ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқ мажбурияти ва уни бажаришнинг умумий қоидалари 96-98 моддалар)

Ваколатли шахс суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган жисмоний шахснинг у бедарак йўқолган деб топилган кунда вужудга келган барча солиқ қарзини шу бедарак йўқолган шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки ҳисобидан узиши шарт.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти шу муомалага лаёқатсиз шахснинг мол-мулки ҳисобидан унинг васийси томонидан бажарилади.

Васий муомалага лаёқатсиз жисмоний шахснинг солиқлар бўйича барча солиқ қарзини шу муомалага лаёқатсиз шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки ҳисобидан узиши шарт.

Агар суд томонидан бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг солиқ мажбуриятни бажариш, шу жисмоний шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки кўрсатилган мажбуриятни бажариш учун етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган тақдирда, ундирув тегишли солиқ органининг қарори билан тўхтатилади.

Жисмоний шахсни бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топишни бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилинган тақдирда, тўхтатиб турилган мажбуриятларнинг бажарилиши мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан тикланади.

Бунда суд томонидан бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахсларнинг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятлари юклатилган шахслар солиқ тўловчилар учун белгиланган тартибда барча ҳуқуқлардан фойдаланади ва барча мажбуриятларни бажаради.

Солиқ кодексининг 96-моддасида, айрим солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари зиммасида турган солиқларнинг тўланиши ва (ёки) ундирилишининг имкони бўлмай қолганда бундай қарз умидсиз солиқ қарзи деб эътироф этилиши белгиланиб, умидсиз солиқ қарзи қуйидаги ҳолатлар (мезонлар) бўйича аниқланиши таъкидланган:

► юридик шахс тугатилганда — юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) шу юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда унинг солиқ қарзини узиш имкони бўлмаганлиги сабабли унинг узилмай қолган қисми бўйича;

► якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда — қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзининг узилмай қолган қисми бўйича;

► жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда — унинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда, унинг солиқ қарзининг ушбу узилмай қолган қисми бўйича;

► суд томонидан ҳужжат қабул қилиниб, унга мувофиқ солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганда, жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;

► Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ, чет эл юридик шахси солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда – доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва қонунчиликда белгиланган миқдор ва тартибда Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли тўланмаган солиқ қарзи бўйича ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади.

Бунда агар чет эл юридик шахси Солиқ кодекси қоидаларига кўра солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда, унинг умидсиз солиқ қарзи қайта тикланиши лозим бўлади.

Солиқ кодексида солиқ қарзини ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилувчи ваколатли органлар белгиланган бўлиб, улар тегишлилигича солиқ ҳамда божхона органлари ўз ваколатлари доирасида қарор қабул қилишлари мумкинлиги белгиланиб, ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби ва ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланиши;

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича солиқ қарзини ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тартиби ва ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ва ортиқча солиқларни қайтариш тартиблари

Мамлакатимиз солиқ қонунчилигида солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш солиқ механизмининг асосини ташкил этиб, ушбу механизм орқали бир томондан солиқ мажбуриятларининг бажарилиши назорат қилиб борилса, иккинчи томондан давлат бюджети даромадларининг барқарорлиги таъминланиб борилади.

Ўз навбатида, солиқларни тўлаш тартибларини оптималлаштириш орқали солиқ тўловчи учун қулай бўлган солиқ тўлаш муддатлари белгиланиб, бу уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, амалдаги Солиқ кодексига солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш юзасидан янгидан киритилган ҳуқуқий меъёрлар уларни инвестициявий фаоллигини оширишнинг қонуний асослари бўлиб хизмат қилади.

Жумладан, Солиқ кодексининг 97-моддасида, солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш деб эътироф этилиб, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилиши белгиланган.

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, шу солиқ бўйича тегишлича бир йўла ёки босқичмабосқич қарз суммасини тўлаган ҳолда, ушбу солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришдан иборат бўлиб, мазкур имконият солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар юзага келган қарз суммасига ёки келгусида юзага келадиган қарз суммасига нисбатан берилади.

Солиқ кодексида, солиқ тўлаш муддатини ўзгартирилишига талабгор шахс бўлган – манфаатдор шахс солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида ариза беришга ҳақли бўлиб, бундай ариза бир ёки бир нечта солиқ турига нисбатан берилиши мумкин ва аризани кўриб чиқиш чоғида солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли орган манфаатдор шахс билан келишган ҳолда қонунчиликда белгиланган шартлар асосида кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида қабул қилиши мумкинлиги белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, солиқ тўлаш муддатининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва солиқ тўловчида янги мажбуриятларни вужудга ҳам келтирмайди. Лекин пеня ва жарима тўлаш қоидалари солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда ҳам қўлланилади. Масалан, солиқ тўловчига кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича имконият берилди, лекин шу давргача унда солиқлардан муддатида тўланмаган қарзи мавжуд ва ушбу солиқ қарзига муддатида тўланмагани учун белгиланган тартибда пеня ҳисобланади ёки солиқ тўловчи кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлган даврда солиқ ҳисоботларини тузиш ва тақдим этишда қоидабузарликка йўл қўйди. Албатта бундай ҳолатларда унга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилади.

Солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш белгиланган органларнинг қарорига мувофиқ, мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.

Шу билан бирга, Солиқ кодексида солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни истисно этадиган, яъни имконият берилмайдиган ҳолатлар ҳам белгиланган бўлиб, улар қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига тўғри келса, манфаатдор шахсга нисбатан солиқни тўлаш муддати ўзгартириши имконияти берилмайди (98-модда):

► агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса;

► манфаатдор шахс бундай ўзгартиришдан солиқ солиниши лозим бўлган ўз пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яшириш учун фойдаланишини ёки у доимий яшаш учун республикамиздан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса;

► манфаатдор шахс, солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ариза берган кундан олдинги уч йил мобайнида ваколатли органнинг солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тугатиш тўғрисида қарори чиқарилган бўлса;

► банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинмайди ва ҳаттоки, қабул қилинган бўлса, бу қарор бекор қилиниши шарт ва бу ҳақида манфаатдор шахсни у ҳисобда турган жойдаги солиқ органи уч кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши лозим. Ўз навбатида, манфаатдор шахс бундай қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли эканлиги кодексда белгилаб қўйилган.

(давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ, 
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.