ИШГА КИРИШДА ДАСТЛАБКИ СИНОВ КИМЛАРГА НИСБАТАН ҚЎЛЛАНИЛМАЙДИ?

Таҳририятимизга республикамизнинг турли вилоятларидан меҳнат қонунчилигига доир бир қатор саволлар келиб тушмоқда. Мазкур мурожаатларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Саволларга юридик фанлари номзоди, доцент Жаҳонгир ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди.

– Давлат корхонасининг мулкдори алмашган тақдирда корхона раҳбари ва унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 6-бандига асосан бўшатилиши мумкинми?

– Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги. Мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида бекор қилишга йўл қўйилади. Ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди.

Бироқ бу вазиятда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорига алоҳида аҳамият қаратиш керак.

Мазкур қарорнинг 40-бандида шундай қоида мавжуд: – корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра бекор қилиниши билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда ҳақиқатда корхона эгаси алмашган-алмашмаганини аниқлаши зарур. Жумладан, давлат корхонасининг бўйсуниш тизими ўзгаришини мулкдор алмашуви деб қараб бўлмайди.

Бу ҳолатда судлар Олий суд пленуми қарори талабларига риоя этишлари турган гап ва давлат корхоналарининг бўйсуниш тизими ўзгарганлиги ҳолатида меҳнат шартномасини бекор қилинганлигини ноқонуний деб топишлари мумкин.

Бироқ бошқа томондан давлат корхонасининг хусусийлаштирилиши муносабати билан хусусий мулкчилик шаклига ўтиши ёки хўжалик жамияти шаклига ўтиши муносабати билан мулкдор ўзгарганда корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра бекор қилиниши қонунийдир.


“Дастлабки синов ҳақида батафсил маълумот берсангиз”

– Ишга қабул қилишда дастлабки синов нима, у қандай белгиланади, унинг муддати қанча, бу давр иш стажига киритиладими, унинг аҳамияти нимада? Иш берувчи дастлабки синов даврида истаган пайти сабабсиз ходимни 3 кун олдин огоҳлантириб ишдан бўшатиши ёки ходим бу даврида меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинми? Аризани қайтариб олиш мумкинми? Ходимнинг лавозимини оширишда, бошқа юқорироқ лавозимга ўтказишда дастлабки синов белгиланадими? Бу кимларга нисбатан қўлланилмайди? Илтимос, меҳнат фаолиятидаги дастлабки синовга оид барча саволларга батафсил жавоб берсангиз?

– Ишга киришда фуқаро билан меҳнат шартномаси тузишда дастлабки синов муддати белгилаши мумкин. Дастлабки синов белгилашдан мақсад ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш ёки ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши бўлиши мумкин.

Дастлабки синов қандай белгиланади?

Меҳнат кодексининг 84-моддаси 2-қисмига кўра, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади. Меҳнат шартномасида дастлабки синов муддати кўрсатилиб ўтилсагина ходимга нисбатан дастлабки синов қўлланилган бўлади.

Дастлабки синовнинг муддати қанча?

Дастлабки синов муддати Меҳнат кодексининг 85-моддасига кўра уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди.

Дастлабки синов даври иш стажига киритиладими?

Меҳнат кодексининг 86-моддасига кўра дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилади.

Дастлабки синов даврида ходимга рағбатлантириш, интизомий жазолар қўллаш, мукофотлар бериш мумкинми?

Меҳнат кодексининг 86-моддасига кўра дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади. Демак, оддий ходимларга қандай тартиб бўлса, дастлабки синовдаги ходимларга ҳам худди шундай тартиб-қоидалар қўлланилади.

Дастлабки синовнинг аҳамияти нимада?

Дастлабки синовнинг аҳамияти шундаки, унинг натижаси салбий бўлганда, яъни ходим белгиланган вазифаларни бажара олмаган тақдирда иш берувчи уни соддалаштирилган тартибда, яъни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлади.

Дастлабки синов муддати тугагач, иш берувчи фақатгина умумий асосларда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлади. Умумий асосларга кўра эса иш берувчи ўз хоҳиши билан Меҳнат кодексининг 100-моддасидаги асослардан бири бўлмаса, ходимни ишдан бўшата олмайди.

Иш берувчи дастлабки синов даврида истаган пайти сабабсиз ходимни 3 кун олдин огоҳлантириб ишдан бўшатиши мумкинми?

Иш берувчи фақатгина дастлабки синов натижаси салбий эканлиги асоси билан бу даврда ходимни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Ходим ҳам дастлабки синов даврида меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинми?

Ҳа, ходим дастлабки синов даврида истаган пайтида ҳеч қандай асоссиз соддалаштирилган тартибда, яъни иш берувчини уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Юқоридаги ҳолатларда уч кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартириш мумкинми?

Ҳа, фақатгина тарафларнинг келишуви билан қисқартириш мумкин.

Ходим ўзи берган аризасини уч кунлик муддат ўтмасдан қайтариб олишга ҳақлими?

Ҳа, ҳақли. Иш берувчи бундай ҳолатда ходим ариза берган кундан бошлаб уч кун ичида меҳнат шартномасини бекор қилмай туриши керак. Чунки ходим ҳали аризасини қайтариб олиши мумкин.

Аризани қайтариб олиш қандай амалга оширилади?

Аризани “қайтариб олиш” янги ариза ёзиш йўли билан ишни давом эттириш ҳамда аввалги аризасини кучдан қолдиришни сўраш орқали амалга оширилади.

Ходимни лавозимини оширишда, бошқа юқорироқ лавозимга ўтказишда дастлабки синов белгилаш мумкинми?

Йўқ, дастлабки синов фақат ва фақат корхонага шу ходимни биринчи марта ишга қабул қилишда қўлланилади.

Дастлабки синов кимларга нисбатан қўлланилмайди?

Меҳнат кодексининг 84-моддаси 3-қисмига кўра, қуйидаги ходимлар ишга қабул қилинганда иш берувчи уларга нисбатан дастлабки синов қўллашга ҳақли эмас:

► ҳомиладор аёллар;

► уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар;

► корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар (квоталанган иш ўринларидан борган шахслар);

► ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари;

► олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинган ходимлар.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.