ТАЪТИЛ – 2020: НИМАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ

Ёзги таътил палласи яқинлашмоқда. Тўғри, бу йилги пандемия қарорлар қабул қилиш жараёнини бирмунча жадаллаштирди, кўпчилик режалаштирилмаган таътилга чиқишга ҳам улгурди. Шу жумладан – иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга. Карантин даврида деярли ҳамманинг иш ҳақи ҳам анча камайди. Ходимларни 2020 йилда таътилга чиқараётганда қайси жиҳатларни ҳисобга олиш кераклиги борасида buxgalter.uz сайти эксперти Татьяна ЛИМАРЕВАнинг фикрлари билан ўртоқлашамиз.

Таътил муддати ва шартлари

Йиллик асосий таътил муддатига оид умумий қоидалар ўзгаришсиз қолади:

► у камида 15 иш кунини ташкил этиши керак;

► 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади;

► таътил даврига тўғри келиб қолган байрам кунлари унинг муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди. Айрим тоифадаги ходимларга (18 ёшга тўлмаган, I ва II гуруҳ ногиронлари) узайтирилган таътил берилиши мумкин.

Меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган, оғир ва ноқулай табиий­иқлим шароитларидаги ишлар учун қўшимча таътил берилади.

Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади. Барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин ходимнинг аризаси ва масъул раҳбарнинг буйруғига мувофиқ берилади.

Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади. Карантин даврида ушбу қоидага риоя этмаслик мумкин.

Шу ўринда Ҳуқуқшунослик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ изоҳига кўра, “Меҳнат кодексининг 144-­моддаси 1­-қисмига мувофиқ, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Бошқача қилиб айтганда, жадвал ходимларнинг тегишли вакиллик органи билан келишилганидан кейин иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланган бўлиши керак. Иш берувчи ходимларни жадвал билан таништириши лозимлигини ҳам қайд этиш муҳим. Таътиллар жадвали – ходим ва иш берувчи учун мажбурий тусга эга бўлган локал норматив ҳужжат. Шу сабабли меҳнат таътили жадвалга мувофиқ берилаётган бўлса, ходимнинг розилигини олиш талаб этилмайди.

Жадвалда назарда тутилмаган таътилни бериш масаласи бошқача ҳал этилади.

МКга мувофиқ, жадвалда белгиланган таътилдан фойдаланиш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкин. Бинобарин, ходимга жадвалдан ташқари меҳнат таътилини бериш учун унинг розилигини олиш керак. Ходим:

● жадвалда назарда тутилганидан бошқа вақтда меҳнат таътилини беришларини сўраб (ёки меҳнат таътилини беришларига рози эканлиги қайд этилган) ариза бериши;

● иш берувчи билан олдиндан келишиб олган таътилни бериш санасини кўрсатишининг ўзи етарли.

Бундай ариза асосида иш берувчи ходимга таътил бериш ҳақида буйруқ чиқаради.

Жадвалда белгиланган таътилдан фойдаланиш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида умумий қоидадан истисно мавжуд. Таътил қуйидаги ходимларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак:

► 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;

► I ва II гуруҳ ногиронларига;

► 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

► 18 ёшга тўлмаган шахсларга;

► таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Бундан ташқари, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

Карантин пайтида боғчаларга ва бошланғич синфларга бора олмайдиган болалари бор отаоналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васий ва ҳомийларга) таътиллар жадвалидан қатъи назар, йиллик меҳнат таътили берилади”.

Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

МИСОЛ УЧУН:

Ходим карантин даврида иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиққан бўлса, меҳнат таътилининг муддати;

Ходим 2019 йил 1 июндан ишга қабул қилинган бўлса, 2020 йил 1 июндан таътилга чиқяпти. Бироқ ариза ва корхона бўйича чиқарилган буйруққа биноан 2020 йил 1 мартдан 2020 йил 31 майгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган. Жамоа шартномасига мувофиқ корхонада 24 кунлик таътил муддати белгиланган. Уч ойлик иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳисобга олинмайди. Меҳнат таътили қуйидаги муддатни ташкил этади:

(24 х 9 : 12) = 18 кун.

