ПЕНСИЯЛАР БИР ТУРДАН БОШҚА ТУРИГА ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

Мамлакатимизда пенсияларнинг ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик сингари турлари мавжуд бўлиб, уларнинг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга ўзлари танлаган пенсиянинг битта тури тайинланади. Хўш, шу ўринда пенсионерлар ўз пенсиясини бир турдан бошқа турига ўтказмоқчи бўлишса, қандай йўл тутиш лозим? Бу борада қаерга мурожаат этиш, қандай ҳужжатлар илова қилиш керак бўлади? Мазкур саволларга Пенсия жамғармаси мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА жавоб берди.

– Пенсияни бир турдан бошқа турига ўтказиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

– Тайинланган пенсияни бошқа турига ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги 938-XII-сонли “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Пенсияни бир туридан бошқа турга ўтказиш тўғрисидаги ариза пенсионернинг яшаш жойи (доимий рўйхатдан ўтган) бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Вафот этган боқувчининг вояга етмаган оила аъзоси (боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ўтказишда) ёки белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқатсиз деб эътироф этилган шахснинг номидан Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза унинг ота-онаси ёки қонуний вакили яшайдиган жой бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан барча зарур ҳужжатлар билан бирга пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган сана пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

– Аризага қандай ҳужжатлар илова қилиниши керак?

– Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилган пенсионернинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

 — пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза берилган пайтдан меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили мобайнида исталган кетма­кет беш йилдаги иш ҳақи тўғрисида маълумотнома;

 — ариза берилган пенсия турини тайинлаш учун тегишлича ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар тақдим қилинади, бунда ушбу ҳужжатлар пенсиянинг олинадиган тури бўйича расмийлаштирилган пенсия ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлмаган тақдирда.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оила аъзолари сони ўзгаришини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.

– Ариза қанча муддатга кўриб чиқилади?

– Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилиши керак.

Ёшга доир пенсияни ногиронлик пенсиясига ўтказишда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди ҳамда ногиронлик пенсиясини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи илгари ёшга доир пенсияни тайинлашдан олдинги ишнинг охирги ўн йилидан келиб чиққан ҳолда, ногиронлик пенсиясини тайинлаш вақтида амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади.

Илгари шахснинг ёшига доир тайинланган пенсияни пенсияларнинг бошқа турларидан биттаси бўйича тўловнинг тўхтатилиши муносабати билан тиклашда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди ва пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ёшга доир илгари тайинланган пенсиядан олдинги ишнинг охирги ўн йилидан келиб чиққан ҳолда, тиклаш вақтида амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтказишда пенсия миқдорини ҳисоблаш пенсионернинг (боқувчининг) ўз пенсияси қайси иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилган бўлса, ўша иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Иш стажи эса умумий тартибда, учувчилар ва синовчи учувчилар таркибидаги ходимларга пенсиялар тайинлаш учун узоқ муддатли хизмат муддатларини ҳисоблаш тартибида назарда тутилган шартлар ва нормалар қўлланмасдан ҳисоблаб чиқилади.

Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай рад этиш сабаблари, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган ҳолда рад этиш тўғрисида пенсионерга хабарномани бериши ёки юбориши шарт ва бир вақтнинг ўзида пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш учун тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан пенсионернинг қўлига қайтариши керак.

– Янги тайинланган бошқа тур пенсияси тўлови қачондан амалга оширилади?

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин пенсиянинг бошқа турини тўлаш пенсионер барча зарур ҳужжатлар билан бирга тегишли ариза билан мурожаат қилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.