ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқ мажбуриятини бажарилишини таъминлаш усуллари 106-109 моддалар)

(Ўтган қисми)

Мамлакатимизда солиқ ислоҳотларини ўтказиш борасида амалга оширилган тадбирларда солиқ мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш борасида жорий этилган янги меъёрлар муҳим аҳамият касб этиб, бир томондан давлат бюджети даромадлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишини соддалаштириш назарда тутилган.

Жумладан, Солиқ кодексида белгиланган солиқ мажбуриятининг бажарилишининг мол-мулк гарови, кафиллик ва банк кафолати усулларни халқаро меъёрлардан келиб чиқиб жорий этилиши, солиқ тўловчининг молиявий фаолиятини барқарорлигини таъминлаш билан бирга, муддатида тўланмаган солиқларни ортиғи билан бюджетга тушишини кафолатлайди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида мол-мулк гарови, кафиллик ва кафолати тушунчалари ва уларнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган бўлиб:

► Ушбу кодекснинг 264-266-моддаларида бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиши, бунда, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлиши;

► гаров турлари закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида шартнома ёки қонун асосида амалда юзага келиши белгиланган.

Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров закалат деб ҳисобланади.

Шунингдек, фуқаролик кодексида закалат тушунчаси ҳам келтирилган бўлиб, унда шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланиши, закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолиши белгиланган.

Агар кўчмас мулк гаровга қўйилганда бу ипотека ҳисобланиши қайд қилинган.

Фуқаролик кодексининг 292-моддасида, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беришлари белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 299-моддасида кафолат тушунчасига ҳуқуқий изоҳ берилиб, унда кафолатга биноан банк, бошқа кредит муассасаси ёки суғурта ташкилоти (кафил) бошқа шахс (принципал) нинг илтимосига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ принципалнинг кредитори (бенефициар) пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида принципалга ёзма мажбурият бериш қайд этилган.

Кафолат принципалнинг бенефициар олдидаги ўз мажбуриятини (асосий мажбуриятни) лозим даражада бажаришини таъминлаши кафолат берилгани учун принципал кафилга ҳақ тўлаши белгиланган.

Солиқ кодексининг 106-моддасида, солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш усулларига мол-мулк гарови, кафиллик, банк кафолати, пенялар ҳисоблаш, банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш ва солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш усуллари кириши қайд этилган бўлиб, солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятини бажаришни таъминлаш чораси сифатида мол-мулкни хатлаш унинг аризасига кўра:

● қимматли қоғозлар уюшган бозорида муомалада бўлган қимматли қоғозларнинг гарови ёки бошқа молмулк гарови билан;

● учинчи шахснинг кафиллиги билан;

● банк кафолати билан адмаштирилиши мумкинлиги белгиланган.

Бунда солиқ органи белгиланган тартибда расмийлаштирилган банк кафолати берилганда, солиқ тўловчига солиқ мажбуриятини бажаришни таъминлаш чорасини алмаштиришни рад этмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, кодекс қоидаларида солиқларни тўлаш мажбурияти мол-мулк гарови билан ҳам таъминланиши мумкинлиги белгиланиб, мол-мулк гарови солиқ органи ва гаровга қўювчи ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилиб, солиқ тўловчининг ўзи ёки учинчи шахс гаровга қўювчи бўлиши, солиқ тўловчи тегишли солиқ суммаларини тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаганда, солиқ органи солиқ мажбуриятни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан амалга ошириши белгиланган (107-модда).

Фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўзига нисбатан гаров белгиланиши мумкин бўлган мол-мулк гаров предмети бўлиши, гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан бирор битимни, шу жумладан солиқ қарзи суммаларини узиш мақсадида битимларни тузиш фақат гаровга олувчи билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, Солиқ кодексида солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш усули сифатида гаров белгилашда юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларининг қоидалари қўлланилиши қайд этилган.

Ўз навбатида, кодексда солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари ўзгарган тақдирда ёки бошқа ҳолларда солиқларни тўлаш мажбурияти кафиллик билан ҳам таъминланиши мумкинлиги таъкидланган (108-модда).

Бунда кафиллик туфайли кафил, агар солиқ тўловчи тегишли солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини олади.

Кафиллик фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва кафил ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади.

Солиқ тўловчи кафиллик билан таъминланган солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда, кафил ва солиқ тўловчи солидар жавобгар бўлишлари белгиланган.

Бундан ташқари, кодекс қоидаларига кўра:

► агар тўланиши бўйича мажбурият кафиллик билан таъминланган солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ органи солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати тугаган кундан эътиборан беш кун ичида кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисида кафилга талабнома юборади;

► агар кафил кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани белгиланган муддатда бажармаса, солиқ органи ушбу кафилдан тўлаш мажбурияти унинг кафиллиги билан таъминланган суммаларни мажбурий равишда ундириш чораларини қўллайди.

Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш бўйича чора сифатида кафиллик белгиланишида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларининг қоидалари қўлланилади.

Солиқ кодексининг 109-моддасида, солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари ўзгарган тақдирда ва бошқа ҳолларда солиқни тўлаш мажбурияти банк кафолати билан таъминланиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Бунда солиқ тўловчи тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, банк кафолати туфайли банк солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқни тўлаш мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади

Ўз навбатида кодексда, банк кафолати қуйидаги талабларга жавоб бериши кераклиги белгилаб қўйилган:

1) кафолат қайтариб олинмайдиган ва бошқа шахсга ўтказилмайдиган бўлиши керак;

2) кафолатда солиқ органи томонидан кафолат берувчига ҳужжатларни тақдим этишга доир кўрсатма бўлиши мумкин эмас;

3) амал қилиш муддати, солиқ тўловчи томонидан банк кафолати билан таъминланган солиқ тўлаш мажбуриятини бажаришнинг белгиланган муддати ўтадиган кундан эътиборан камида олти ойдан кейин тугаши керак;

4) кафолат қайси суммага берилган бўлса, ўша сумма кафолат берувчи томонидан солиқ тўловчининг солиқни ва пеняларни тўлаш бўйича мажбурияти, тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаши керак;

5) кафолат берувчи томонидан ушбу банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабнома белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, солиқ органи томонидан тўлаш мажбурияти банк кафолати билан таъминланган суммаларни кафолат берувчидан ундириш чоралари қўлланилишини назарда тутиши керак.

Кафолат берувчидан ундириш, агар солиқ органининг мазкур талабномаси кафолат берувчига банк кафолатининг амал қилиш муддати тугагунга қадар юборилган бўлса, белгиланган тартибда ҳамда муддатларда амалга оширилади.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.