ҚҚС ТЎЛОВЧИЛАРИНИ МАХСУС РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ: НИМАЛАРНИ БИЛИШ МУҲИМ?

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ 2020 ЙИЛ 2 МАЙДАГИ “СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРИНИ ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ ТЎЛОВЧИЛАРИ СИФАТИДА МАХСУС РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА”ГИ 3232-СОНЛИ ҚАРОРИДАН СЎНГ, ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИГА МАЗКУР ТАРТИБ БИЛАН БОҒЛИҚ КЎПЛАБ САВОЛЛАР КЕЛИБ ТУШГАН.

КИМЛАР ҚАЙТА РЎЙХАТДАН ЎТИШИ КЕРАК?

– Давлат солиқ қўмитасининг ягона автоматлаштирилган тизимига (ҚҚС тўловчилари реестри) киритилган ҚҚС тўловчилари янги Низом кучга кириши муносабати билан қайта рўйхатдан ўтишлари керакми?

– Мазкур Низом тасдиқлангунга қадар ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган (ҚҚС тўловчилар реестрига киритилган) солиқ тўловчилар учун қайта рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди. Шунингдек, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлар учун аввал берилган Гувоҳнома ва ҚҚС рўйхат рақами сақланиб қолинади


– Барча солиқ тўловчиларга ариза топширишнинг ягона муддати, яъни шахс ҚҚС тўлашга ўтиши шарт бўлган ойнинг 5-санасидан кеч бўлмаган муддат белгиланган. Бунда, солиқ органи ходимларига аризани кўриб чиқиш учун 5 кун ва солиқ тўловчига рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани юбориш учун яна 1 кун берилади. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?

– Биринчидан, барча солиқ тўловчилар учун ариза топширишнинг ягона муддати ойнинг 5-куни эмас. Бу фақат мажбурий тартибда рўйхатдан ўтувчилар учун, яъни мазкур Низомнинг 2-боби, 4-бандида келтирилган солиқ тўловчилар учун белгиланган.

Ихтиёрий тартибда рўйхатдан ўтадиган солиқ тўловчилар учун муддат Солиқ кодексининг 462-моддаси, 7-қисмида белгиланган бўлиб, бунда ариза ҚҚС тўлашга ўтиладиган ойнинг биринчи санасига қадар юборилиши зарур.

Иккинчидан, ушбу Низом билан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтадиган солиқ тўловчилар учун ойнинг 5-санасига қадар ариза топширишга имконият яратилган. Ваҳоланки, солиқ тўловчилар аризани ушбу ой бошлангунга қадар ёки ушбу ойнинг 5-санасигача бўлган муддатда тақдим этишлари мумкин.

Қуйидаги мисолларни кўриб чиқамиз:

1. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ташкилотнинг 2020 йил 31 майда товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган бўлса, ташкилот 1 июнидан ҚҚС тўловчиси ҳисобланади ва 2020 йилнинг 5 июнига қадар ариза тақдим этиши шарт.

2. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ташкилотнинг 2020 йил 15 майда товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган бўлса, ташкилот 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб ҚҚС тўловчиси ҳисобланади ва ушбу ташкилот ихтиёрида ариза тақдим этиш учун 21 кун муддат (2020 йилнинг 15 майидан 5 июнига қадар) мавжуд.

Иккала ҳолатда ҳам солиқ тўловчига бериладиган Гувоҳномада ушбу солиқ тўловчи 1 июндан ҚҚС солиқ тўловчилар рўйхатига олинган деб кўрсатилади.

Ихтиёрий тартибда ҚҚСга ўтиш бўйича мисол:

1-Мисол. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона 31 майда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза тақдим этган бўлса, 1 июндан ҚҚС тўловчиси ҳисобланади ва унга 1 июндан ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида Гувоҳнома расмийлаштирилади.

2-Мисол. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона 31 майдан кейин (яъни июнь ойида) ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза тақдим этган бўлса, у 1 июндан ҚҚС солиқ тўловчиси бўла олмайди. Корхона июнь ойида ариза юбориш орқали фақатгина 1 июлдан ҚҚС тўловчиси бўлиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун мисол:

1-Мисол. Якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЯТТ) товар айланмаси 2020 йилнинг 20 май куни 100 млн. сўмдан ошди. ЯТТ ихтиёрий равишда 5 кун ичида, яъни 25 май кунига қадар ариза тақдим этиш орқали 1 июндан бошлаб ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтади.

2-Мисол. Якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЯТТ) товар айланмаси 2020 йилнинг 20 май куни 100 млн. сўмдан ошди. ЯТТ ихтиёрий равишда 5 кун ичида ариза тақдим этмаган тақдирда, мазкур ЯТТнинг товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этгунга қадар 20 майдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси ҳисобланади.


– Қуйидаги ҳолатлар қўшимча аниқликлар киритилишини талаб этади, хусусан, қандай қилиб ҚҚС тўловчисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гувоҳномани олишдан олдин ҚҚС тўловчиси бўлиши мумкин?

– Агар, ҳамма нарса Низомда белгиланган тартибда бўлса ва вазифаларнинг бажарилишида лоқайдликка йўл қўйилмаса, ариза берилган кундан бошлаб рўйхатдан ўтишга қадар 11 кундан кўп бўлмаган муддат талаб этилади. Солиқ кодекси бўйича ҚҚС тўловчиси ҳисобланган бироқ, Гувоҳномаси ва ҚҚС тўловчиси рақами бўлмаган, рўйхатдан ўтиш давридаги янги солиқ тўловчи қандай мақомга эга бўлади?

