ЎЗБЕКИСТОНЛИК ФРИЛАНСЕРЛАР ДУЧ КЕЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН МУАММОЛАР

ТАЛАБ ВА ЭҲТИЁЖ

Дунё бўйлаб фрилансерлик фаолиятига талаб ортиб бормоқда. Бозор қонуниятига кўра, харидор имкон қадар сифатли ва арзон харидни хоҳлайди. Сотувчи эса ўз маҳсулотини имкон қадар қиммат сотиш истагида бўлади. Айнан ана шу омил фрилансерлик фаолиятининг оммалашувига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, европалик бизнесмен маълум бир ишни ўз давлатида сифатли бажартириши учун йиллар давомида 1000 доллардан маблағ сарфлаб келган. Бир куни у фрилансерлик ташкилотлари орқали ушбу ишни 100 доллар эвазига сифатли бажариб бера оладиган мутахассислар борлигини тушуниб қолади ва ҳаммаси шундан кейин бошланади…

ФРИЛАНСЕР КИМ ВА У НИМАЛАР БИЛАН ШУҒУЛЛАНАДИ?

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, фрилансерлик фаолияти нима? Кимларга нисбатан “фрилансе” атамаси ишлатилади?

Тарихда биринчи маротаба “фрилансер” атамаси Вальтер Скотнинг “Айвенго” романида “ўрта аср ёлланма жангчиси”га нисбатан қўлланилган. Бугунги кунда эса фрилансер – бу эркин ишчи бўлиб, асосан бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсон тушунилади. Фрилансерлар асосан норасмий равишда фаолият юритишади ва ўз хизматларига харидорларни ўзлари излаб топишади ёки буюртмачилар таклифига кўра иш қилишади.

ҲАММАСИ ҲАМ ИШОНЧЛИ ЭМАС

Бироқ замонавий фрилансерлик фаолияти мутлақо нотаниш кимсадан минглаб чақирим масофада туриб буюртма қабул қилишни талаб этмоқда. Бу эса баъзида алданиб қолиш эҳтимолини ҳам оширади. Шу сабаб фрилансер ўз зиммасига бирор иш олишидан аввал, тизимнинг қандай ишлашини яхшилаб тушуниб олиши, ишончли глобал иш қидириш платформасини тўғри танлаши лозим бўлади. Ҳозирда фрилансерлик фаолияти учун энг ишончли дея эътироф этилаётган қуйидаги онлайн агентликлар мавжуд:

Мазкур веб-глобал иш қидириш платформалари бир-биридан кескин фарқ қилмаса ҳам ишлаш тартибида фарқли томонлари мавжуд.

UPWORK ВЕБ-ГЛОБАЛ ИШ ҚИДИРИШ ПЛАТФОРМАСИ

Калифорния штатида жойлашган upwork веб-глобал иш қидириш платформасини олайлик. Асосий вазифаси ишловчи ва иш берувчи ўртасида даллоллик қилиш бўлган бу компания, 2003 йилдан буён муваффақиятли иш юритиб келмоқда.

Эҳтимолки, компаниянинг муваффақиятига ўзига хос талаблар тизимининг жорий этилганлиги сабабдир. Мисол учун, сиз фрилансерлик фаолияти билан шуғулланишни истаб қолдингиз ва интернет орқали upwork сайтида ўзингиз учун платформа яратмоқчи бўлдингиз. Бунинг учун аввало рўйхатдан ўтишингиз ва ихтисосликни белгилашингиз лозим бўлади. Дейлик сиз, Adobe Photoshop кўп функцияли график муҳарририни танлайдиган бўлсангиз. Компания сизни 100 баллик баҳолаш тизимда Photoshop дастури бўйича имтиҳон қилади. Шундан сўнг, иш қидириш платформасини ярата оласиз. Имтиҳондан қанчалик яхши ўтсангиз, сизга иш берувчилар салмоғи ва тўланадиган иш ҳақи миқдори ҳам белгилаб беради. Бироқ бу ҳали муваффақият дегани эмас. Яъни ўзингизга маъқул келган иш берувчини таклифини қабул қилиш билан бирга унинг шартларига ҳам рози бўлган бўласиз.

Жумладан, иш берувчи иш муддатига, сифатига нисбатан талаб қўйиши мумкин. Бунинг учун у сиз билан элекрон почта ёки бошқа манбалар орқали боғланиб ўзининг талабларини баён қилади. Одатда тажрибали фрилансерлар ўз ишларини қисқа муддатда бир неча вариантлари билан буюртмачига тақдим қилади. Белгиланган муддатдан олдин топширилган ёки буюртмачига танлаш имконини яратиб берган ҳар бир фрилансернинг статуси буюртмачининг иш топширилгандан кейинги кайфиятига боғлиқ. Яъни буюртмачи уни муҳокамалар пешлавҳасида мақтаб ёзса, фрилансерга иш таклиф қилувчилар сони ортади.

