ҲАСАН МАМАСАИДОВ: “ПАНДЕМИЯ БИРИНЧИ ЗАРБА, ҲАЛИ ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗ ҲАМ БОР”

Dekos.uz компанияси раҳбари, MFaktor кўрсатуви лойиҳа муаллифи Ҳасан Мамасаидов билан пандемиядан сўнг иқтисод қандай ривожланиши ҳақида суҳбат қилдик.

– Пандемия дунёдан кўтарилиб, жумладан мамлакатимиздан ҳам бу бало аримоқда. Иқтисодий талафотлар бўлди, албатта. Сизнинг ишингиз бу ҳолатда қандай кечмоқда?

– Пандемия бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам барча тадбиркорлар фаолиятига анчагина салбий таъсирини кўрсатди. Кўп инсонлар билан М-Фактор лойиҳасида ва ўзимизнинг тажрибали тадбиркорлар билан ҳам суҳбатларда бўламиз ва шу саволга кўп тўхталамиз. Албатта, бу икки ой ичида ёруғ юз билан чиқиб олиш унча-мунча одамга қийин бўлади. Чунки ёруғ юз деганда, ходимларнинг олдида, оила олдида, жамият олдида, ҳамкорлар олдида, мижозлар олдида кўзланган режани, ваъдаларга вафо қилиб, меъёрни ушлаш катта бир синов. Тадбиркорлар олдида албатта, солиқлар, лизинглар, тўловлар, харажатлар, буюртмалар бўлади. Бундай вазиятнинг юз бериши тадбиркорларни шошириб қўйди. Юртбошимиз томонидан қилинган тўғри ташаббуслар натижасида бизда вазият анча юмшоқ, талафотларсиз кечяпти. Узоққа бормасдан, Тожикистонни мисол қиладиган бўлсак, 100 дан ортиқ одам вафот этганини кўришимиз мумкин. Давлатимиз жуда катта масъулият билан ёндашиб, енгилликлар берди. Бу зарбани енгиллатиш учун барча чора-тадбирлар қилинганини гувоҳи бўлиб турибмиз. Май ойидан кўпчилик ишга чиқишга ҳаракат қилди, 30 фоиздан 50 фоизгача ишчиларини бўшатишга тўғри келган тадбиркорлар ҳақида ҳам эшитдик. Биз тадбиркорлар бунга мажбурмиз, чунки чиқимларни камайтирмасак, 50 фоиз эмас, 60-70 фоиз ходимдан воз кечишга тўғри келади. Қисқартиришлар бизнес жараёнига ўз таъсирини кўрсатади. Бу албатта мажбурликдан.

Пандемия даврида ходимларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бу йил май ойи аввалги май ойларига нисбатан оғир келди, фаолият жуда кам бўлди.

Кўплаб тадбиркорлар қатори биз учун ҳам бу машаққатли давр бўлиб турибди.

Ҳаммаси ўз йўлига тушганда, саъйҳаракатларимиз самарадорлигини ошириб меҳнат қилсак сентябрь ойидан бошлаб бизнесимизни 30 фоиздан 50 фоизгача оптималлаштириб олишимиз мумкин.

Бу машаққатли синовдан захирага эга тадбиркорлар, мажозий айтганда, захирадаги товуқларини сўйиб-сўйиб, бундай қора туннелдан ўтиб олишади. Туннелдан сентябрда чиқамизми ёки йилнинг охиридами аниқ эмас. Ҳаттоки, Россиядаги бизнес вакилларини кузатганимизда, улар “ўтган йилнинг мўлжали бўйича 100 фоиздан 120 фоиз режа қилгандик, энди эса 50 фоиз билан тугатсак ҳам катта гап” дея фикр билдиришмоқда.

– Сиз доим ҳаракатдаги инсонсиз. Карантин эркин ҳаракатланишни чеклади. Карантин вақтини қандай машғулотлар билан ўтказяпсиз?

– Бизнинг М-Фактор ижтимоий лойиҳамиз бор. У бизнесни ривожлантиришга, ўргатишга қаратилган онлайн таълим платформаси бўлгани учун карантин даврида деярли ҳар куни кўрсатувлар тайёрлаб боряпмиз. Ҳар куни карантинни иқтисодиётга таъсири, карантинни бизнесга таъсири каби мавзуларда ҳар хил соҳа мутахассислари билан онлайн суҳбатлар ташкил этиб бордик. Ўсиш тўхтаб қолса, чўкиши мумкин. Шунинг учун бу йўналишга кўпроқ эътибор қаратиб, таълимга йўналтирилган кўрсатувлар қиляпмиз.

Биз ҳам турли мутахассислардан турли малака ва кўникмаларни, тўғри қарор қабул қилишни ўргандик. Юртдошларимиз учун ҳам бу лойиҳамиз жуда фойдали бўлди, деб умид қиламиз.

– Биласиз, ҳозир пандемия сабабли жаҳон иқтисодида рецессия бошланди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу ҳолат анча вақт давом этадими ёки дунёда иқтисод тез изга тушиб кетадими?

