ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЧЕГИРМА ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги бир гуруҳ тадбиркорлар таҳририятимизга Солиқ кодексида инвестициявий чегирма тушунчаси ва унинг қўлланилиши билан боғлиқ қатор саволлар билан мурожаат этишган. Ушбу саволларга ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сирдарё вилоят ҳудудий филиали раҳбари Умурзоқ ЧОРШАНБАЕВ жавоб жавоб берди.
– Солиқ кодексида инвестициявий чегирма, деган сўз ишлатилган. Ушбу тушунчага изоҳ берсангиз, инвестициявий чегирма нима?

– Инвестициявий чегирма – бу ҳар қандай корхона солиқ солинадиган фойдани камайтириш мақсадида фойдаланиши мумкин бўлган харажатлар шакли ҳисобланади.

Чегирмани узоқ муддатли активлар – асосий воситалар ва номоддий активларга нисбатан қўллаш мумкин. Бунда активлар маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида фойдаланилиши мумкин. (Солиқ кодексининг 308-моддаси).


– Инвестициявий чегирма қачон ва қандай қўлланилади?

– Амортизация харажатлари узоқ муддатли активга инвестициявий чегирма миқдорида ҳисобланмайди.

Шунингдек, амортизация орқали корхона томонидан амалга оширилган асосий восита объектларини реконструкция қилиш, модернизациялаш ва бошқа тарзда яхшилаш харажатларини ҳам инобатга олишга рухсат берилмайди. Шу билан бирга корхона инвестициявий чегирмани узоқ муддатли актив ишга туширилган даврда қўллайди. Инвестициявий чегирма бир марта қўлланилади!

Корхонанинг асосий восита ва номоддий активлар сотиб олиш учун, капитализация учун харажатлари нормалари белгиланмаган. Ҳаммаси корхонанинг бюджети ва молиявий аҳволига боғлиқ. Бироқ узоқ муддатли активлар гуруҳлари бўйича инвестициявий чегирмани қўллаш учун фоизларда ифодаланган чекловчи омил мавжуд (Солиқ кодексининг 308­моддаси).


– Корхона инвестициявий чегирмани қайси харажатларга қўллаши мумкин? Аниқ мисоллар билан тушунтириб берсангиз?

– Солиқ кодексининг 308­моддасига кўра, инвестициявий чегирмани корхона қуйидаги харажатларга қўллаши мумкин:

Даставвал, харажатларни икки гуруҳга бўлиб оламиз;

1) 1-гуруҳ қуйидагиларга қилинган харажатларнинг 10 фоизи миқдорида инвестициявий чегирмани қўллайди:

► янги технологик ускуналарни ишга туширишга. Янги технологик ускуна деганда – машиналар, аппаратлар, қурилмалар, механизмлар тушунилади. Агар ускуна ишлаб чиқарилган кундан 3 йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса, у янги ҳисобланади. Ускунанинг ишлаб чиқарилган йили сотувчи ёки етказиб берувчи томонидан активга тақдим этиладиган паспортда, кафолат талонида, кузатув ва техник ҳужжатларда кўрсатилади. Агар корхона активни 2020 йилда сотиб олса, 2017 йилдан кеч бўлмаган вақтда ишлаб чиқарилган бўлса, у янги ҳисобланади;

► ўз ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, техник ва (ёки) технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга. Асосий восита объектларининг технологик ёки хизматга оид мўлжалланган мақсадини ўзгартиришга, уларнинг унумдорлигини оширишга ёки бошқа сифат хусусиятларини яхшилашга қаратилган ишлар модернизация қилиш деб эътироф этилади. Мазкур ҳолатда автомобиллар автопаркини бензин ва дизель ёқилғисидан замонавий газ баллонли ускунага ўтказиш модернизация ҳисобланиши мумкин;

► ахборот тизимларини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқарилган дастурий таъминотни харид қилиш.

1-гуруҳ учун чегирма ҳисоб-китоби формуласи: Инвестициявий чегирма = 1-гуруҳ бўйича харажатлар х 10 фоиз.

2-гуруҳ қуйидагиларга қилинган харажатлар суммасининг 5 фоизи миқдорида инвестициявий чегирмани қўллайди:

► ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга. Ушбу гуруҳда инвестициявий чегирмани қўллаш учун қурилиш деганда корхона товарларни ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ҳисобланади;

► бино ва иншоотларни реконструкция қилишга. Реконструкция тасдиқланган реконструкция қилиш лойиҳасига асосан ишлаб чиқариш қувватларини яхшилаш, товарлар ва хизматлар сифати ва номенклатурасини яхшилаш учун амалга оширилиши керак.

