ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқ мажбуриятини бажарилишини таъминлаш усуллари 110-114 моддалар)

(Ўтган қисми)

Солиқ тўловчи томонидан солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилиши банк кафолати билан таъминланган солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаганда, солиқ органи талабномани бажариш муддати тугаган кундан беш кун ичида кафолат берувчига банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш ҳақида талабнома юборади.

Банк кафолати бўйича мажбурият кафолат берувчи томонидан у банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисида талабнома олган кундан эътиборан беш кун ичида бажарилиши лозим.

Кодекс қоидаларида кафолат берувчи солиқ органига банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмаслиги белгиланиб, мазкур қоидалар пенялар ва жарималарни тўлаш бўйича мажбуриятларга нисбатан ҳам қўлланилиши қайд этилган.

Кодексда Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ёки чет эллик юридик шахс томонидан солиқни тўлаш мажбурияти халқаро рейтинг агентликларининг юқори рейтингига эга бўлган чет эл банкининг банк кафолати билан таъминланиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, солиқ ислоҳотлари билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларда муддатида тўланмаган солиқлар учун ҳисобланадиган пеняни ҳисоблаш тартибларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, кодекснинг 110-моддасида, солиқ тўловчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган солиқларни тўлаш муддатини бузган тақдирда тўлаши лозим бўлган пул суммаси пеня деб эътироф этилиши ва солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлашга доир бошқа чоралар, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари қўлланилишидан қатъи назар, пеня тўланиши белгиланган.

Шу билан бирга, кодексда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун пеня ҳисобланиши, ҳаттоки, солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисида ариза берилганда ҳам тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига пеня ҳисобланиши таъкидланган.

Фақатгина қуйидаги ҳолларда, солиқ органининг солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларнинг тўхтатиш ёки пул маблағларига тақиқ қўйилиши шаклидаги таъминот чоралари бўйича қарори қабул қилинганлиги сабабли тўлай олмаган солиқ қарзига:

► молия ёки солиқ органининг солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳақида ёки солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича солиқ тўловчига ёки номуайян доирадаги шахсларга берилган ёзма тушунтиришларни бажариши натижасида солиқ тўловчида ҳосил бўлган солиқ бўйича қарз суммасига;

► солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида солиқ органининг солиқ тўловчига юборилган асосли фикрини бажариши натижасида солиқ тўловчида ҳосил бўлган солиқ бўйича қарз суммасига пеня ҳисобланмаслиги мумкинлиги қайд этилган.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, пеня солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб, ҳар бир кечиктирилган кун учун фоизларда ҳисобланади. Унинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади ва пеня тегишли солиқ тўланадиган бюджетга тўланади.

Масалан, солиқ тўловчи юридик шахс 2020 йил биринчи чорак ҳисобот бўйича ҳисобланган 100,0 млн. сўм фойда солиғини шу йилнинг 20 апрелига қадар тўлаши керак эди. Лекин корхона солиқни белгиланган муддатда тўлаш имкони бўлмагани учун солиқни 30 апрелда муддатидан 10 кун кечиктириб тўлади.

Мазкур ҳолатда кечиктириб тўланган 10 кун учун пеня қуйидагича ҳисобланади. Дастлаб пеня фоизи аниқланади. Бунда 2020 йил 20 апрель ҳолатига Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини билишимиз зарур, бу – 16 фоиз. Демак, пеня ставкаси 0,0533% (16/300=0,0533) фоизни кечиктирилган 10 кун учун пеня миқдори 5330,0 минг сўмни (100,0 млн. сўм*0,053*10 кун ) ташкил қилади.

Пеня солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, шунингдек солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан, юридик ва жисмоний шахслардан кодексда белгиланган тартибларда ундирилади.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, солиқ органининг солиқ тўловчининг мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини чеклашга доир ҳаракати солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарорнинг бажарилишини таъминлаш усулларидан яна бири мол-мулкини хатлаш усули ҳисобланади (114-модда).

Мол-мулкни хатлаш солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаган ёки йўқ бўлган тақдирда солиқни (пеняни, жаримани) тўлаш мажбурияти унинг ана шу мол-мулки ҳисобидан бажарилишини таъминлаш учун солиқ органи томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига юборилгандан сўнг қўлланилади.

Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича мол-мулкига тақиқ қўйиши мумкин.

Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш тўлиқ, яъни барча мол-мулки ёки қисман яъни солиқ қарзини узиш учун зарур ва етарли бўлган мол-мулкни хатлаб қўйилиши мумкин.

Мол-мулкни тўлиқ хатлашда, солиқ тўловчининг ўз мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини шундай чеклашки, бунда у хатланган мол-мулкни тасарруф этишга ҳақли эмас, ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш эса солиқ органининг рухсати билан ҳамда унинг назорати остида амалга оширилади.

Мол-мулкни қисман хатлашда, солиқ тўловчининг ўз мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини шундай чеклашки, бунда ушбу мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш солиқ органининг рухсати билан ва унинг назорати остида амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбарияти томонидан тегишли қарор асосида холислар иштирокида амалга оширилади.

Бунда мол-мулкни хатлашни амалга оширувчи орган мол-мулкни хатлаш чоғида солиқ тўловчининг иштирок этишини рад қилишга ҳақли эмас ва хатлашни амалга оширувчи мансабдор шахслар солиқ тўловчига хатлаб қўйиш тўғрисидаги қарорни ва ўзининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишлари шарт.

Хатлашни амалга оширишда мол-мулкни хатлаш тўғрисида баённома тузилиб, баённомада ёки унга илова қилинадиган рўйхатда хатланиши лозим бўлган мол-мулк санаб ўтилади ва тавсифланади, ашёларнинг номи, миқдори ва хусусий аломатлари, имкони бўлганда уларнинг қиймати кўрсатилади ҳамда хатланиши лозим бўлган барча ашёлар холисларга ва солиқ тўловчига кўрсатилади.

Таъкидлаш жоизки, мол-мулкни хатлаб қўйиш тўғрисида қарор чиқарган солиқ органининг раҳбари хатлаб қўйилган мол-мулк туриши лозим бўлган жойни белгилайди ва хатлаб қўйилган мол-мулкни бошқа шахсга беришга, йўқ қилишга ёки яширишга йўл қўйилмайди.

Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ, мол-мулкни хатлаб қўйиш тўғрисида ўзига нисбатан қарор қабул қилинган солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ органи мол-мулкни хатлашни мол-мулк гаровига алмаштириши мумкин.

(давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.