– Солиқ тўловчи Солиқ кодексига асосан белгиланган тартибда ойнинг биринчи санасидан ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Аризани белгиланган тартибда ойнинг 5-санасига қадар тақдим этган бўлса, солиқ тўловчи ойнинг биринчи санасидан ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади ва рўйхатдан ўтказилган гувоҳномада 1-санадан ўтказилганлиги кўрсатилади.

Лекин, солиқ тўловчи аризани белгиланган муддатидан кечиктириб тақдим этган бўлса, ойнинг биринчи санасидан ҚҚС солиқ тўловчиси ҳисобланади ва ариза тақдим этилган санадан ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади ва шу санадан унда ҳисобга олиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Мисол: Корхона товар айланмаси май ойида 1 млрд. сўмдан ошди ва у 1 июндан ҚҚС тўловчиси ҳисобланади.

– 1-вариант, ариза 5 июнга қадар тақдим этилса – солиқ органи томонидан кўриб чиқилиб, 1 июндан ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатга олинсин деб қарор қабул қилинади ва расмийлаштирилган Гувоҳномада ушбу солиқ тўловчи 1 июндан рўйхатдан ўтган деб кўрсатилади.

– 2-вариант, ариза 5 июндан кейин кечиктириб тақдим этилса, масалан 9 июнда – солиқ органи томонидан кўриб чиқилиб, 9 июндан ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатга олинсин деб қарор қабул қилинади ва расмийлаштирилган гувоҳномада ушбу солиқ тўловчи 9 июндан рўйхатдан ўтган деб кўрсатилади.


– Агар ҚҚС тўловчиси рўйхатдан ўтиш жараёнида бўлса, у ҳолда ҳисобварақ-фактуранинг “ҚҚС солиқ тўловчиси рўйхат рақами” устунида нимани кўрсатиши керак? Ушбу даврда солиқларни ҳисоблаш ва контрагентлар билан муносабатларни ўрнатиш қандай амалга оширилади?

– Солиқ тўловчи аризани ойнинг 5-санасига қадар тақдим этган бўлса, у ҳолда ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида ойнинг 1-санаси билан рўйхатдан ўтказилишидан келиб чиқиб, бу даврда солиқ тўловчи хисобварақ-фактураларни ҚҚС билан расмийлаштириши шарт бўлади.

Гувоҳнома ва ҚҚС рўйхат рақами олингандан сўнг, зарур ҳолларда, илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура бекор қилинади ва унинг ўрнига тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Бунда солиқ тўловчи ва унинг контрагентларида солиқ ҳисоботларини тузишда (ҳисобот даври якуни билан) ҳисобга олиш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Агарда ариза белгиланган муддатидан кечиктириб тақдим этилган бўлса, у ариза тақдим этилган сана билан рўйхатдан ўтказилади ва рўйхатдан ўтка зилгунга қадар бўлган даврда унда ва унинг контрагентларида ҳисобга олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмайди.


– Шунингдек, янги Низомда солиқ тўловчини ҚҚС тўловчиларининг ягона реестридан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан реестрдан чиқарилгунга қадар бўлган вақт оралиғи ҳисобга олинмаганми?

Агар, корхона тегишли ариза юборган ҳолда ҚҚС тўлашни ихтиёрий равишда рад этса ва у ягона реестрдан кечроқ ўчирилган ҳолатда ҳам худди шу савол туғилади. Иккала ҳолат ҳам солиқ хатоликлари хавфини туғдириши мумкинми?

– Биринчи ҳолатда, Солиқ органлари томонидан ҚҚС тўловчилари рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда бир вақтнинг ўзида мазкур солиқ тўловчи автоматик равишда ҚҚС тўловчилари реестридан ҳам чиқарилади.

Иккинчи ҳолатда, Солиқ тўловчи ҚҚСдан воз кечиш ва айланмадан олинадиган солиққа ўтиш учун Солиқ кодексининг 462-моддаси 2-қисмига асосан, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтилаётган навбатдаги солиқ даври (календарь йил) бошланишига қадар ўн кундан кечиктирмай (яъни 21-декабрга қадар) хабардор қилиши лозим. Шундан сўнг корхона кейинги йил бошидан бошлаб ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.

Шу билан бирга, солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш ҳамда хатоликларни келтириб чиқармаслик мақсадида, мазкур Низом билан солиқ тўловчиларга ҚҚС тўловчилари реестридан чиқиш учун йил тугаганидан сўнг 5 кун ичида (5 январга қадар) ариза тақдим этиш имконияти берилган.

Масалан: Солиқ тўловчи 2021 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиққа ўтаётган бўлса, 2021 йил 5 январга қадар ариза топшириши лозим ва у 2021 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар реестридан чиқарилади. Агарда солиқ тўловчи 5-санага қадар ариза тақдим этган бўлса, хисобварақ-фактураларни 2021 йилдан бошлаб ҚҚСсиз расмийлаштириши лозим бўлади.

Ҳолат: Корхона 2021 йилдан айланмадан олинадиган солиққа ўтмоқчи ва Солиқ кодексига асосан 15 декабрда хабарнома берди (21 декабргача бериш керак), лекин 31 декабрга қадар унинг товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этди ва у ҚҚСда қолиши мажбурлиги маълум бўлди. Низомда мазкур жиҳатларини инобатга олиб, корхона йил тугагандан кейин 5 январга қадар (яъни 1 январдан ҚҚС солиқ тўловчи ҳисобланмаган ҳолда) ариза юбориш орқали ҚҚС тўловчилари реестридан чиқиб кетиш тўғрисида меъёр назарда тутилган.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитаси
Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси
давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.