Қуёш энергиясидан шахсий манфаатларда фойдаланиш учун шартнома тузиш талаб этилмайди

Сўнгги вақтларда интернет манбалари, ижтимоий тармоқларида энергетика соҳасига оид кўплаб ёлғон ва асосланмаган маълумотлар эълон қилинмоқда, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қуёш энергиясидан фойдаланиш учун солиқ тўланадими?

Мисол учун ана шундай асосланмаган ахборотлардан яна бири, шахсий мақсадларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун (масалан, уйни ёритиш учун қуёш панелларидан фойдаланиш) рухсат олишингиз ва солиқ тўлашингиз керак, деган мазмундаги хабар.

Маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги уйида қуёш энергиясидан фойдаланувчи жисмоний шахслар учун ҳеч қандай рухсатнома талаб этилмаслигини маълум қилади.

Шунингдек, 2019 йил 21 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги ЎРҚ-539-сонли қонунида қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш, шу жумладан шахсий манфаатларда фойдаланиш учун бошқа турдаги қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам ўз аксини топган.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар билан бир қаторда, қонун билан бошқа икки турдаги электр энергиясини ишлаб чиқарувчилари ҳам белгиланган. Булар локал тармоқ орқали юридик ва жисмоний шахсларнинг эҳтиёжлари учун электр энергияси ишлаб чиқарувчилари ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан ягона энергетика тизимига электр энергияси етказиб берувчи ишлаб чиқарувчилардир.

Бошқача қилиб айтганда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб (қуёш, шамол ва бошқалар орқали) электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Нафақат ўзингиз учун, балки уни сотишингиз ҳам мумкин. Бундай ҳолларда, бу тадбиркорликнинг энг янги тури ҳам ҳисобланади.

Бундай тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, қонун уларга Қайта тикланувчи энергия манбаларидан локал электр тармоқларини яратиш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан электр энергиясини ўзаро келишилган нархларда сотиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқини беради.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан тадбиркорлик учун фойдаланилганда

Шу билан бирга, Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ягона энергетика тизимига электр энергиясини етказиб берувчиларга тармоққа кафолатли уланиш ҳуқуқи берилган.

Табиийки, бу ерда қайта тикланувчи энергиядан ўз эҳтиёжлари учун эмас, балки тадбиркорлик, яъни электр энергиясини сотиш мақсадида фойдаланиш ҳақида гап кетганда, амалдаги бизнес қонунлари қўлланилади.

Ва биринчи турдаги ишлаб чиқарувчилар учун, яъни қуёш энергиясини ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарадиганлар учун нафақат шартномалар талаб этилмаслиги, балки уларга рағбатлантирувчи имтиёзлар ҳам мавжуд.

Агар аҳоли фақат қайта тикланувчи энергиядан фойдаланган ҳолда, яъни мавжуд энергия тармоқларидан тўлиқ узилган тақдирда, уларга жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғидан ва ер солиғидан уч йил муддатга (Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ойидан бошлаб) озод қилинади.

Шунингдек, 2019 йил 22 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4422- сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчилар учун қўшимча имтиёзлар берилган бўлиб улар қуйидагилар:

Тадбиркорларга компенсациялар

Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатда давлат бюджети ҳисобидан жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектр станциялари учун (3 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган), қуёш сув иситгичлари учун (1,5 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган), шунингдек, энергия тежамкор газ-горелкали қурилмалар учун эса (200 минг сўмдан ортиқ бўлмаган) сотиб олиш қийматининг учдан бир қисми қопланишини назарда тутувчи тартиб жорий қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, бу тадбирлар қаторида жисмоний ва юридик шахсларга қайта тикланувчи энергия қурилмалари, энергия тежамкор газ-горелкалари ва қозонхоналар, шунингдек, бошқа энергия тежамкор ускуналар сотиб олиш учун тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш (компенсациялар) кўзда тутилган.

Айни пайтда Энергетика вазирлигида қайта тикланувчи энергетика соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар яратиш бўйича Низом лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Юқорида қайд этилган ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар, имтиёз ва преференциялар ўз самарасини кўрсатди. Давлатимиз раҳбарининг диққат-эътибори ва қатъий назорати остида бўлган Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш жараёни жадаллашиб бормоқда.

Хабарда ушбу соҳага доир ҳар қандай савол юзасидан Матбуот хизматига мурожаат этиш орқали ишончли маълумот олиш мумкинлиги қайд этилган.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.