Бу эса ўз-ўзидан фрилансернинг меҳнатини янада қимматроқ сота олишига замин яратади. Худди шундай биргина ўз вақтида бажарилмаган иш ёки сифатидан қониқмаган иш берувчининг норози фикри фрилансер статусининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Одатда буюртмачи фрилансерга йирик лойиҳани топширган пайтда телефон қилиш ҳолатлари кўп кузатилган. Бу эса фрилансерлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган одамдан инглиз ёки рус тилларини мукаммал билишини талаб этади. Тасаввур қилинг, тил билмайсиз, аввалги кичик-кичик буюртмаларингизда барча ишни “Google таржимони” орқали муаммосиз бажариб келгансиз. Аммо 5-10 минг долларлик буюртмани қабул қилдингиз, буюртмачи сизга телефон қилади ва сиз унинг бирорта ҳам гапига тушунмайсиз. Ўз-ўзидан буюртма бекор бўлади. Бу эса сизнинг статусингизга салбий таъсир қилади.

2020 ЙИЛ ИЮНЬ ОЙИГА КЎРА…

Spendmenot.com электрон нашрининг маълумотларига қараганда, ушбу фаолият дунё бўйича жуда тез ривожланаётган тизим ҳисобланар экан. – Бугунги кунда Россия федерацияси аҳолисининг 4 ва Ҳиндистон аҳолисининг 1,5 фоизи фрилансерлик фаолияти билан шуғулланар экан. – 2019 йил давомида АҚШ фрилансерлари 1 трлн. долларга яқин маблағ ишлаб топишган. – Бугунги кунда Америкада 57 миллион киши фрилансер бўлиб фаолият юритаркан. – Одатда тажрибали фрилансерлар ҳар йили 70 минг доллар миқдорида даромад олишар экан. – Фрилансерлар ва иш берувчиларни боғлайдиган (upworkка ўхшаган) компаниялар йилига қарийб 300 миллион доллар миқдорида даромад қилишади. – 2019 йил давомида Google`нинг собиқ ходими Франк Отава Fiverr (фрилансерлар учун онлайн-дўкон) орқали 800 000 доллардан кўпроқ маблағ ишлаб топган. – 2020 йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, юридик ташкилотлар ўз брендларини реклама қилиш учун дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи upworkда рўйхатдан ўтган “Freelancer Model”ларига соатига 250 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлашмоқда. – 2030 йилга келиб, фрилансерлар глобал ишчи кучининг 80 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда.

ТЎЛОВЛАР ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Upwork ва шу турдаги даллол агентликлар орқали ишни қабул қилишингиз билан ҳисобингизга ваъда қилинган умумий сумманинг тенг ярми ўтказиб берилади. Бироқ ишни бажармай аванс маблағини қайтаришдан бош тортсангиз, маблағ суд орқали ундириб олинади. Одатда Ўзбекистондаги аксарият фрилансерлар иш ҳақларини Paypal, Webmoney, Qiwi, Yandexmoney, VISA, Master Card, China Union Pay сингари тўлов тизимлари орқали хорижий валютада олишади. Фрилансерларнинг бундай турдаги даромадлари бўйича ҳар бир буюртмачи ўзида мавжуд солиқ қонунчилигидан келиб чиқиб ҳақ тўлайди, фрилансернинг ўзи эса бизда солиқ тўламайди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега Ўзбекистонда фрилансерлик оммалашмаган. Сабаби жуда оддий, бизда интернет тезлиги жуда паст. Фрилансерликда эса дақиқалар ва сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сиз ҳаммадан биринчи топшириқни бажариб, буюртмачига юборгунингизча ҳиндистонлик фрилансерлар ишни топшириб маблағини олишга ҳам улгуришади.

ФРИЛАНСЕРЛАРГА БИР ҚАТОР ҲУҚУҚЛАР БЕРИЛДИ

Шунга қарамай давлатимиз томонидан фрилансерлик фаолиятига қатор имтиёзлар ва ҳуқуқлар берила бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида фрилансерлар учун ҳам қатор ҳуқуқий имтиёзлар берилди.

Хусусан, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар(фрилансинг)га қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

– кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистоннинг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;

– Шартнома тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларини бажариш ҳуқуқи берилди.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.