Жисмоний шахслар томонидан юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик шакллари (1)

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда улар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, жисмоний шахслар томонидан юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик шакллари кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ- 4742-сонли Қарори билан ўзини-ўзи банд қилган шахслар даромад солиғидан озод этилиб, улар томонидан бир қанча тадбиркорлик фаолияти турларини мустақил равишда амалга оширишга рухсат берилиши ҳам шулар жумласидандир.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, бугунги кунда жисмоний шахслар томонидан юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг қуйидаги шакллари мавжуд.

► якка тартибдаги тадбиркор;

► якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ходимларни ёллаган ҳолда амалга ошириш;

► юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъекти;

► ҳунармандчилик фаолияти;

► ўзини-ўзи банд қилган ҳолда меҳнат фаолиятини амалга ошириш;

► юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжалиги.

Қуйида жисмоний шахслар томонидан юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириш мумкин бўлган тадбиркорлик шакллари ва уларни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар берамиз.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш

Газетамизнинг авввалги сонларида айтиб ўтганимиздек, якка тартибдаги тадбиркорлар амалга ошириши мумкин бўлган фаолият турлари (Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2011 йилдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган) бўйича Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини турғун объектлар, савдо расталари, павильонлар ва бошқа рухсат этилган жойларда мустақил равишда амалга оширади.

Аҳолига савдо ва пуллик хизматларни кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини белгиланган тартибда назорат касса машинаси ва тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 385-моддасига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрийлик асосида даромад солиғини қатъий белгиланган миқдорларда ёки жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлаши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ тўлаш тартибини қуйидагилар орқали танлашга ҳақли:

1) тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида танланган солиқ тўлаш тартибини кўрсатиш орқали;

2) доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмасдан танланган солиқ тўлаш тартиби тўғрисида билдириш хати тақдим этиш орқали.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан билдириш хати белгиланган муддатда тақдим этилмаслиги унинг солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.

Қатъий белгиланган миқдордаги солиқни тўлашни танлаган якка тартибдаги тадбиркор солиқни фаолият тури ва уни амалга ошириш жойи бўйича белгиланган суммада ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай тўлаши лозим.

Шунингдек, солиқни жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашни танлаган якка тартибдаги тадбиркор солиқ органига жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай, янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлар эса давлат рўйхатидан ўтказилган ойнинг охирига қадар йил давомида кутилаётган даромадлари суммаси тўғрисидаги дастлабки декларацияни тақдим этиши лозим.

Дастлабки декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг ойлик суммаси даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 15 кунигача ҳар ойда тўланади.

Якка тартибдаги тадбиркорга ҳисобланган даромад солиғи суммаси жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий ойлик бадаллар суммасига камайтирилади.

Агар якка тартибдаги тадбиркорнинг календарь йилида товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади 100 млн. сўмдан ошса, белгиланган тартибда айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтади.

Шу билан бирга, даромади 100 млн. сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркор ихтиёрийлик асосида қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғини тўлаш билан бирга ҳар ойда энг кам базавий ҳисоблаш миқдоридан кам бўлмаган суммада (223 минг сўм) ижтимоий солиқни тўлаши лозим.

Ушбу миқдор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ- 5969-сон Фармонига асосан карантин тадбирлари даврида фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига (111 минг сўм) пасайтирилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни олиш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш регистрларида (ҳисобга олиш китоби ва товар чеклари китоби) юритишлари шарт.

Якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни солиқ органига йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этиши лозим.

Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботларини йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтган тадбиркорлар ҳисоботларни юридик шахслар учун белгиланган муддатларда тақдим этади ҳамда бухгалтерия ҳисобини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритади.

Агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга (Давлат хизматлари марказига) ариза бериш билан бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик гувоҳномасини топшириши лозим.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ходимларни ёллаган ³олда амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарори билан тасдиқланган “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркор амалга ошираётган фаолият туридан келиб чиқиб бир нафардан уч нафаргача миқдорда ходимларни ёллаши мумкин.

Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор, фаолиятнинг турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Ёлланган ходимларга тадбиркор сифатида қаралмайди ва улар якка тартибдаги тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

Якка тартибдаги тадбиркор ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) унинг билан ёзма меҳнат шартномасини тузади. Меҳнат шартномасининг муддати якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Меҳнат шартномасида якка тартибдаги тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди. Ходимга меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ёлланган ходимни солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органида рўйхатдан ўтказади. Давлат солиқ хизмати органлари ҳар бир ёлланган ходим учун ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини беради.

Ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорлар тадбиркорлик фаолиятини фақат битта объектда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг зиммасига ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ҳар бир ходим учун Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (111,5 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқни тўлаш юклатилади.

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланадиган ходимлар учун ижтимоий солиқ миқдори унинг белгиланган миқдорнинг 50 фоизини ташкил этиши керак. Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходими учун тўланган ижтимоий солиқ ёлланган ходимларнинг меҳнат стажига қўшилади.

Якка тартибдаги тадбиркор ёлланган ходим учун қатъий белгиланган миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод этилган. (даромад солиғини жами йиллик декларация асосида тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно).

Даромад солиғини жами йиллик декларация асосида тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходим учун тўланадиган иш ҳақи суммасидан 12 фоиз миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаши лозим.

Ёлланган ходим учун солиқларни тўлаш якка тартибдаги тадбиркор томонидан солиқларни тўлаш учун белгиланган муддатларда, меҳнат шартномаси тузилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Ижтимоий солиқни тўлашда тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, идентификациялаш тартиб рақами ва тўловнинг қайси давр учун тўланаётгани мажбурий тартибда кўрсатилган бўлиши керак. Бунда ҳар бир ходим бўйича тўлов топшириқномаси (кирим ордери) алоҳида ёзилади.

Агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатиб турса, у тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширган органга ариза берилган ой мобайнида ҳар бир ходим учун ҳисобга қўйиш карточкаларини давлат солиқ хизмати органига топшириши лозим.

Давлат солиқ хизмати органларига топширилган ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкаси якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ҳар бир ходим учун солиқларни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади.

Ёлланган ходимнинг ҳисобга қўйиш карточкаси давлат солиқ хизмати органига белгиланган муддатларда топширмаган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркорнинг мажбуриятлари бўйича солиқларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатиб турилмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимлар аниқланиши якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан ходимлар сонини яширганлик учун назарда тутилган маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилишига сабаб бўлади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
ДСҚ, давлат солиқ бош инспектори.

Давоми:

ё

НА РУССКОМ:


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.