Ўртача ойлик иш ҳақи қандай ҳисобланади?

Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаймиз. Ушбу мақсадда у ҳисоб­китоб қилиш кунидаги маошдан (тарифдан) ва тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан (ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар) ошадиган сумманинг 1/12 қисмидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Тўлиқ бир йил ишламаганларнинг маошига тўлиқ ишланган ойлар сонига (1/6, 1/7 ва ҳ.к.) бўлинган қўшимча тўловлар қўшилади.

Ўртача ойлик иш ҳақи суммасини 6 кунлик иш ҳафтасида ойдаги иш кунларининг ўртача сонига бўлиш йўли билан бир кунлик таътил пули миқдорини аниқлаймиз.

Ўртача иш кунлари сони қонун ҳужжатларида белгиланган бўлиб, ўзгармас сон – 25,4 кунни ташкил этади.

Эътибор қилинг, бу ўринда корхонангизда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган ҳолда ҳам ҳисобкитоб қилаётганда 6 кунлик иш ҳафтасидан фойдаланишингиз лозим бўлади.

Бюджет ташкилотлари ҳисобкитоб қилиш учун Меҳнат вазирлиги ҳар йили 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб тасдиқлайдиган тегишли йил учун иш вақти балансидан фойдаланадилар. 2020 йилда бу – 304 иш куни ёки ўрта ҳисобда, ойига 25,33 (304:12) иш куни. Бундай ҳисоб­китоб Бюджет ташкилотларида бажарилиши мажбурий бўлган, йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ амалга оширилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур жараён нобюджет ташкилотлар учун йўриқнома тавсия тусига эга.

Таътил учун ҳақ тўлаш таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.

Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда корхонада тариф ставкалари ёки лавозим маошлари миқдори оширилган тақдирда, иш берувчи иш ҳақи оширилган вақтдан бошлаб таътил тамом бўлган кунгача бўлган давр учун таътил пулини қайта ҳисоб­китоб қилиши лозим.

МИСОЛ УЧУН:
Дейлик, 2019 йил январдан буён ишлаётган корхона (нобюджет ташкилот) ходимига ариза ва буйруққа биноан 2020 йил 1 июндан йиллик меҳнат таътили берилди. 2020 йил февралда у тўлиқ ой ишламаган (5 кун касал бўлган, бу касаллик варақаси билан тасдиқланади). 2020 йил май ойида 10 кун – 2020 йил 1 майдан 2020 йил 14 майгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган. 2019 йил январдан сентябргача бўлган даврда иш ҳақидан бошқа ҳеч қандай мукофот ва бошқа тўловлар тўланмаган. Жамоа шартномасига кўра йиллик меҳнат таътили муддати 24 кунни ташкил этади. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходимга оид қуйидаги маълумотлар мавжуд:

Ҳисоб-китоб қуйидагича бўлади:

1. Ўртача ойлик иш ҳақи:

1 500 000 (белгиланган лавозим маоши) + 750 000 (мукофотлар) : 12 (ойлар сони) = 1 562 500 сўм.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси суммаси ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилмайди, сабаби меҳнатга тўланадиган ҳаққа кирмайди.

2. Таътил кунлари сони: (24 х 12 / 12) = 24 кун.

Эътибор беринг:

► ходим февралда касал бўлган (5 кун), бироқ бу ой бир ой деб яхлитланади, сабаби февралда ортиқча ишланган кунлар 15 календарь кундан ортиқни ташкил этган;

► ходим май ойида 14 майгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган. Ортиқча ишланган кунлар – 17 календарь кун. Бу ой ҳам бир ой деб яхлитланади.

3. Бир кунлик таътил пули миқдори: 1 562 500 : 25,4 = 61 515,75 сўм.

4. Жами таътил пули миқдори: 61 515,75 х 24 = 1 476 378 сўм.

