ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР ВА ЁЛЛАНГАН ХОДИМНИ ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Республикамизда давом этаётган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши “Карантин” тадбирлари давомида зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни ҳамда тўловларни идора ва ташкилотларга бормасдан масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари тўғрисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу сабабли, бугун якка тартибдаги тадбиркорни ҳамда улар томонидан ёлланган ходимларни давлат рўйхатидан ўтказишни интернет тармоғи орқали масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари тўғрисида маълумотлар берамиз.

I. Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатдан ўтказиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида” Низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорни (оилавий тадбиркорлик субъектини) давлат рўйхатидан ўтказишни икки хил усулда, яъни доимий рўйхатда турган ёхуд доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки интернет тармоғи орқали амалга ошириш мумкин.

А. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ўзи бориб рўйхатдан ўтказиш учун:

1. Ариза берувчи томонидан Давлат хизматлари марказининг масъул ходимига фуқаролик паспортини ва давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк ҳужжатини тақдим этади;

2. Масъул ходим томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали шакллантирган ариза якка тартибдаги тадбиркор томонидан тўлдирилиб имзоланганидан сўнг тегишли маълумотларни тизимга киритади ва тадбиркорлик гувоҳномаси расмийлаштириб берилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтказиш учун жисмоний шахс электрон рақамли имзо калитига эга бўлиши лозим.

Электрон рақамли имзо калити Давлат хизматлари марказидан олинади (ушбу калитни интернет тармоғи орқали ҳам олиш мумкин).

Б. Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш учун:

1. Жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали fo.birdarcha.uz сайтига кирилади.

2.Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” бўлимида “ERI bilan kirish” тугмаси орқали аризачи кабинетига ўтилади.

3. Кетма-кетлик билан “Ro’yxatdan o’tkazish”, “Yangi korxonani ro’yxatdan o’tkazish” ва “Jismoniy shaxs bo’lgan tadbirkorlik subyektlarini ro’yxatdan o’tkazish” бўлимларига кирилади.

4. Рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризанинг барча босқичларидаги тегишли маълумотлар (жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотлар, тадбиркорлик шакли, фаолият тури, амалга ошириш жойи ва ҳ.к.) киритилиб, давлат божи тўлови амалга оширилганидан сўнг якка тартибдаги тадбиркорни (оилавий тадбиркорлик субъектини) давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома шаклланади.

5. Мазкур тадбиркорлик гувоҳномаси компьютер қурилмаси орқали қоғозга чоп этилади ҳамда у Давлат хизматлари марказига борган ҳолда олинган гувоҳнома билан бир хил кучга эга бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркорни Давлат хизматлари марказига борган ҳолда рўйхатдан ўтказишда давлат божи энг кам базавий ҳисоблаш миқдорида (223 минг сўм) ҳамда интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтказишда 50 фоизи миқдорида (111,5 минг сўм) тўланади.

II. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни рўйхатдан ўтказиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарори билан тасдиқланган “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, ёлланган ходимларни рўйхатдан ўтказиш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Ходимни ёллашда якка тартибдаги тадбиркор дастлаб ходим билан ёзма меҳнат шартномасини тузади. Меҳнат шартномасининг намунавий шакли мазкур Низомнинг 2-иловаси билан тасдиқланган.

Якка тартибдаги тадбиркор ёлланган ходимларини рўйхатдан ўтказишни ўзи рўйхатда турган давлат солиқ инспекциясига борган ҳолда ёки интернет тармоғи орқали амалга ошириши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.

A. Ёлланган ходимни ўзи бориб рўйхатдан ўтказиш учун:

1. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходим билан меҳнат шартномаси имзоланганидан кейин уч кун муддатда ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ инспекциясига ариза тақдим этади (ариза шакли мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ тасдиқланган). Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

► меҳнат шартномасининг нусхаси;

► ходимнинг 3 х 4 см ҳажмдаги 2 дона фотосурати;

► ёлланган ходим паспортининг нусхаси.

2. Давлат солиқ инспекциясининг масъул ходими ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани олганидан сўнг тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, якка тартибдаги тадбиркорга Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини беради (карточка шакли мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ тасдиқланган).

Б. Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш учун:

1. Якка тартибдаги тадбиркорнинг электрон рақамли имзоси орқали my.soliq.uz сайтига кириб, шахсий кабинетга ўтилади.

2.Ёлланган ходимларни рўйхатдан ўтказиш” хизмати танланади.

3.Ёлланган ходимларни рўйхатдан ўтказиш” хизматини танлайди.

4. Ариза шаклида ёлланган ходим тўғрисидаги сўралган маълумотлар киритилиб, унинг фотосурати, фуқаролик паспорти ҳамда меҳнат шартномасининг нусхалари бириктирилган ҳолда “Аризани жўнатиш” тугмаси босилади.

5. Ҳосил бўлган Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкаси қоғозда чоп этилади.

Мазкур ҳужжатлар давлат солиқ инспекциясига борган ҳолда олинган ҳисобга қўйиш карточкаси билан бир хил кучга эга.

Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини вақтинча тўхтатиш ёки муддатидан аввал бекор қилиш ҳам томонларнинг келишувига мувофиқ худди шу тартибда амалга оширилади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
ДСҚ давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.