Кам таъминланган оилаларга нафақаларни тўлаш “ягона реестр” орқали амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 308-сонли Қарорига асосан, Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ҳамда тайинлаш белгиланган.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича 2019­2020 йилларда Қўшма икки йиллик иш режаси асосида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонасининг гранти асосида Жаҳон банкининг техник ва эксперт жиҳатидан қўллабқувватлаши ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бундан олдин кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ва тайинлаш Вазирлар Маҳкамасининг 44-­сонли Қарорига асосан Махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилган бўлиб, Комиссия таркибига эса ўзини ўзи бошқариш органи маслаҳатчилари, котиби, ушбу орган ҳудудига бириктирилган ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими, шунингдек зарурият бўлганда, ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ва молия органлари вакилларидан таркиб топган. Бундан кўриниб турибдики, ушбу Қарорда нафақаларни тайинлаш масаласи инсон омилига боғлаб қўйилган ва бундан ташқари, асосий масалани ҳал қилиш учун ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларига юқори ваколатлар бериб қўйилган.

Сирдарёда тажрибадан ўтказилмоқда

Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга оширилаётган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими дастурида инсон омилисиз (ходимлар иштирокисиз) дастур орқали ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, дастурга киритилган маълумотлар асосида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ва тайинлаш тартиби автоматик (техник) тарзда ҳал этиладиган бўлди.

Мазкур “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига боғланган Вазирлик ва ташкилотлар билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, қуйидаги ташкилот ва идоралар ушбу дастурга боғланган:

  • Адлия вазирлиги (ФҲДЁ бўлимлари)
  • Молия вазирлиги (Молия, Ғазначилик ва Пенсия жамғармаси)
  • Ўздавгеодезкадастри
  • Давлат солиқ қўмитаси,
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,
  • Давлат персоналлаштириш маркази,
  • Туман (шаҳар) ҳокимликлари,
  • Ички ишлар вазирлиги (Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати)
  • Соғлиқни сақлаш вазирлик (ТМЭК)лари.

Мазкур амалиётда фойдаланиш тартиб қоидалари ҳамда кам таъминланган оилаларга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамлар тайинлаш ва тўлаш тартибида холислик, шаффофлик ва ижтимоий адолат принципларига юқори даражада амал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги “Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 13 апрелдаги 308-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 286-сонли қарори ижросини тўғри амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вақтинчалик Низом қабул қилинган бўлиб, унга кўра фуқаролардан қабул қилинган аризаларга айрим ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим қилишлари белгилаб қўйилган. Жумладан, паспорт нусхаси, никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси, оила аъзоси таркибига кирадиган фарзандларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари ва оиланинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни талаб қилиш амалиёти жорий этилган.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида ижтимоий нафақаларни тайинлашда Пенсия жамғармалари туман марказида жойлашганлиги, нафақа тайинлаш мутахассислари сони кам ажратилганлиги, аҳоли яшайдиган ҳудудлар марказдан олисдалиги сабабли, ҳужжатларни фуқаролардан қабул қилиш ва Пенсия жамғармаларига тақдим қилиш учун ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари хизматларидан ҳозирги кунда (вақтинча) фойдаланиб келинмоқда.

Амалиётда ҳозиргача Пенсия жамғармасига боғлиқ бўлмаган бошқа идораларга алоқадор бўлган айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд бўлиб, “Ягона реестр” АТ дастурига боғланган айрим корхона ва ташкилотлар маълумотларидаги мавжуд камчиликларни ҳамда Дастурдаги техник хатоликларни бартараф этиш борасида Молия вазирлиги ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан зарур чоралар кўрилиб, босқичма-босқич бартараф этиб борилмоқда.

Янги қарор билан нималар ўзгарди?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги 286- сон Қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 308-сон Қарорига Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида аниқланган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Низомга асосан нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун компенсация бериш бўйича қўшимчалар киритилди. Шунингдек, ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадининг миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғланиб, бунда миқдорий кўрсаткич (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – МТЭМнинг 52.7% — 358006.91 сўм) ўзгаришсиз қолдирилди.

Электрон шаклда олиш имконияти бўлмаган маълумотлар қоғоз шаклида талаб қилиш, оиланинг якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ҳар бир аъзоси даромади сифатида нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун мурожаат этган ойдаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инобатга олиниши, нафақа ёки моддий ёрдам тайинлашда расман бандлик ва меҳнат муносабатлари органларида “ишсиз” деб қайд этилган фуқароларни ҳисобга олиш (ишсиз, иш қидираётган ва бошқалар) назарда тутилган.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ва компенсацияларни ишончнома асосида ҳам амалга ошириш ҳуқуқи киритилган бўлиб, Вақтинчалик низомнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 октябргача узайтирилди.

Нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари техник хатолик натижасида хато аниқланганда нафақа, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари тўхтатилиши, ушбу ҳолат бўйича ариза берувчига электрон хабарнома ёки СМС-маълумот юборилиши белгиланди.

Нафақа, моддий ёрдам ва компенсация тўловларни тўлаш бўйича ҳар бир иштирокчи ходимларнинг жавобгарлиги аниқ белгиланиб, Пенсия жамғармасида “Ички аудит бошқармаси” томонидан нафақалар тайинлаш ва тўлаш жараёнини назорат қилиш ваколати белгиланди.

2020 йилнинг июль ойидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимининг босқичма-босқич амалиётга жорий қилиниши ва бу орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларнинг инсон омилисиз (инсон иштирокисиз) тайинланиб, тўланиши бу жамиятимизда ижтимоий адолатлиликни таъминлашига хизмат қилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2020 йилнинг 16 май санасидан эътиборан кучга кирган.

Шерзод САПАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.