– Пандемия биринчи зарба бўлди, пандемия дунёни, ортидан Ўзбекистонни иқтисодий инқирозга етаклади. Назаримда, камида йилнинг охиригача, яъни ўтган йилги ҳолатга келишимиз учун бу йил нисбатан машаққатли йил бўлади. Иқтисод ҳам худди касал бўлган инсон каби. Ўзига келиб, аввалги ҳолига қайтиши учун вақт талаб этилади. Ёзда енгил кийинамиз, лекин кетма-кет бир ҳафта ёмғир ёғиб турса, қалин кийинишга мажбур бўламиз. Худди шу каби биз ҳам айни дамда ишга чиқишга мажбурмиз ва шу билан бирга масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби қоидаларни тўғри ташкил қилган ҳолда чиқсак муваффақиятли бўлади. Йилнинг охиригача ўзимизни ўнглаб олишимизга ҳам замин бўлади.

– Шу кунларда ҳукуматнинг кўчмас мулк солиғини сентябргача тўламаслик ҳақида қарори қабул қилинди, бу бизнеснинг жонланишига ёрдам бера оладими ёки яна бошқа чоралар ҳам кўрилиши керакми?

– Ҳукуматимиз катта чора-тадбирлар кўрмоқда. Солиқни тўламаслик сентябргача кечиктирилиши бу яхши, аммо, сентябрдан кейин йиғилиб қолган солиқ, фоизларни савдо-сотиқ тушиб кетгани эвазига тўлаш қийинроқ бўлади. Сентябрда олдингидай даромад топиш бўлмайди, бу менинг шахсий фикрим. Балки ундай бўлмаслиги ҳам мумкин, ҳарҳолда буни шахсий кузатишларим асосида айтмоқдаман. Сентябрда иқтисод тикланиб, ҳамманинг даромади бирданига ошишига кўзим етмайди. Ҳукумат иқтисодни сақлаб қолиш учун чоралар кўраётгани, кишига умид беради. Ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг фикрларини ўқиганда, улар, давлат харажатларининг кўпайиши иқтисоднинг юриб кетишига олиб келиши мумкин, деб айтишмоқда. Масалан, йўл қурилиши, бино, кўприклар қурилиши учун катта маблағлар ажратилиши ҳам иқтисоднинг жонланиб кетишига сабаб бўлади. Албатта, бу жаҳон тажрибасида бор. Ҳозир тадбиркорлар иложи бўлса ишхонам биносини кичрайтирсам деб юрибди. Ваҳоланки, ўтган йил шу вақтда у ишчилар сонини оширган, ишлаб чиқариш биносини кенгайтирган эди. Ҳозир эса у ишчиларни қисқартириш ҳақида ўйлай бошлади. Инфляция, девалвацияларнинг олдини олган ҳолда. Буни мутахассислар, Молия вазирлиги билади, харажатлар талаб қиладиган соҳаларга эътибор берилиши иқтисодни юриб кетишига олиб келади.

Мамлакатимиз Президенти бошчилигида Марказий банк, солиқчилар инқироздан чиқиб кетиш йўлларини изламоқдалар. Улар оқилона қарорлар чиқариб, иқтисоднинг ҳаракатланишига, тадбиркорларни инқироздан олиб чиқилишига туртки бўладиган қарорлар чиқаришига ишонаман.

– Сизнинг бизнесингиз пандемия даврида қанчалик зарар кўрди?

– Киши елкасига ижтимоий масъулият жиҳатдан анчагина жавобгарлик ҳисси тушади. Ҳамкорлар олдидаги масъулият бор, гарчи савдо-сотиқ тўхтаган бўлса-да, ишлаб чиқариш тўхтаган бўлса-да, жой учун ижара тўловлари кўп тадбиркорларга оғир ботади. Биз, масалан, ҳозирча 2 ой ишламадик, биринчи ойда ишчиларимизга маош тўладик. Иккинчи ой эса ижтимоий ёрдам сифатида маблағ ажратдик. Энди сентябргача чидаб берамизми — йўқми, буни ҳозирча билмаймиз. Кўп корхоналарнинг қўлида маблағи қоладими — йўқми, аммо даромад кўриши бир ёқда турсин, ҳатто даромадидан эмас, ўз ёнидан ишчиларига ойлик тўлайди. Кўп тадбиркорларга келган муаммо, бизга ҳам келган. Ҳозир ходимларимизнинг иш соатларини қисқартирдик, олдин шанба куни ҳам иш бўлган бўлса, энди шанба дам олиш куни бўлди, олдин, иш вақти соат тўққиздан бошланган бўлса, энди соат ўндан бошланиб, кечки бешгача давом этмоқда.

– Ўзбекистон ҳукумати иқтисодни юргизиб юбориши учун қандай чоралар кўриши керак деб ўйлайсиз?

– Ҳукумат, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, кичик, ўрта бизнесга қулай кредитлар бериш йўлга қўйилмоқда. Яқинда 60 та касб эгалари солиқдан озод қилиниши ҳам иқтисоднинг жонланишига хизмат қилади. Бугун экилган кўчат бугун ҳосилга кирмайди, шу маънода кўпгина касбларга енгиллик берилиши узоқни кўзлаб иш юритилганини билдиради. Бу ижтимоий аҳвол яхшиланишига олиб келади, салбий оқибатларнинг олди олинади.

Мурод ЧОВУШ
суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.