Ходимнинг маоши камайтирилган бўлса

Таътил пули ҳисоб­китоб қилиш кунидаги маошдан (тарифдан) келиб чиқиб ҳисобланади.

Карантин даврида кўп корхоналар ходимларининг меҳнат юкламаси камайгани, масофадан туриб ишлашга ўтгани ва бошқа сабабларга кўра уларнинг маошини камайтиришига тўғри келади.

МИСОЛ УЧУН:
2019 йил январдан буён ишлаётган корхона (нобюджет ташкилот) ходимига 2020 йил 1 июндан йиллик меҳнат таътили берилди. 2020 йил май ойида карантин даврида корхона раҳбарияти ходимларнинг маошларини 50 фоизга камайтирди. Ходимнинг маоши камайтирилгунча 1 500 000 сўмни ташкил этган. 2019 йил январдан 2020 йил майгача бўлган даврда иш ҳақидан ташқари ҳеч қандай мукофот ва бошқа тўловлар тўланмаган. Жамоа шартномасига кўра йиллик меҳнат таътили муддати 24 кунни ташкил этади. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.

Таътил пули қуйидаги миқдорни ташкил этади: (750 000 : 25,4) х 24 = 708 661,44 сўм.

Бундай вазиятда ходимнинг малакаси пасаймаганига, ўша ишни бажараётганига, фақат меҳнат юкламаси камайганига эътибор қаратиш лозим. Яъни иш вақти табелида фақат ҳақиқатда ишланган кунларни (ходим, масалан, кунора ишласа) ёки ҳақиқатда ишланган соатларни (масалан, у кунига фақат 4 соат банд бўлса) акс эттириш лозим. Бу ҳолда маошлар ўзгармасдан, май ойи учун меҳнатга тўланадиган ҳақ 50 фоизга камаяди. Ходимлар эса 2020 йил июнда навбатдаги меҳнат таътилига чиқаётганда тўлиқ (камайтирилмаган) маошдан таътил пули оладилар.

МИСОЛ УЧУН:
2019 йил январдан буён ишлаётган корхона (нобюджет ташкилот) ходимига 2020 йил 1 июндан йиллик меҳнат таътили берилди. 2020 йил май ойида карантин даврида ходимнинг меҳнат юкламаси камайди, иш вақти табелига кўра у кунига 4 соат ишлади. 2020 йил май ойида ходимнинг маоши 1 500 000 сўмни ташкил этган. 2019 йил январдан 2020 йил майгача иш ҳақидан ташқари ҳеч қандай мукофот ва бошқа тўловлар тўланмаган. Жамоа шартномасига кўра йиллик меҳнат таътили муддати 24 кунни ташкил этади. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.

1) 2020 йил май ойи учун иш ҳақи ҳисобланган: 1 500 000 х 84 с : 168 с = 750 000 сўм.

2) Таътил пули қуйидаги миқдорни ташкил этади: (1 500 000 : 25,4) х 24 = 1 417 322, 84 сўм.

Ишланмаган вақт учун амалга оширилган меҳнатга ҳақ тўлашда қандай солиқлар олинади?

Ҳисобланган таътил пули суммаси ишланмаган вақт учун амалга оширилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради ва тегишинча, унга жисмоний шахсларнинг даромад солиғи (ЖШДС) ва ижтимоий солиқ солинади.

Шу ўринда яна бир муҳим эслатма! Таътилга қўшимча равишда “таътил учун моддий ёрдам” тўласангиз, унга ҳам ЖШДС ва ижтимоий солиқ солиниши лозим. Фойда солиғини тўловчилар учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги харажатлар чегириладиган харажатларга киради, шу жумладан – таътил пули ва уларга қўшимча тўловлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш ҳамда ушбу даромадлардан солиқлар ва мажбурий ажратмаларни ушлаб қолиш бўйича бухгалтерия проводкалари – 21-­сон БҲМСга мувофиқ стандарт проводкалар бўйича қўлланилади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.