, деб ўйлайман. Шу каби бизнесда ҳам янги қоидалар, янги нормалар чиқади. Шунинг учун ҳам трансформация масаласи муҳим ўрин тутади. Яна бунга ўзимдан мисол келтираман, ўқув марказимизда олдин бир хонада 20 кишига дарс ўтардик, энди ижтимоий масофа масаласи ўртага чиққандан кейин, бу миқдор 20 тадан 10 тага тушди. Инқироз даврида онлайн дарслар ўтишни бошладик, бу ҳам ўзига хос бир трансформация – янги даврга мослашиш жараёни. Аммо шу ўринда, бизнес рақибларимиз ҳам кўпая бошлади. Яқинда бир мактабга хизмат таклиф қилгани борсак, Беларусдан бошқа бир компания ҳам уларга биздагидек хизматни таклиф қилишибди. Мана рақобат, хизматлар онлайнга ўтганидан сўнг, рақобатчилар кўпаяди, онлайн хизмат кўрсатиш учун мамлакат ичкарисида бўлиш шарт эмас. Узоқдан туриб бўлса ҳам хизмат кўрсатаверади.

Шунинг учун демоқчиманки, трансформация амалга оширилмаса, бозордан чиқиб кетиш эҳтимоли ошаверади.

– Тадбиркор савдо ҳажмининг тушиб кетмаслиги ва унинг ҳажмини ошириш учун ҳозирги даврда қандай чоралар кўриш керак?

– Савдо ҳажмини ошириш учун янги савдо каналини қидириш керак. Янги мижоз базасини излаб топиш лозим. Бу иккаласи саволингиз жавоби учун нақд пули бор эди, катта имконияти бор. Шундай кки муҳим жиҳат. Талафотни камайтириш ҳисобига савдо пасайишининг олдини олиш мумкин. Мижозлар билан кечган жараёнларни кунлик таҳлили асосида қарор қилиш жуда муҳим. Шунда савдо ҳажми камайишининг олди олинади. Ишни кунлик математик таҳлилдан ўтказиб, кейин ёндашилса, талафотларнинг ўрни тўлдирилади.

– Таҳлилингиз бўйича инқироз пайтида қайси бизнес кўпроқ талафот кўрди?

– Ресторан бизнеси, деб ўйлайман. Шунингдек, кўпгина ўқув марказлари ёпилди, улар онлайн иш тизимига ўтишолмади, юқорида айтганимдек, трансформация қилишолмади. Тўйхона бизнеси ҳам талафот кўрди. Шу билан бирга шоу-бизнес ҳам зарар кўрди.

– Ишни тўхтатган бизнесларнинг жонланиб кетиши учун нима қилишлари керак бўлади?

– Иш жонланиб кетиши биринчи галда сақлаб қўйилган маблағга боғлиқ. Яна бир муҳим жиҳати, бизнес жамоани сақлаб қолиш, уларга ойлик берилмаса, улар рақиб компанияга ўтиб кетишади ёки бошқа иш топишади. Бу масала бизнесни нафақат сақлаб қолиш, уни юксалтириш учун ҳам жуда муҳим ўринда туради.

Олимларнинг тадқиқотида 1929 -1933 йилдаги АҚШдаги буюк депрессия пайти кучли мутахассислар ишсиз қолиб, мактабларда дарс беришган. Шу вақтда мактабда ўқиган болалар кучли билим олишган. Бунинг натижаси 1950-60 йилларда шу мактаб ўқувчиларидан бизнес соҳасида кучли мутахассислар етишиб чиққан. Қизиқ ҳолат. Бу ҳам инқирознинг бир ижобий тарафи.

– Ҳозирги инқироз пайтида мутахассисларга қандай муносабат қилиш керак?

– Юқорида айтдим, инқироз пайтида мутахассисларни арзон сотиб олишга имкон туғилади, бу кейин ҳам улар хизматини арзон баҳолаш дегани эмас. Шундан келиб чиқиб улар билан муомала қилиш керак.

– Бизнесда кредит олиб ишлашга қандай қарайсиз? Ҳозир кўпчилик кредит олишга иккиланиб қолган, дунёда кечаётган инқироз вақти бу хавфли эмасми?

– Кредит олиб ишлашни, шахсан, мен унчалик хушламайман. Кредитсиз ишлаш имкониятлари кенг. Чакана савдода, масалан, мол тарқатувчилар насияга мол беришади. Буни маҳсулот кредити деб қабул қилса бўлади. Шунингдек, иш унумдорлигини ошириш ҳисобига ҳам капитал айланишини кўпайтириш имконияти бор. Масалан, пештахталарда 3-4 ой маҳсулот сотилмай қолиб кетади, бу дегани пештахтада пул музлаб ётибди. Дўкон эгаси эса кредит олиш билан овора. Ундан кўра, пештахтада музлаб ётган пулни эритиш йўлларини қидириш керак.

Ушбу суҳбатни уюштиришда кўмак берган “М­Faktor” телелойиҳаси асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мурод ЧОВУШ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.