Мавзу давоми: Жисмоний шахслар томонидан юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик шакллари (2)

Боши:

 

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъекти

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган “Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ белгиланган:

► оилавий тадбиркорлик – эрхотин томонидан уларга биргаликдаги умумий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган уларнинг умумий мулки негизида амалга ошириладиган ҳамда эр­хотиннинг ва уларга ёрдам берувчи оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган, юридик шахс бўлмаган жисмоний шахсларнинг биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятидир;

► оила аъзолари – эрхотин, ота­оналар, 15 ёшдан ошган болалар, набиралар, ака­укалар ва опа­сингиллар, уларнинг эр­хотинлари бўлиши мумкин.

Мазкур оилавий тадбиркорлик субъекти 3 нафаргача доимий ишчиларни меҳнат шартномаси асосида ёллашга ҳақли (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3856-сон қарори).

Оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Оилавий тадбиркорлик субъектни давлат рўйхатидан ўтказишда якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда якка тартибдаги фаолиятнинг оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши, шунингдек биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи оила аъзоларининг номи ва идентификация рақамлари (СТИР) кўрсатилади.

Оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда фаолиятни амалга оширишда оилавий тадбиркорлик субъекти номидан эр-хотиндан бири улардан биттасининг нотариал тасдиқланган розилигига кўра иш кўради.

Оилавий тадбиркорликни амалга ошириш жараёнида оила аъзолари ўртасидаги ўзаро меҳнат муносабатлари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва даромадни тақсимлаш масалалари улар томонидан мустақил равишда тартибга солиб борилади.

Оилавий тадбиркорлик субъекти якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган рўйхат (Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган) бўйича фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик фаолиятида 18 ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан уларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда фойдаланиш тақиқланади. Кўрсатиб ўтилган ишларда 18 ёшдан кичик шахсларнинг белгиланган нормалардан ортиқча оғирликдаги юкларни кўтаришига ва ташишига йўл қўйилмайди.

Оилавий тадбиркорлик фаолиятида қатнашаётган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар учун бир ҳафтада 36 соатлик, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса – бир ҳафтада 24 соатлик иш вақтидан ошмаслиги лозим.

Мазкур оилавий тадбиркорлик субъекти шаклида тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда, фақат оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрадиган якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси даромад солиғини тўловчи бўлади.

Бунда оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрадиган аъзоси даромад солиғини қатъий белгиланган суммада ёки жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда тўлаши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик субъекти томонидан бир нечта алоҳида объектларда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда даромад солиғи ҳар бир алоҳида объект учун тўланади.

Шунингдек, оилавий тадбиркорлик субъектининг якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқни тўлайди.

Бундан ташқари, унинг зиммасига оилавий тадбиркорлик субъектининг бошқа аъзолари учун (бундан ўн саккиз ёшга тўлмаганлар мустасно) ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ижтимоий солиқни тўлаш юклатилади.

Шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик субъекти қонун ҳужжатларида якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриши ёки тугатиши, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши, давлат солиқ хизмати органига солиқ ҳисоботларини тақдим этиши лозим.

Ҳунармандчилик фаолияти

Ҳунармандчилик фаолияти (ҳунармандчилик) – юридик шахс бўлмаган жисмоний шахсларнинг ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлари, хизматлари)ни ишлаб чиқариш бўйича фаолиятидир.

Ҳунарманд (уста-ҳунарманд, уста) – мустақил равишда ёки шогирдлари ёрдамида махсус кўникмалар, асбоблар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланишга асосланган анъанавий технологиялар асосида буюмларнинг функционал хусусиятларининг тарихан қарор топган талабларига ҳамда миллий эстетик нормаларга жавоб берадиган ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрловчи жисмоний шахс.

Ҳунарманднинг шогирди – 15 ёшдан ошган, ҳунарманддан ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни ўрганаётган жисмоний шахс.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

Гувоҳномада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ-5242-сон Фармони билан тасдиқланган ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (иш, хизмат кўрсатиш) турлари кўрсатилади.

Шунингдек, ҳунарманд белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлади.

Ҳунармандчилик фаолияти ҳунарманд томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган йўналишлар бўйича амалга оширилади. Ҳунарманд ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишда кўпи билан 5 нафар шогирдни жалб этишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4539- сон Қарори билан “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри” жорий этилган.

Миллий каталог ва Реестрга нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танлов каби тадбирларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилган, тегишли соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эга, туристик маршрутдаги манзил бўйича фаолият юритувчи, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётган ҳунармандлар киритилади.

Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун жалб этиладиган шогирдлар сони чекланмайди.

Шахс 16 ёшга тўлганда буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин. 15 ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босадиган шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин.

Ҳунармандчилик фаолиятида 18 ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишда юқорида оилавий тадбиркорлик субъекти аъзоларининг фаолиятини ташкил этиш бўйича кўрсатиб ўтилган талаблар амал қилади.

Ҳунарманд ва шогирдлар ўртасидаги муносабатлар ўзаро аҳдлашув, ихтиёрийлик, меҳнатга мажбур қилишга йўл қўймаслик ва ижтимоий адолат, иш муомаласи одатларига, шунингдек маҳаллий одатларга ва анъаналарга риоя қилиш асосида қурилади.

Ҳунарманднинг шогирдларига иш ҳақи тўлаш миқдори ҳунарманд томонидан ўзаро келишув бўйича, уларнинг буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқаришдаги меҳнат улушидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ҳунарманд шогирдлари томонидан ишлаб чиқарилган буюмлар сифатини назорат қилади.

Ҳунармандчилик субъектлари – “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда даромад солиғидан озод этилган.

Шунингдек, ҳунарманд ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқни тўлайди.

Янги рўйхатдан ўтган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йилида ижтимоий солиқни ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

“Уста-шогирд” мактаблари ўқувчилари томонидан улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврида йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ижтимоий солиқни тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонига асосан карантин тадбирлари даврида фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар ижтимоий солиқни энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига (111 500 сўм) пасайтирилганлиги оилавий тадбиркорлик субъекти ва ҳунармандлар учун ҳам татбиқ этилади.

Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар томонидан календарь йилида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн. сўмдан ошган, бироқ 1 млрд. сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун айланмадан солиқ ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади.

Календарь йилидаги товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади 100 млн. сўмдан ошган оилавий тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар белгиланган тартибда айланмадан солиқ ёки қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
Давлат солиқ қўмитаси, давлат солиқ бош инспектори

(Давоми бор)


НА РУССКОМ:

 

 


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.