2-гуруҳ учун чегирма ҳисоб-китоби формуласи: Инвестициявий чегирма = 2-гуруҳ бўйича харажатлар х 5 фоиз.

Инвестициявий чегирма янада тушунарлироқ бўлиши учун мисолда кўриб чиқамиз: Корхона 2020 йил апрель ойида автомобиль транспортининг ҳаракатдаги таркибига нархи 460.0 миллион сўмлик коммунал транспорт харид қилди – (бундан ҚҚС 60.0 миллион сўм), ушбу транспорт воситасини ишга тушириш вақти май ойи. Йиллик амортизация нормаси 20 фоиз (Солиқ кодексининг 306­моддаси) – 80.0 миллион сўм (бир ойлик – 6.7 миллион сўм), 2020 йил май­декабрь учун эскириш ҳисобланди (80.0 : 12 х 8 ой) – 53.3 миллион сўм.

Май ойида қўлланиладиган инвестициявий чегирма ҳуқуқи 10 фоиз (400.0 х 10%) – 40.0 миллион сўмни ташкил қилади.

2020 йил ноябрь – декабрь учун эскириш ҳисобланди – 13.3 миллион сўм (53.3 – 40.0).


– Корхона барча асосий воситалари ва номоддий активларига инвестициявий чегирмани қўлласа бўладими?

– Шуни таъкидлаш жоизки “Солиқ кодекси” маъмурий ёки ижтимоий­маданий мақсадларда фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича харажатларнинг капитализациясига инвестициявий чегирмани назарда тутмайди. Агар корхона раҳбарияти томонидан бевосита бизнес юритиш ва фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган вакиллик ёки бошқа мақсадлар учун фойдаланиладиган автомобиль сотиб олса, инвестициявий чегирмани қўллаш мумкин эмас. Жумладан, хизмат машинасида корхонани тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш (масалан: раҳбарнинг фарзандларини мактабга олиб бориш ёки уни ташриф вақтида бизнес-ҳамкорларга тақдим этиш). Худди шундай, агар корхона бинонинг маъмурий иморатини реконструкция қилса, бундай харажатларга чегирма қўллаб бўлмайди.


– Инвестициявий чегирмани кимлар қўллаши мумкин ва чегирмани қўллаш учун нималарга амал қилиш лозим?

– Инвестициявий чегирмани умумбелгиланган солиқлар тизими бўйича солиқ ҳисобини юритувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қўллаши мумкин. Лекин қатъий белгиланган солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга инвестициявий чегирма тақдим этилмайди.

Чегирмани қўллаш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

► корхонанинг ҳисоб сиёсатида солиқ солиш мақсадларида инвестициявий чегирма қўллаш ҳуқуқидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорни белгилаш. Агар чегирмани қўллаш тўғрисидаги бошқарув қарори молиявий йил бошидан қабул қилинмаган бўлса, ҳисоб сиёсатига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур;

► асосий воситалар ва номоддий активлар объектлари корхона балансида ҳисобга олинган бўлиши керак. Корхонада активларга нисбатан мулк ҳуқуқи бўлиши керак. Яъни корхона оператив ижара шартномасига асосан ижарага олинган (лизинг объектлари бундан мустасно) активларга нисбатан чегирма ҳуқуқини қўллашга ҳақли эмас;

► агар корхона ишлаб чиқаришни модернизация, техник қайта жиҳозлаш ёки реконструкция қилишни амалга оширса, амалга оширилган чиқимлар бўйича барча харажатлар асослантирилган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлиши шарт.

► у Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида жойлашганлигидан қатъи назар;

► Солиқ кодексининг 306-моддасида белгиланган амортизация гуруҳлари активлари бўйича;

► узоқ муддатли актив ишга туширилган даврда ёки унинг баланс қиймати рухсат этилган капитализация миқдорига оширилган пайтда асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича инвестициявий чегирмани қўллаши мумкин.


– Инвестициявий чегирма қўлланилган объектларни сотиш мумкинми?

– Кейинчалик компания уларга нисбатан инвестициявий чегирмани қўллаган асосий воситалар ва номоддий активлар объектларини улардан фойдали тарзда фойдаланиш муддати ўтгунга қадар сотиши мумкин. Узоқ муддатли активларни сотиш ёки уларнинг бошқача кўринишда чиқиб кетиши бўйича қонунчиликда тақиқлар назарда тутилмаган.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.