ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ва ортиқча солиқларни қайтариш тартиблари 99-100 моддалар)

Кодексда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига нисбатан солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш тартиби қўлланилмаслиги қайд этиб ўтилган.

Солиқ тўловчи манфаатдор шахсга солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини берувчи ваколатли органлар кимлар, бу имкониятлар қандай шартлар асосида, қайси солиқ турларига берилади?

Айнан, кодекснинг 99-моддасида солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли органлар қайд этилган бўлиб, улар қуйидагилардир:

► Давлат солиқ қўмитаси, асосан қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлари бўйича, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бир йилдан ошмаган муддатгача беришга ҳақли;

► маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, молмулк солиғи, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти икки йилгача муддатга беришга ҳақли;

► Давлат божхона қўмитаси мамлакат божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича — божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда;

► Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юқорида кўрсатилган барча солиқлар ва ижтимоий солиқ бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини уч йилгача муддатга беришга ҳақли. Қайд этиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасига кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни истисно этадиган ҳолатларда ҳам белгиланган чекловлардан четга чиққан ҳолда беришга ҳақли.

Солиқ кодексида солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари ҳам келтирилган бўлиб, унга мувофиқ манфаатдор шахснинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса ва унда бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келишига етарлича асослар мавжуд бўлса, имконият берилиши мумкин (100-модда).

Ўз навбатида кодексда солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга қуйидаги асослардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкинлиги белгиланган:

1) манфаатдор шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилган бўлса;

2) манфаатдор шахсни бюджетдан молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки у томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш муддатини кечиктирса;

3) манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкрот) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келса;

4) жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этса;

5) манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга бўлса;

6) Республикамизнинг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асослар мавжуд бўлса.

Таъкидлаш жоизки, манфаатдор шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилган бўлса ёки солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкрот) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келса, шунингдек божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш зарурияти пайдо бўлганда, юридик шахсга – унинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага, жисмоний шахсга эса – унинг мол-мулки қийматидан ошмайдиган суммага, тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.

Шунингдек, кодекс қоидаларига мувофиқ юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор солиқ органига ёзма ёки шахсий кабинети орқали хабарнома юбориб, солиқ аудити натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар шунингдек, молиявий санкцияларни текширув материалларини кўриб чиқиш бўйича қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда тўлашга ҳақли.

Кодекс нормаларига мувофиқ, агар солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилган ёки бюджетдан молиялаштириш кечиктирилиши оқибатида бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш муддатини кечиктирилган бўлса (1-2 ҳолат) бунда, кечиктирилган қарз суммаларига фоизлар ҳисобланмайди.

Қолган ҳолатлар асосларига кўра (3-6 ҳолат), солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган бўлса, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даврида амалда бўлган Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда қарз суммасига фоизлар ҳисобланади.

Масалан, солиқ тўловчининг 10,0 млн. сўм солиқ қарзини 2020 йил майдан уч ой муддатга кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси 2020 йил 1 май ҳолатига 15 фоизга тенг, демак кунлик пеня ставкаси 0,050%(15/300) ҳисобланган пеня суммаси 0,450 (10,0*0,05%*90) млн. сўмни ташкил этади.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар илова қилган ҳолда тегишли ваколатли органга тақдим этилади:

1) манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг унинг солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;

2) манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг мазкур шахсга банкларда очилган барча ҳисобварақлар рўйхати кўрсатилган маълумотномаси;

3) манфаатдор шахснинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича кўрсатилган ариза берилишидан олдинги олти ой давомида ҳар ойлик пул маблағлари айланиши тўғрисида, шунингдек унинг ҳақи тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мавжудлиги тўғрисида ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида банклар маълумотномалари;

4) манфаатдор шахснинг банклардаги барча ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларининг қолдиқлари тўғрисида банклар маълумотномалари;

5) манфаатдор шахснинг солиқни тўлаш муддати ўзгартирилган даврда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор қайси шартларга кўра қабул қилинган бўлса, ўша шартларга риоя этилишини назарда тутувчи мажбурияти, шунингдек қарздорликни сўндиришнинг тахминий графиги;

6) солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш асослари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.