ЗАРАР УЧУН ТЎЛОВДАН СОЛИҚ ОЛИНАДИМИ?

Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси Қудратилла ИСЛОМОВ яқиндан кўмаклашди.

– Корхона ёки очиқ акционерлик жамиятлари яқинида истиқомат қилувчи, меҳнат билан шуғулланувчи ходимлар, фуқаролар учун етказилган зарар ўрнини қоплаш учун тўланадиган тўловдан, яъни (вредность) солиқ олинадими? Эшитишимча, чет элда бу турдаги тўловлардан солиқ олинмас экан?

Ҳусниддин Жумаев, Самарқанд вилояти, Нуробод тумани.

– Ер юзида йилига 7 миллион киши ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши натижасида вафот этмоқда. Айниқса Осиё ва Африка қитъаси мамлакатлари бу кўрсаткич бўйича юқори ўринларда туради. Маълумотларга кўра, бу кўрсатгич йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бунинг сабаби нима? Бугунги кунда ер шари саноат, транспорт, чиқиндилар, қишлоқ ва уй хўжалиги каби 5 та асосий техноген манбалардан ифлосланиб бормоқда.

Шу ўринда саноат чиқиндилари, атмосфера ҳавосига ташланаётган қатор зарарли моддалар: углерод монооксиди, қўрғошин, карбонат ангидрид гази, азот оксиди инсон саломатлиги учун катта хавфни юзага келтирмоқда. Мазкур ҳолатда корхона ёки очиқ акционерлик жамиятлари ҳудудида истиқомат қиладиган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган фуқароларга етказилган зарар (вредность) тўловини амалга оширишади.

ЗАРАР УЧУН ТЎЛАШ ТАРТИБИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДА ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНГАН?

Одатда, оғир мажбуриятлар, ёмон, зарарли иш шароитлари Иш ҳақи миқдорининг меҳнат шароитларига боғлиқлиги, меҳнатнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндисини ҳисобга олган ҳолда ўзгариб туриши билан изоҳланади. Иш берувчи ишчиларга меҳнат шароитлари ва уларга берилган имтиёзлар ва компенсациялар тўғрисида ишчиларни ўз вақтида хабардор қилиши шарт (2016 йил 22 cентябрдаги ЎРҚ-410 Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 23-моддаси).

Қийин, зарарли ва хавфли шароитларда ишлаш учун, айрим тоифадаги ишчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда қўшимча тўловлар ва бонуслар ундирилади. Масалан, соғлиқ учун хавфли ва айниқса оғир меҳнат шароити бўлган ҳудудларда ишлаётган тиббий ва фармацевтика ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасаларининг тиббий ва фармацевтика ходимларига иш ҳақини тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомга мувофиқ белгиланган миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади, дея қайд этилган 2005 йил 276-сонли (Бундан кейинги 276-сонли қарор) қарорида.

Бундан ташқари табиий-иқлим шароитида қўшимча харажатларни талаб қиладиган иш ва яшаш жойлари, ходимлар учун ортиб борувчи харажатлар, уларнинг иш ҳақи миқдори туман коэффициенти ёрдамида (оширилиши ёки оширилмаслиги) тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 апрелдаги 210-сонли қарорига мувофиқ иш олиб борилган. 2019 йил 1 январдан бошлаб уларнинг ҳаракати тўхтатилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сонли қарори билан “Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

ЎТА ЗАРАРЛИ МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИДА ИШЛАГАНЛАР УЧУН…

Солиқ кодексининг 174-­моддаси 1-­бандига мувофиқ Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (компенсациялар) жумласига қуйидагилар киради:

Табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловлар (иш стажи учун устамалар, баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун белгиланган коэффициентлар бўйича тўловлар). Бунда юридик шахслар ходимларининг чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғли ва табиий-иқлим шароити ноқулай ҳудудларда ишлаганлик учун иш ҳақига коэффициентлар ҳисоблашнинг энг юқори суммаси ҳисоблаш санасидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида белгиланади.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 174-моддаси биринчи ва иккинчи бандларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган касблар ва ишлар рўйхати бўйича оғир, зарарли, ўта зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун устамалар, шу жумладан шундай шароитлардаги узлуксиз иш стажи учун иш ҳақига устамалар тўланади.

