АБИТУРИЕНТ 2020: ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШ ВА ЯНГИЛИКЛАР БОР?

Яна бир неча кунлардан сўнг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига (ОТМ) ҳужжат топшириш бошланади. Давлат тест маркази (ДТМ) берган маълумотларга кўра жорий йилда бир миллиондан ошиқ абитуриентлар тест синовларида иштирок этиши кутилмоқда. Аммо ҳозирда мамлакатда мавжуд пандемия шароити кириш тест синовлари жараёнига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида 2020/2021 ўқув йили қабул жараёнини ташкил этиш юзасидан долзарб вазифаларга бағишланган оффлайн брифинг бўлиб ўтди. Брифингда пандемия шароитида жорий йил кириш тест синовларига киритилган ўзгаришлар ҳамда абитуриентлар саломатлиги учун қилинаётган ишлар ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди. Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, жорий йилги тест синовлари барча карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда, янада адолатли ҳамда шаффоф тарзда ўтказилади.

ОТМларга қабул 20 июндан 20 июлгача онлайн бўлиб ўтади

Брифингда айтилишича, абитуриентлар республика олий таълим муассасаларига 20 июндан 20 июлгача онлайн ҳужжат топширишлари мумкин бўлади ҳамда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Шунингдек, абитуриентлар:

• Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz

• Давлат тест марказининг расмий веб­сайти – dtm.uz

• Давлат хизматлари марказлари орқали онлайн рўйхатдан ўтказилади.

ОТМларга қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида ДТМ ҳамда тегишли олий таълим муассасасининг расмий веб­сайтларида эълон қилинади. Абитуриентлар ва уларнинг ота­оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб бериш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ДТМ ҳамда барча олий таълим муассасаларида Колл марказлар ташкил этилади. Тест синовлари натижалари бир кун муддатда Давлат тест марказининг расмий веб­сайтида маълум қилинади.

Тест синовлари натижаларига кўра таълим йўналишлари кесимида талабаликка тавсия этиш бўйича танлов натижалари тест синовларининг охирги кунидан бошлаб бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб сайтида эълон қилинади.

Абитуриентлар қандай ҳужжат топширишлари лозим?

Жорий йилда абитуриентлар ҳужжатлари ОТМга фақат онлайн қабул қилинади. Бу ҳақда ДТМ раҳбари Мажит Каримов брифингда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, аввалги йиллардаги битирувчилар учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:

  • паспорт;
  • диплом;
  • тил билиши сертификати;
  • имтиёзи мавжуд бўлганда, имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Бироқ, 2020 йил битирувчилари учун эса бу қоида бироз ўзгарган бўлиб, уларнинг паспорт ва битирув аттестати қабул қилувчилар томонидан базадан электрон тарзда олинади.

Ҳужжатлар 2 хил усул орқали топширилади, яъни dtm.uz сайти ҳамда my.gov.uz портали орқали.

Шунингдек, олдинги йилларда ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун тўлов бу йил 111,5 минг сўм миқдорда бўлиши белгиланган бўлиб, жорий йилда тахминан 700 минг атрофида мактабни олдинги йилларда битирган абитуриентлар ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ўтган йилдан бошлаб аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 фоизи миқдорида тўлов ундириш йўлга қўйилган эди ва ўтган йили ушбу тизим орқали абитуриентлардан 70 млрд. сўмдан кўпроқ маблағ тушганди.

Абитуриентлар фақат иккита фандан тест синовлари топширади

Брифинг давомида тест синовлари бўйича ўтказиладиган фанлар ва саволларга ҳам тўхталиб ўтилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, 2020−2021 ўқув йили учун абитуриентлар таълим йўналишига мос иккита фандан тест топширишади. Унга кўра, 2020−2021 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси Давлат тест марказининг расмий веб­сайтида эълон қилинади.

Йиғилишда қайд этилгандек, абитуриентлар учун тест блокидаги фанлар таркиби ва кетма­кетлиги бир хил бўлган 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти сақланиб қолинади.

Таъкидланишича, алоҳида иқтидор талаб этиладиган ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд таълим йўналишларига киришда абитуриентлар фақатгина битта таълим йўналишида танловда иштирок этиши мумкин бўлади.

Шунингдек, Олий таълим вазирлигининг расмий телеграм каналида хабар берилишича, тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг июль­август ойларида (тахминан 27 июлдан 15 августгача) ўтказилади. Карантин чекловлари давом этган тақдирда тест синовларини ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин. Тест топшириқларини бажариш учун ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат, 2 та фан учун жами 2 соат вақт ажратилиши кўзда тутилган.

Хусусан, иккита мутахассислик фанидан тест ўтказилишида баллар қуйидагича белгиланади:

► 1-БЛОК 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин;

► 2-БЛОК 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади ва абитуриент тест синовларида максимал 189 балл тўплаши мумкин бўлади.

Йиғилишда қабул жараёнлари ва кириш тест синовларини ўтказишда, аввало, абитуриентларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиши ва ҳар бир жараён шу асосда ташкил этилиши маълум қилинди.

Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, тест синовлари ҳар бир абитуриентга камида 3 кв.м. ўлчамда жой ажратилган ҳолда сиғими 650−700 кишидан ошмаган биноларда кунлик икки­уч сменада ўтказилади. Бунда бир сменада 24 654 (2019 йилда 35 220) нафар, кунлик 73 962 (2019 йилда 70 440) нафаргача абитуриент тест синовларини топшириши мумкин бўлади. Имтиҳонлар тўлиқ видео кузатувлар асосида ўтказилиб, жараёнларнинг видео ёзувлари сақлаб қўйилади.

Шунингдек, абитуриентларни бинога киритишда тана ҳарорати ўлчанади ҳамда ниқоб ва резина қўлқоплари билан таъминланади. Тест синовлари ўтказиладиган бино ҳудуди ва ички қисмида кунига 4 марта дезинфекция ишлари амалга оширилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳам карантин, санитария­гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун 11 июлдан 20 июлгача; алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун 25 июлдан 10 августгача ўтказилади. Аммо карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари жорий йилда соддалаштирилган тарзда тузилади. Бунда бир абитуриентга имтиҳонда бир соатдан ортиқ вақт сарфламаслик, абитуриентнинг олий таълим муассасасига бир марта келиб кетишини таъминлаш инобатга олинади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари олий таълим муассасаларининг расмий веб­сайтларида эълон қилинади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган фанлар сони таълим йўналишининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда минимал қисқартирилади.

Брифингда қайд этилишича, тест синовлари натижалари бир кун муддатда Давлат тест марказининг расмий веб­сайтида эълон қилинади ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари таълим йўналишларининг хусусиятига кўра имтиҳон ўтказилгандан кейин 1−3 кун муддатда олий таълим муассасасининг расмий веб сайтида эълон қилинади.

Бундан ташқари, брифинг давомида қийин ижтимоий аҳволдаги, кам таъминланган, ногиронлиги бор бўлган оилалар қизлари учун жорий йилда 800 та алоҳида квота ажратилиши ва бу борада ҳозирда тегишли ташкилот мутасаддилари Маҳалла ва оилани қўллаб­қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда тегишли низом тайёрлашаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Темур ЭШҚУВВАТОВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.