ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ва ортиқча солиқларни қайтариш тартиблари 103 модда)

(Ўтган қисми)

Манфаатдор шахс табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида етказилган зарар бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисида мурожаат қилган бўлса, аризага ушбу ҳолатлар вужудга келганлиги факти тўғрисидаги хулоса ҳамда кўрсатилган ҳолатлар натижасида ушбу шахсга етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси илова қилиниши зарур.

Юқорида қайд этилган хулоса ва далолатнома маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилади.

Шу билан бирга, манфаатдор шахсни бюджетдан молиялаштириш кечикканлиги ёки бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш муддатининг кечиктирилиши оқибати бўйича (2-ҳолат) солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш сўралган бўлса, манфаатдор шахснинг аризасига бундай асос мавжудлигини тасдиқловчи молия органининг ҳужжати илова қилинади.

Манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкротлик) аломатлари пайдо бўлиши хавфи бўйича (3-ҳолат) асос манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш натижалари бўйича Давлат солиқ қўмитаси ёки у ваколат берган солиқ органи томонидан аниқланади.

Жисмоний шахснинг мулкий ҳолати солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этувчи асос бўйича (4-ҳолат), солиқни тўлаш кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига жисмоний шахснинг кўчар ва кўчмас мулки тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

Манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга бўлган асос бўйича (5-ҳолат) солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига ушбу шахс томонидан тузилган, мазкур шахснинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан олинган даромадларининг улуши камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Қайд этиш жоизки, солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасида ушбу шахс қарз суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши зарур.

Шунингдек, ваколатли органнинг талабига кўра, манфаатдор шахс гаров предмети бўлиши мумкин бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатларни, кафиллик хатини ёки банк кафолатини тақдим этади.

Ваколатли орган манфаатдор шахснинг илтимосномаси бўйича ушбу шахс томонидан қарз суммасининг тўланишини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бундай қарорнинг кўчирма нусхаси манфаатдор шахс томонидан ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тақдим этилади.

Кодекс қоидаларига кўра солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кун ичида қабул қилиниши лозим.

Ўз навбатида, солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда қарз суммаси, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури, қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари кўрсатилиши керак.

Шунингдек, ваколат орган томонидан зарур деб топилган ҳолларда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда гаров предмети бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатлар, кафиллик хати ёки банк кафолати кўрсатилиши керак.

Агар солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор, ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киритилса, бунда, солиқни тўлаш учун белгиланган кундан қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган вақт учун тегишли пенялар, тўлов кўрсатилган муддат ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, кечиктирилаётган қарз суммасига киритилади.

Масалан, манфаатдор шахс солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини сўраб 2020 йил 1 октябрда мурожаат қилди. Унинг 1 октябрь ҳолатига солиқ қарзи 100,0 млн. сўм ва ушбу қарзга ҳисобланган пеняси 15,0 млн. сўм бўлиб, кечиктириш бўйича қарор 21 октябрда қабул қилинди ва шу пайтгача солиқ тўловчига тахминан 1,0 млн. сўм пеня ҳисобланди. Демак, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича қарор 116,0 млн. сўмга чиқиши керак. (1,0 млн. сўм (0,50%*20=1,0 млн. сўм))

Шунингдек, Кодексда солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш агар мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, кечиктириш тўғрисидаги қарор фақат мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейин кучга кириши:

● солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши ва манфаатдор шахс ушбу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги;

● солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси ваколатли орган томонидан мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юбориш лозимлиги белгиланган.

Ўз навбатида, Солиқ кодексида солиқнинг тўлиқ суммаси ва тегишли фоизларнинг суммаси белгиланган муддат ўтгунга қадар тўланган тақдирда солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш муддатидан олдин тугатилиши:

► солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари манфаатдор шахс томонидан бузилган тақдирда, унинг амал қилиши солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш муддатини тегишли ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли органнинг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкинлиги белгиланган.

Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор бекор қилингани тўғрисидаги хабарнома ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан беш кун ичида белгиланган тартибда манфаатдор шахсга ҳамда қарорнинг кўчирма нусхаси манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади.

Бундан ташқари, Солиқ кодексида тадбиркорлик субъектларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадларида уларнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш, белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз билан қайтариш тартиблари ҳам белгиланди.

Кодекс қоидаларига кўра, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда, шу солиқ тўловчининг ўзига қайтарилиши ёки келгуси тўловлар учун ҳисобга олиниши мумкин (103-модда).

Агар солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси ушбу қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим:

► мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига;

► бошқа солиқлар ва пенялар бўйича қарзни узиш ҳисобига;

► солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига.

Агар юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.

Қайд этиш лозимки, солиқнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳамда ҳисобланган фоизларини ҳисобга олиш ёки қайтариш миллий валютада амалга оширилади.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.