Солиқ кодексининг 186-моддаси тўртинчи қисмига биноан, жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан совға, моддий ёрдам ва бошқа турлардаги ёрдам олган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш жисмоний шахс даромадлари тўғрисида декларация топширганда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, зарар учун тўлов озиқовқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ҳамда йўл чипталарининг қийматини қоплаш учун, дам олиш куни ишлаганлиги учун, меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқа ҳолатда шикаст етганлик ҳам тўланади.

Бироқ меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш учун Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисмининг 9-бандига кўра ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотдан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотлари фаолият юритиб келаётган ходимларга тўланадиган ҳамда ҳудудида истиқомат қиладиган фуқароларга етказилган зарар учун тўлови жисмоний шахснинг даромади ҳисобланилади ва улардан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ундирилади.

18 ЙИЛЛИК МУАММО ИЖОБИЙ ЕЧИМ ТОПДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси аъзолари томонидан Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Учқудуқ туманида халқ билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Учрашувлар давомида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 10 декабрдаги 594-сонли қарорининг 4-бандига асосан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарларида ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудидаги бюджет ташкилотлари ва муассасалари ишчи ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ҳар ойлик тақдирлаш пули жорий қилинган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳудудлардаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимлари иш жойини ўзгартирса ёки бюджетдан молиялаштирилмайдиган корхона ёки ташкилотда ишлаб, кейинчалик қайтадан бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинса, унинг олдинги иш стажи даври ҳисобга олинмаслиги ҳамда янгидан иш бошлаган ва узлуксиз иш даври ҳисобга олиниши юзасидан эътирозлар билдирилган эди.

Шунингдек, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет ташкилотлари ва муассасаларида кўп йиллик меҳнати учун ишчиларга ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг (Адлия Вазирлигида 13.04.2001 й. 1026-­сон билан рўйхатга олинган) 3-­бандида мазкур ҳудудлардаги бюджет ташкилоти муассасаларида ишловчиларга ҳар ойлик устамалар, яъни етказилган зарар тўловини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар киритилади:

а) Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарларида ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудида жойлашган бюджет ташкилотлари ва муассасаларида ишлаган даври;

б) ходим ҳақиқатда ишламаган бўлиб, бироқ амалдаги қонунчиликка мувофиқ Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудида жойлашган бюджет ташкилотлари ва муассасаларида унинг иш жойи сақланган даври. Мазкур ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилоти ёки муассасаси ишчи ходимларининг иш стажи қандай ҳолатларда узлуксиз, деб ҳисобланиши акс эттирилмаган.

Шундан келиб чиқиб, Молия вазирлигига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига таъкидланаётган ҳудуднинг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича депутатлик сўрови билан мурожаат қилган.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқишни тартибга солиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 15 августдаги 9-2019/қ/қ, 32-сон қарори билан Низомга ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, Низомнинг номи “Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”, деб янги таҳрирда баён этилди.

1-банднинг янги таҳрири “Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин”, деб белгиланди.

1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланди:

“Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар, ходимнинг юқорида келтирилган шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ишлаган иш стажидан келиб чиқиб, қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Иш стажига кўра, ойлик тўловларнинг миқдори, ойлик тариф ставкасининг ёки лавозим окладининг улушида белгиланади, яъни етказилган зарар (вредность) тўлови:
3 йилгача 0,25 %
3 йилдан 5 йилгача 0,5 %
5 йилдан ортиқ 0,75 %.

Ўзгартишларга асосан 3-банднинг 1 ва 2-кичик бандлари ҳам янги таҳрирда баён этилмоқда. Шунингдек, қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилмоқда. Яъни, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотдан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотларига ишга кирганда, иш стажи сақланиб қолиши қайд этилади.

Бир қарашда оддий кўринадиган ана шу ўзгартиш Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги минглаб юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқи таъминланишига, даромади яхшиланишига хизмат қилди.

ЧЕТ ЭЛДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР ТЎЛОВИ УЧУН СОЛИҚ УНДИРИЛМАЙДИ(МИ?)

Дунёдаги турли мамлакатлар ўзларининг иқлим шароити, иқтисоди ва яшаш тарзидан келиб чиққан ҳолда фуқароларининг соғлиғига етказилган зарар учун маблағ тўлайди.

Хусусан, АҚШда мазкур етказилган зарар учун тўловлар билан Меҳнат департаменти шуғулланади. Департаментнинг Ишчиларни компенсация қилиш дастурлари ногиронлик бўйича тўланадиган тўртта асосий дастурни бошқаради. Булар қуйидагилар:

1. Иш жойида жароҳат олган ишчиларга етказилган зарар (вредность) тўловини ундириш.

