Солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этишнинг ҳуқуқий асоси яратилди

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан, солиқ сири ҳисобланмайдиган маълумотлар таркиби кенгайтирилди.

Яъни, аввалги Солиқ кодексида келтирилган солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотлар таркибига:

1) солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

2) тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

3) юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

4) ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

5) молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар қўшимча сифатида қўшилди.

Ўз навбатида солиқ сирини ташкил этмайдиган очиқ маълумотлар таркиби кенгайди.

Амалиётда учинчи шахслар томонидан солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни олиш юзасидан солиқ органларига кўплаб мурожаатлар келиб тушади.

Албатта солиқ сири ҳисобланган солиқ тўловчининг маълумотларини ошкор этилиши мумкин эмас.

Шу каби муносабатларни тартибга солиш бўйича Давлат солиқ қўмитасининг қарори қабул қилиниб, Адлия вазирлигидан 3237-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур қарор билан “Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш, бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш, шунингдек солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун маълумотлар таркибини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомда солиқ органларига солиқ тўловчи, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ва солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар таркиби келтириб ўтилган.

Хусусан, ички ишлар органларидан олинган паспорт маълумотлари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлардан олинган тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги маълумотлар, нотариуслардан олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, меросга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар берилганлиги ҳамда ҳадя этиш шартномалари нотариал тарзда тасдиқланганлиги ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, солиқ тўловчи тўғрисидаги солиқ сири ҳисобланмайдиган, яъни очиқ маълумотлар таркиби ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Буларга:

► солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) тўғрисидаги маълумотлар;

► солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари ва бу қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;

► солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

► тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

► юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

► ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

► молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар киради.

Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини судларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳамда республика давлат бошқаруви органларига тақдим этиш Давлат солиқ қўмитаси билан ўзаро электрон ахборот алмашиш бўйича тузилган битимлар асосида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда электрон тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Албатта бунда солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлардан фақат улардан фойдаланишга рухсат берилган мансабдор шахслар томонидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тижорат ташкилотларига ҳам солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда тақдим этилиши мумкинлиги белгиланди.

Бунда солиқ сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш фақат солиқ тўловчининг розилиги билан амалга оширилади.

Масалан, жисмоний шахс кредит олиш учун тижорат банкига борди дейлик. Албатта тижорат банки жисмоний шахсдан охирги 12 ой давомида олган даромади тўғрисидаги маълумотномани тасдиқланган ҳолда олиб келишни ва (СТИР)ни тақдим этишни сўрайди.

Бироқ энди бу бошқача бўлиши ҳам мумкин. Қандай дейсизми? Агар жисмоний шахс рози бўлса тижорат банки солиқ органи билан тузилган шартнома асосида электрон тарзда фуқаронинг паспорт маълумотлари орқали солиқ органидан охирги 12 ой давомида олган жами даромади ва СТИРи бўйича маълумотларни электрон тарзда олиши мумкин.

Бу ўз навбатида ортиқча ҳужжатбозликка чек қўйиб, жисмоний шахснинг вақтини тежайди. Албатта, бу ҳолатда солиқ органлари томонидан тижорат банкининг ахборот хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиши назорат қилинади.

Яна бир муҳим масала бу со лиқ тўловчиларда контрагент лар билан шартнома тузишда— турли хил саволларнинг туғилишидир. Шартнома тузишда ушбу корхона солиқ органида ҳисобга олинганми, ўз мажбуриятларини муддатида бажарадими, ҚҚС тўловчиси ҳисобланадими ва бошқа шунга ўхшаш саволлар солиқ тўловчиларни қийнайди.

Чунки контрагентлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш солиқ тўловчининг кейинги ишлаб чиқариш, иш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

Шу боисдан Низомда солиқ тўловчига ўзининг контрагентларини танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳамда солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотларни шахсий кабинет орқали реал вақт режимида олиши мумкинлиги белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор нормалари, ҳам солиқ тўловчиларнинг манфаатларига ҳамда давлат органлари ва ташкилотларга давлат хизматларини кўрсатишда хизмат қилиши табиий.

Комил САЙИДОВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.