ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ва ортиқча солиқларни қайтариш тартиблари 103-105 моддалар)

(Ўтган қисми)

Солиқ қарзини қоплаш ҳисобига солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади (104­-модда).

Ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқнинг ортиқча тўланганлик факти аниқланган кундан эътиборан ёки агар солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан солиштириш далолатномаси имзоланган кундан эътиборан ёки суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.

Бунда солиқ тўловчига ўзи ортиқча тўлаган солиқ суммасини унинг солиқ қарзини қоплаш учун ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органига ёзма ариза тақдим этишига тўсқинлик қилинмайди. Солиқ органининг ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини узиш учун ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан ёки ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, ортиқча тўланган солиқ суммаси, солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига биноан солиқ органи томонидан бундай ариза олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида қайтарилиши:

► ўз навбатида, солиқ тўловчи ортиқча тўлаган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисидаги аризасини, кўрсатилган ортиқча тўланган сумма тўланган кундан эътиборан беш йил ичида берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг тегишли аризаси олинган кундан ёки ўзаро солиштириш далолатномаси имзоланган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.

Солиқ органининг тегишли суммани қайтариш тўғрисидаги қарори асосида расмийлаштирилган ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтаришга доир топшириқнома, солиқ органи томонидан ўн кун ичида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчига қайтариб беришни амалга ошириш учун ғазначиликка юборилади.

Шу билан бирга, солиқ органи ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишни ёки қайтаришни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор ҳақида солиқ тўловчини бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида хабардор қилиши шарт.

Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига белгиланган ўн беш кунлик муддатда амалга оширилмаса, белгиланган муддатда қайтарилмаган сумма учун солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланган ҳолда қайтарилади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси қайтариш муддати бузилган кунларда амал қилган Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.

Масалан солиқ тўловчи ортиқча тўланган 100,0 млн. сўмни қайтариш учун 10 март куни ариза тақдим этди. Солиқ органи солиқ тўловчининг аризасини ўрганиб чиқиб, ортиқча тўланган солиқ суммасини 1 апрель куни қайтариб берди ва натижада қайтариш учун белгиланган муддат тахминан 6 кунга кечикди. Мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 1 март ҳолатига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига 16 фоиз бўлган. Демак, кунлик ставка 0,044% (16/365) кечиктирилган кунлар учун пеня миқдори 0,264 (100.0*0.044%*6) млн. сўмни ташкил этади. Демак, давлат солиқ хизмати органи кечиктирилган 6 кун учун солиқ тўловчига 264,0 минг сўм қўшимча фоиз ортиқча тўланган солиқни қайтариши керак бўлади.

Шунингдек, янглишиб тўланган солиқ суммалари, пенялар ёки жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ғазначиликнинг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилади.

Солиқ кодексида, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғининг ортиқча тўланган суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига юқорида қайд этилган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши:

► агар, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тугаган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча тўланган фойда солиғининг ушбу консолидациялашган гуруҳ бўйича мавжуд бўлган солиқ қарзи ҳисобига ҳисобга олинмайдиган ёки ҳисобга олинмаган суммалари шу солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахсга унинг ёзма аризасига биноан ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 105­-моддасида ваколатли органлар томонидан ортиқча ундирилган солиқни ҳисобга олиш ёки қайтариш тартиблари ҳам белгиланган бўлиб, унда ортиқча ундирилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида солиқ органига ариза солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ортиқча ундирилганлик ҳолати ўзига маълум бўлган кундан ёки суд қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш йил ичида берилиши мумкин.

Ортиқча ундирилган солиқ суммаси юқорида қайд этилган ортиқча тўланган суммаларни қайтариш қоидаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига мувофиқ солиқ органи томонидан бундай ариза қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, унга ҳисобланган фоизлар билан бирга қайтарилиши лозим.

Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Бунда фоизлар солиқ ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади ва ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Марказий банкнинг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдорда қабул қилинади.

Агар ортиқча солиқ ундирилган факти аниқланган бўлса, солиқ органи ортиқча ундирилган солиқ суммасини юқорида белгиланган тартибда ортиқча ундирилган суммага ҳисобланган фоизларни ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ёки ўша солиқ тури бўйича ёки бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, Солиқ кодексида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча ундирилган фойда солиғи суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига юқорида қайд этилган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши;

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тугатилган тақдирда ушбу гуруҳ бўйича мавжуд бўлган солиқ қарзи ҳисобига ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ёки ҳисобга олинмаган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғининг ортиқча ундирилган суммалари солиқ тўловчилар ушбу гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахсга унинг ёзма аризаси асосида ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши белгиланган.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.