2. Оғир меҳнат шароити туфайли касбий касалликка чалинган ишчиларга етказилган зарар тўловини ундириш.

3. Федерал ишчиларга ёки уларнинг қарамоғидаги ишчиларга иш ҳақини алмаштириш бўйича имтиёзлар ундириш.

4. Тиббий муолажалар, касбий реабилитация ва бошқа имтиёзларни таъминлаш билан шуғилланади.

Хусусий компаниялар ёки давлат ва маҳаллий давлат идораларида ишлаётганда ишда шикастланган шахслар давлат ишчиларининг иш ҳақини тўлаш кенгашига мурожаат қилишлари керак. Меҳнат департаментида иш билан боғлиқ шикастланишлар ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бир нечта дастур мавжуд.

Бундан ташқари, дастурларнинг махсус ўрганиш ва тиббий хулосалар асосида иш жойидаги шикастланиш натижасида молиявий юкни камайтириш орқали тегишли низом ва қоидаларга биноан қамраб олинган махсус ходимлар гуруҳи “Ишчиларининг касбий касалликларни қоплаш дастури”дан, “Федерал ходимларнинг иш ҳақини тўлаш дастури”дан, “Лонгшоре ва Лиман ишчиларига компенсация дастури” ва “Қора ўпка учун имтиёзлар дастури”- дан ўзларига компенсация ундиришлари мумкин. Бу ҳам етказилган зарар тўловининг бир кўриниши ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда “Саломатлик режалари дастури”га биноан агар иш берувчи ўз ходимларига, шу жумладан, ишчининг турмуш ўртоғига ва қарамоғида бўлганларга бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқни сақлаш суғуртаси харажатларини тўласа, иш берувчининг тўловлари иш ҳақи эмас ва ижтимоий таъминот, тиббий хизмат ва FUTA (Федерал ишсизлик солиғи тўғрисидаги қонун) солиқларига ёки федерал даромад солиғига тортилмайди.

Умуман олганда, ушбу истисно узоқ муддатли тиббий хизмат малакали суғурта шартномаларига нисбатан ҳам қўлланилади.

Тўлов тури – асосий иш шароитлари сифатида ходимларнинг соғлиғига таъсир қилувчи муҳим омиллардан бири. Касбий хавфсизлик ва соғлиқни сақлашнинг анъанавий тадқиқот соҳасида асосий хавфли омиллар сифатида фақат физик, кимёвий, биологик ва эргономик омиллар кўриб чиқилади. Бошқарув омиллари ва асосий иш шароитлари, масалан, иш вақти ва тўлов тури ҳисобга олинмайди. Ушбу ҳужжат эвристик тадқиқот сифатида тўлов тури ва турли хавфли омиллар таъсирини ўрганишни мақсад қилган.

Аммо Жанубий Кореяда бу муносабатлар бўйича нисбатан кам тадқиқотлар олиб борилган. Тўлов турлари жуда хилма-хил бўлиб, улар кўпинча турли ходимларга ҳар хил қўлланилади. Шундай қилиб, ҳар бир бўлинма учун турли хил тўлов тизимлари, иш шароитлари, ишчиларнинг соғлиғи ҳолати, бахтсиз ҳодисалар ва бошқалар тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базасини яратиш осон иш эмас. Иш ҳақи сифатида тўланадиган даромад, одатда, белгиланган асосий иш ҳақи, иш ҳақи ставкалари, қўшимча иш ҳақи, ёмон ва хавфли меҳнат шароитлари, якшанба куни иш ҳақи ва фойдани тақсимлашга асосланган бошқа тўловлардан иборат. Бироқ Жанубий Кореяда ходимнинг иш ҳақидан ташқари етказилган зарар тўлови ҳам даромад тури ҳисобланади ва ундан солиқ ундирилади. Бу ҳолат қарийб дунёнинг 70 фоиз давлатларида шундай талқин этилади. 20 фоиз давлатларда эса етказилган зарар тўлови тўлиқ қонун билан қамраб олинмаган. Яъни ҳужжат билан тартибга солинмаган. Бироқ АҚШ тоифасидаги 10 фоиз давлатларда етказилган зарар тўлови даромад манбаи сифатида кўрилмайди ва ундан солиқ ундирилмайди.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ
тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.