Чет эл юридик шахсларининг солиқ органларида ҳисобга қўйишда тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди

Маълумки, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан бир қатор солиққа тортиш тартибларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган электрон шаклдаги хизматларни реализация қилишни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари бундай хизматларни жисмоний шахсларга кўрсатишга оид қисм бўйича солиқ тўловчилар деб эътироф этилди.

Яъни, содда қилиб айтганда жисмоний шахсларга интернет орқали электрон тарзда хизмат кўрсатаётган чет эл юридик шахслари қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида солиқ органида ҳисобда туриб солиқ тўлайди.

Бу қандай бўлади дейсизми? Албатта барчаси электрон тарзда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан мамлакатда жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи хорижий юридик шахслар учун ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти тақдим этилди.

Электрон хизматлар деганда дастурий таъминотдан фойдаланиш, шу жумладан, интернет тармоғи орқали ўйинлар, электрон китоблар, ўқув қўлланмалари, мусиқа асарлари ва бошқалардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тушунилади.

Эндиликда бу каби хорижий юридик шахсларни солиқ органидан рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан чиқариш) электрон хизмат кўрсатувчилар учун ҚҚС-офиснинг http://tax.uz веб-сайти орқали амалга оширилади. Сайт рус ва инглиз тилларида фаолият юритади.

Ушбу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, ҳисоботларни тақдим этиш ва солиқни тўлаш, шунингдек, саволларга жавоб олиш имконини яратади.

Шахсий кабинетдан фойдаланишга рухсат олиш учун рўйхатдан ўтиш ҳақида тегишли ариза бериш керак. Буни сайтнинг “ариза бериш” бўлимида онлайн тарзда амалга ошириш мумкин.

Бунда компаниянинг номи, унинг манзиллари, электрон почтаси, рўйхатга олинган мамлакати, тақдим этаётган хизматлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатадиган электрон ариза тўлдирилиши талаб этилади.

Ушбу талаблар белгиланган Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 11 майдаги “Чет эл юридик шахсларини солиқ органларида ҳисобга қўйишда (ҳисобдан чиқаришда) тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори Адлия вазирлигида 3234-сони билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур қарорга асосан аризага хорижий ташкилотнинг келиб чиқиши тегишли бўлган мамлакатнинг юридик шахслар реестридан кўчирма ёки ҳуқуқий мақомини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.

Барча керакли маълумотлар тақдим этилгач, 15 кун ичида шахсий кабинетга кириш фаоллашади ва рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган электрон почта орқали билдиришнома юборилади.

Ўтган давр мобайнида 12 та дунёнинг энг йирик компаниялари Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида ихтиёрий тарзда рўйхатдан ўтди.

Албатта бу Давлат солиқ қўмитаси томонидан қабул қилинган ушбу қарор асосида содда, яъни биргина ҳужжат орқали онлайн тарзда рўйхатга қўйиш йўлга қўйилганлиги билан боғлиқ.

Юқоридаги рўйхатдан ўтиш қоидалари Ўзбекистонда доимий муассасалари орқали тўғридан-тўғри хизмат кўрсатадиган хорижий компанияларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай компаниялар Ўзбекистон Республикасидаги юридик шахслар учун белгиланган тартибда ҚҚС тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

Электрон кўринишда хизмат кўрсатадиган хорижий компанияларни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш қоидаларининг янгилиги ва техник имкониятларни тайёрлаш жараёни бирмунча вақт талаб этишини ҳисобга олиб, жорий йил бошида рўйхатдан ўтказишни кечиктирганлик учун жарималар қўллаш назарда тутилмаган.

Комил САЙИДОВ,
ДСҚ бошқарма бошлиғи ўринбосари.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.