ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: (Солиқ мажбурияти бажарилишини таъминлаш усуллари давоми)

(Ўтган қисми)

Солиқ қарзи узилган ёки мол-мулк гарови тўғрисида шартнома тузилган тақдирда, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарор солиқ органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан бекор қилинади ва бу ҳақда солиқ тўловчи қарор қабул қилинган кундан кейин беш кун ичида хабардор қилинади.

Мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарор мол-мулк хатлаб қўйилган пайтдан то ушбу қарор уни чиқарган солиқ органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан бекор қилингунга қадар ёхуд ушбу қарор юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилингунга қадар амал қилади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир солиқ мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида хатлаш қоидалари қуйидаги хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади:

► биринчи навбатда ушбу солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг молмулки хатланади;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг мол­мулки ушбу солиқ мажбуриятини бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, солиқ органи етишмаган сумма қисмида ушбу консолидациялашган гуруҳнинг бошқа иштирокчиларига тегишли молмулкни хатлашга ҳақли. Бунда солиқ органининг раҳбари солиқ тўловчилар тўғрисидаги мавжуд ахборот асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг бошқа иштирокчилари молмулкини қайси кетма­кетликда хатлашни мустақил равишда белгилайди.

Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширмайдиган чет эл юридик шахсининг кўчмас мулки объекти, мазкур кўчмас мулки объектининг қиймати ундириладиган солиқ қарзи суммасидан ортиқ бўлганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу чет эл шахсининг ундирув қаратилиши мумкин бўлган бошқа мол-мулки бўлмаган тақдирда хатланади.

Солиқ мажбуриятини таъминлашда банк муассасаларининг вазифалари ва жавобгарликлари

2020 йилдан амалиётга жорий этилган Солиқ кодексида солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини таъминлашда банк муассасаларининг фаолияти кенгайтирилиб, белгиланган вазифаларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари қайта кўриб чиқилган.

Жумладан, кодекснинг 90-моддасида, солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти унинг пул маблағларини банкдаги ҳисобварағи орқали бюджет тизимига тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказиш орқали амалга оширилишидан келиб чиқиб, кодексда банклар томонидан солиқларни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини бажариш тартиблари белгиланган (90-модда).

Унга мувофиқ, банклар солиқ тўловчининг пул маблағлари ҳисобидан солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасини шунингдек солиқ органининг солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномасини фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган навбат бўйича бажаришлари шарт.

Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси бундай топшириқнома банк томонидан олинган кундан кейинги бир операция куни ичида бажарилиши лозим. Агар солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлиб, реквизитлар тўғри кўрсатилган бўлса банк тўлов топшириқномасини ёки инкассо топшириқномасини бажаришни кечиктиришга ҳақли эмас.

Агар, солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағларининг йўқлиги ёки етарли эмаслиги сабабли, солиқ органининг инкассо топшириқномасини белгиланган муддатда бажаришнинг имкони бўлмаса, банк белгиланган муддат тугаганидан кейинги кундан кечиктирмай солиқ органини унинг инкассо топшириқномаси бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Ушбу мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун банклар кодексда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Лекин жавобгарлик чораларининг қўлланилиши банкни солиқ тўловчининг топшириқномасини ёки солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

Яна бир муҳим масала, Солиқ кодексида банклар томонидан солиқ тўловчиларнинг топшириқномаларини ва солиқ органларининг инкассо топшириқномаларини бажарганлик, шунингдек солиқ тўловчиларга ортиқча тўланган (ундирилган) солиқлар, пенялар ва жарималар суммаларини қайтарганлик бўйича хизматлар кўрсатилганлиги учун ҳақ ундирилмаслиги таъкидланган.

Кодекснинг 111-моддасида банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш қоидалари белгиланиб, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши, операцияларни ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкинлиги:

● бундай ҳолатда, яъни солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилиши белгиланган.

Амалдаги солиқ маъмурчилигига киритилган ўзгаришда, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор электрон шаклда солиқ органи томонидан банкка юборилиши, бир вақтнинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабарнома тўхтатишнинг сабабларини кўрсатган ҳолда юборилиши жорий этилган.

Ўз навбатида, кодексда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органи томонидан мазкур солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳолларда қўлланилиши белгиланган:

1) ушбу солиқ тўловчи томонидан солиқ органига молиявий ва солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда;

2) солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда ёки солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога киришига тўсқинлик қилинганда. Мазкур ҳолатда солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши далолатнома билан расмийлаштирилади ва далолатнома банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга асос бўлади;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.

Қайд қилиш лозимки, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши дейилганда банклар томонидан солиқ тўловчининг барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операцияларининг тўхтатиб турилиши тушунилади.

Лекин мазкур таъқиқ, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ биринчи навбатда кўрсатилган тўловлар учун, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган банклардаги ҳисобварақларга нисбатан татбиқ этилмайди.

(давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.