ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари

(Ўтган қисми)

Амалдаги солиқ қонунчилиги билан белгиланган тартиб ва қоидаларга асосан ҳисоблаб чиқарилган ва ўрнатилган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар солиқ қарзи деб эътироф этилади.

Солиқ кодексида муддатида тўланмаган солиқлар ва молиявий, яъни солиқ қарзининг давлат ваколатли органлари томонидан мажбурий ундиришнинг бир қатор тартиб­таомиллари белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу тартиб­таомилларнинг асл мақсади ҳисобланган солиқлар ва молиявий санкцияларни, яъни солиқ қарзини давлат бюджетига тўлиқ ундиришга қаратилган.

Хўш, солиқ қарзини мажбурий ундиришда давлат ваколатли органлари томонидан қандай тартибтаомиллар белгиланган?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, солиқ қарзини сўндириш қуйидаги 3 босқичда амалга оширилади:

► солиқ тўловчига талабнома юбориш орқали;

► солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан солиқ қарзини сўзсиз ундириш орқали.

► қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан суд тартибида ундириш орқали.

Солиқ кодексининг 115-­моддасида, солиқ тўлаш мажбуриятига эга бўлган солиқ тўловчи уни тўлашга доир тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка, ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари бор­йўқлигидан қатъи назар, кодекс қоидаларида белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тақдим этилиши шартлиги белгиланиб, агар солиқ тўловчида тўланмаган солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ органи унга солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин уч кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юбориши белгиланган.

Ўз-ўзидан, солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома қандай ҳужжат, у қандай расмийлаштирилади ва қандай вазифаларни бажаради?

Солиқ кодексининг 116-моддасида қайд қилинишича солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома – солиқ тўловчига (солиқ агентига) унинг зиммасидаги солиқ қарзи суммаси тўғрисида ва шу қарз суммасини белгиланган муддатда тўлаш мажбурияти ҳақида хабар солиқ органлари томонидан юбориладиган хабарнома бўлиб, солиқ тўловчи бўлган юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ўз тадбиркорлик фаолияти бўйича белгиланган муддатда тўланмаган солиқдан солиқ қарзи ёки фоизлар мавжуд бўлган тақдирда юборилади.

Талабномада солиқ бўйича қарз суммаси, юборилаётган пайтда ҳисобланган пенялар миқдори, жарималар суммаси, шунингдек солиқ тўловчи талабларни бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш ва солиқ мажбурияти бажарилишини таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Кодексда солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ мажбуриятини белгиланган муддатда бажармаган бошқа шахсларга юборилиши унда назарда тутилган барча қоидалар мазкур шахсларга юборилган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномаларга ҳам татбиқ этилиши белгиланган.

Қонунчиликда талабнома солиқ тўловчига солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортилишидан қатъи назар, юборилиши қайд этилган.

Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига у ҳисобда турган солиқ органи томонидан, солиқ қарзи аниқланган кундан эътиборан ёки солиқ текшируви натижалари бўйича эса, аниқланган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги қарор кучга кирган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай юборилиши ва талабнома олинган санадан барча шахслар ушбу талабномани бажариш қисмида солиқ қарзига эга бўлган солиқ тўловчиларга тенглаштирилиши кодексда белгиланган (117­модда).

Ўз навбатида, агар солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига юборилганидан кейин талабномада кўрсатилган солиқлар бўйича қарз суммаси, пенялар ёки жарималар суммасини ўзгаришига олиб келган ҳолатлар аниқлаганда, солиқ органи уч кун ичида солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисида аниқлаштирилган талабнома юбориши ёки илгари юборилган талабномани чақириб олиши лозим бўлади (118­модда).

Шунингдек, кодекснинг 119­-моддасида солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани бажариш тартиблари белгиланиб, унга кўра солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор (тадбиркорлик фаолияти бўйича) талабнома олинган кундан ўттиз календарь кун ичида солиқ қарзини тўлиқ тўлаши лозим бўлади.

Агар ушбу муддатда солиқ қарзи узилмаган тақдирда ва ундиришнинг умумий қоидалари, шунингдек солиқ қарзини банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундириш чоралари қўлланиши натижасида ҳам солиқ қарзи узилмай қолаверса, солиқ органлари ундирувни белгиланган тартибда солиқ тўловчининг мол­мулкига қаратади.

Ўз навбатида, кодекснинг 120­моддасида солиқ қарзини ундиришнинг умумий қоидалар қайд этилган бўлиб, унда солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаганда, агар солиқ тўловчининг солиқлар бўйича қарзини узишга доир мажбурияти банк кафолати, учинчи шахснинг кафиллиги ёхуд молмулк гарови билан таъминланган бўлса, солиқ органи қарзнинг тўланмаган суммасини тегишлича банк кафолатини берган банкдан, кафилдан ёхуд гаровга қўйилган мол­мулкнинг қийматидан ундириш чорасини кўриши лозим.

Бунда юридик шахсдан ёки якка тартибдаги тадбиркордан солиқ қарзини ундириш дастлаб унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, агар ушбу маблағлар етишмаган тақдирда эса мазкур шахснинг бошқа мол­мулки ҳисобидан ундириш амалга оширилади.

Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ тўловчининг ёки бошқа шахснинг солиқ қарзи унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундириш имкони бўлмаган қисмида бошқа шахслардан ундирилиши:

► агар солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан оладиган тушуми ёки бошқа даромадлари бошқа шахсларнинг банкдаги ҳисобварақларига келиб тушган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши;

► агар солиқ тўловчи солиқ текшируви тўғрисида билган пайтдан эътиборан ўзининг пул маблағларини ёки бошқа мулкини ўзга шахсларга берган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи ушбу шахслардан ундирилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, солиқ қарзини бошқа шахснинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундириш қоидалари, товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинадиган тушум, бошқа даромадлар, пул маблағлари ёки бошқа мулк ўзга шахсларга бир нечта операциялар орқали ўтказиб берилганлиги аниқланган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Бунда бошқа шахслардан солиқ қарзини ундириш солиқ тўловчининг реализация қилинган товарлари (ишлари, хизматлари) учун келиб тушган тушум, бошқа даромадлари, у томонидан ўтказилган пул маблағи ёки мол­мулкнинг қиймати доирасида амалга оширилади.

Ўз навбатида, солиқ органи мазкур шахслар тўғрисида ўзида мавжуд бўлган ахборот асосида ва солиқ тўловчининг солиқ қарзи миқдорига боғлиқ тарзда ушбу қарзни ундиришни кўрсатилган қайси шахслардан ва қандай нисбатда ундиришни амалга оширишни мустақил белгилайди ва ҳар қандай ҳолатда ҳам солиқ қарзини бошқа шахслардан ундириш суд тартибида амалга оширилади.

Солиқ қарзини суд тартибида ундириш асосан, солиқни тўлаш мажбурияти солиқ органи томонидан битимни тавсифлашни, солиқ тўловчининг мақомини ёки фаолияти хусусиятини ўзгартиришга асосланган бўлса ҳамда ўзаро алоқадор шахслар ўртасида битимлар тузилиши муносабати билан трансферт нарх белгилаш чоғидаги солиқ назорати натижаларига кўра юзага келган бўлса амалга оширилади.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.