ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ БЎCТОНЛИҚДА ЯНГИ АМАЛИЁТНИ СИНОВДАН ЎТКАЗАДИ

Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 12 июндаги “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш ва унга кўчмас мулк объектлари ижарага берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартиби ҳақида вақтинчалик низомни тасдиқлаш тўғрисида” 3243-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга биноан Давлат солиқ қўмитаси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш ва унга кўчмас мулк объектлари ижарага берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартиби ҳақида вақтинчалик низом тасдиқланди.

Вақтинчалик низом қуйидагиларни ўзида мужассам этган:

► мол-мулкни ижарага беришни солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларга бериладиган махсус гувоҳномалар асосида амалга ошириш;

► мол-мулкни ижарага бериш билан боғлиқ операциялар ҳисобини барпо этиладиган Ягона электрон платформаси орқали амалга ошириш;

► мол-мулкни ижарага бериш билан боғлиқ операцияларни махсус чеклар тизими орқали амалга ошириш.

2021 йил 1 майга қадар тажриба ўтказиладиган даврда жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектлари ва бошқа мол-мулк солиқ органларида ҳисобга қўйилганида тақдим этиладиган гувоҳномага асосан ижарага берилади. Гувоҳнома эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 11 октябрда рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги рўйхат рақами 3077-сонли қарори татбиқ этилмайди.

Вақтинчалик низомга мувофиқ кўчмас мулк объектларига:

● дам олиш уйлари;

● дала ҳовли;

● якка тартибда қурилган уй-жойлар;

● яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар киради.

Низомда назарда тутилган бошқа мол-мулк турларига эса:

► сув транспорти (моторли ва моторсиз, шу жумладан шишириладиган);

► сув мотоцикллари (скутерлар ва бошқалар);

► қорда юрадиган техника воситалари;

► квадрацикллар;

► парапланлар ва дельтапланлар;

► супа, сўри, топчанлар ва шунга ўхшаш дам олиш учун мўлжалланган жойлар кириши белгиланган.

Ижарага бериш тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда солиқ тўловчи ҳақидаги маълумотлар мобиль илова ёки веб-сайт орқали Ягона электрон платформага киритилади. Ягона электрон платформада солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларнинг ижарага берилган кўчмас мулк объектлари ва бошқа мол-мулкларнинг ҳисоби, шунингдек ижарага берувчилар тўғрисидаги ахборот юритилади.

Вақтинчалик низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

● меҳмонхона хизмати билан шуғулланадиган юридик шахсларга;

● оилавий меҳмон уйи хизматлари кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларга;

● вақтинчалик низомда кўрсатилмаган мол-мулкларни ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга.

Гувоҳнома олиш учун жисмоний шахс (ёки унинг ишончли вакили) Ягона электрон платформа орқали белгиланган шаклдаги аризани, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхасини солиқ органига юбориши лозим бўлади.

Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ташкил этиладиган солиқ таянч пунктларига бевосита мурожаат қилиш имконияти назарда тутилган. Бунда ҳужжатлар қоғоз шаклида тақдим этилиши ҳам мумкин.

Бир ёки ундан ортиқ кўчмас мулк объектлари ижарага берилганда тасдиқланган шакл бўйича солиқ солиш объектини ҳисобга қўйиш тўғрисида битта гувоҳнома бепул берилади. Гувоҳноманинг орқа томонида ҳар бир солиқ солиш объектининг QR-коди кўрсатилади. Гувоҳноманинг ҳақиқийлигини QR-кодини ўқийдиган махсус мобиль илова ёрдамида текшириш мумкин.

Жисмоний шахслар кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкни бериладиган махсус чеклар орқали ижарага беради. Ҳар куни жисмоний шахс кун якунига қадар ижарага олувчилар сони ва чеклар бўйича олинган тўловлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни Ягона электрон платформага киритади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тажриба даври тугаганидан кейин тугатилади, бироқ қоидалар бузилган тақдирда у олиб қўйилиши ҳам мумкин.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.