ПЕНСИЯ ҲАҚИДА САВОЛ ЖАВОБ

Таҳририятимизга муштарийлардан нафақат солиқчилик тизимига оид, балки ижтимоий таъминот соҳасига доир ҳам кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Қуйида ушбу саволлардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик. Саволларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА жавоб берган.

Собиқ иттифоқ даврида олинган фахрий унвонларга қўшимча пенсия тўлови олиш мумкинми?

– Отам Мамасолиев Қурбон 1939 йилда туғилган. Ҳозирда нафақада. У кўп йиллар давомида савдо соҳасида меҳнат қилган ва кўп йиллик меҳнати учун 1979 йилда “Ударник коммунистического труда(Коммунистлар меҳнат зарбдори)” фахрий унвонини олган ва 1988 йилда “Ветеран труда(Меҳнат фахрийси)” медали билан ҳам мукофотланган. Собиқ иттифоқ даврида олинган фахрий унвонларга бериладиган имтиёзлар ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг қайси қонуни билан мустаҳкамланган? Мазкур фахрий унвон ва медали сабаб отам қўшимча пенсия тўлови олиши мумкинми? Агар пенсияга қўшимча олишга ҳуқуқи бўлса ушбу масалада қаерга мурожаат қилиши ва қандай ҳужжатларни тақдим қилиши лозим?

– Аввало, таъкидлаш ўринлики, “Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, ҳозирги кунда “Халқ” ва “Хизмат кўрсатган арбоб” фахрий унвонлари эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида, “Хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,8 баравари миқдорида, “Хизмат кўрсатган” фахрий унвони эгаларига (қолган касблар бўйича) базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,6 баравари миқдорида тўловлар амалга оширилиб келинмоқда. Бироқ, сиз тилга олган унвон ва эсдалик медал учун амалдаги пенсия қонунчилилигида бирор турдаги қўшимча тўловлар қўшилиши белгиланмаган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари 1996 йил 26 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида”ги 227-I-сонли Қонунида ўз аксини топган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 декабрь 2007 йилдаги “Фахрий унвонлар учун тўловлар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-3942- сонли Фармони билан фахрий унвонлар эгаларига тўловлар миқдори тасдиқланган.

“Халқ…” ва “Хизмат кўрсатган…” фахрий унвонларига эга ишламаётган пенсионерларга фахрий унвонлар учун ҳар ойлик тўловлар – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари орқали тўланади.

Шу билан биргаликда, собиқ Иттифоқ фармонларига мувофиқ, “Халқ…” ва “Хизмат кўрсатган…” фахрий унвонларига эга бўлган шахсларга устама ҳақлар Ўзбекистон Республикасида муқобил фахрий унвон даражасида тўланиши белгиланган.

Пенсияларга устама ҳақ олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахслар доимий яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига пенсиясини қайта ҳисоблашга асос бўлувчи ҳужжатлар билан биргаликда мурожаат қилишлари мумкин.

– Ташкилот тугатилса муддатидан олдин кимларга ёшга доир пенсия тайинланади?

– Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин ёшга доир пенсия технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган.

► Эркакларга – 58 ёшдан 60 ёшгача, умумий меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда.

► Аёлларга – 53 ёшдан 55 ёшгача, умумий меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда муддатидан олдин (умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) ёшга доир пенсия тайинланади.

Ишсиз мақомига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсиялар тўлашга харажатларни қоплаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 декабрдаги 357-сон қарорига асосан, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар ойда муддатидан олдин ёшга доир пенсиялар тайинланган шахсларнинг рўйхатини, амалга оширилган харажатларни кўрсатган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик Бош бошқармаларининг Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига етказадилар. Марказ томонидан ҳар ойда пенсия тўланган ойдан кейинги ойнинг 15-санасигача Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи маблағларни ишсиз фуқаро Қонуннинг 7-моддасида белгиланган пенсия ёши (эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлганда) га етгунига қадар ўтказадилар.


Қандай ҳолатларда пенсия миқдори қайта ҳисобланиши мумкин?

– Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги N 938-XII-сонли Қонунининг 49-моддасида пенсияларни қайта ҳисоблаш шартлари баён қилинган бўлиб, унга кўра, пенсияларни қайта ҳисоблаш:

► пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда;

► ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;

► боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;

► энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари ўзгарган тақдирда;

► даромадлар индексация қилинган тақдирда амалга оширилади. Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун ана шундай ҳуқуқ пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин.


Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори қанча?

– Йиллар давомида мамлакат аҳолиси билан биргаликда пенсия ва нафақа олувчилар сони ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил 1 май ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 734 230 нафарни ташкил қилган бўлса, 1991 йил 1 январь ҳолатига (2 158 995 нафарга) нисбатан 1 575 235 нафарга ёки 42,2 фоизга кўпайди. Пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий аҳоли сонидаги улушда ҳам ўсишни кўриш мумкин. 1991 йилда 10,4 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 11,0 фоизни ташкил қилиб, 0,6 фоизга ортган.

Пенсия ва нафақа олувчиларни ҳудудлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг 13,3 фоизи Тошкент шаҳрига, 12,3 фоизи эса Навоий вилоятига тўғри келади. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Андижон вилоятларида 11 фоиздан ортиқ ва Хоразм – 11,0 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, бошқа ҳудудларнинг 9 фоиздан 10 фоизгача бўлган аҳолиси пенсия ва нафақа олувчилар ҳисобланади.

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсия ва нафақа олувчиларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда республика фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан 1991-2020 йилларда пенсия ва нафақаларнинг миқдори 64 маротаба оширилди. 1991 йил 1 январь ҳолатига пенсияларнинг ўртача миқдори 96 сўм 50 тийин бўлган бўлса, 2020 йил 1 май ҳолатига 747 480 сўмга етди.

 


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.