Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҲИСОБЛАНИШИ ВА ИМТИЁЗЛАР

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2019 йил 1 январдан мамлакатимиз солиқ тизимида қатор муҳим ўзгаришлар бўлди. Қисқача айтганда, солиқ юки ва турлари камайтирилди, айримлари бекор қилинди, солиқ тизими соддалаштирилди.

Шу билан бир қаторда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 4 шкалали ва ҳисоблаб чиқарилиши мураккаб бўлган тизимидан воз кечилиб, 12 фоиз миқдорида (2018 йилда 0; 7,5; 16,5; 22,5 %)ги ягона ставка жорий этилди

Масалан, илгари 4 поғонали ставкаларда ундириб келинган ва юқори ставкаси 22,5 фоиз бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, 2019 йил 1 январдан бошлаб, бир хил 12 фоизга пасайтирилиши фуқаролар даромадларининг ортиши билан бирга, мамлакатда яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш ва иш ўринларини қонунийлаштиришга хизмат қилмоқда.

Янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодексига асосан, илгари амал қилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари ўзгаришсиз қолди. Бугунги кунда сир эмаски, мамлакатимизда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ҳар бир жисмоний шахс олаётган ойлик иш ҳақидан даромад солиғи тўлайдилар.

Ушбу мақоламизда фуқароларимиз, яъни жисмоний шахслар олаётган ойлик иш ҳақларига солиқ қонунчилигига мувофиқ қандай тарзда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланиши мезонларини кўриб чиқамиз.

Демак! Солиқ тўловчилар

Солиқ базаси

1) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар учун – солиқ имтиёзларини ҳисобга олган ҳолдаги жами даромадлари;
2) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун – солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолдаги жами даромадлари.

Солиқ ставкалари

Жами даромаднинг таркиби

Солиқ кодексига асосан қуйидагилар жами даромадга киради:

1) Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
2) Мулкий даромадлар;
3) Моддий наф тарзидаги даромадлар;
4) Бошқа даромадлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:

1) қонунчиликка мувофиқ бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
2) илмий даража ва фахрий унвон учун устамалар;
3) рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;
4) компенсация тўловлари (компенсация);
5) ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш;
6) ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳақ ҳисобланган бошқа тўловлар.

Мулкий даромадлар:

1) фоизлар;
2) дивидендлар;
3) мол-мулкни ижарага беришдан ёки реализация қилишдан олинган даромадлар;
4) солиқ тўловчининг патентдан бошқа шахс фойдасига воз кечганда ёки лицензия шартномаси тузганда олган даромади;
5) роялти;
6) ишончли бошқарувга берилган мол-мулк бўйича ишончли бошқарувчидан олинган даромад;
7) РЕПО операциялари бўйича даромад;
8) қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг ҳосила молиявий воситалари билан операциялар бўйича даромад;
9) чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;
10) оддий ширкат шартномасига мувофиқ иштирок этишдан олинган даромадлар;
11) мулкий хусусиятга эга бошқа даромадлар.

Моддий наф тарзидаги даромадлар:

1) солиқ агенти томонидан солиқ тўловчи манфаатларини кўзлаб, товарлар (хизматлар), мулкий ҳуқуқлар ҳақини (ўқитиш, тарбиялаш, ётоқхона харажатлари, даволаниш ва бошқа харажатлар) тўлаш;

2) солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб текин, шу жумладан ҳадя шартномаси бўйича берилган мол-мулкнинг ва кўрсатилган хизматларнинг қиймати;

3) товарларни (хизматларни) солиқ тўловчиларга реализация қилиш нархи ҳамда ҳисоблаб чиқарилган қиймати ўртасидаги салбий фарқ;

4) қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларга темир йўл, авиация, дарё, автомобиль транспорти ва шаҳар электр транспортида юриш бўйича бериладиган имтиёзлар суммаси;

5) жисмоний шахснинг солиқ агенти олдидаги қарзининг юридик шахс қарори билан ҳисобдан чиқарилган суммалари;

6) солиқ агенти томонидан тўловлар ҳисобига тўланиб, солиқ тўловчидан ушлаб қолиниши лозим бўлган, лекин ушлаб қолинмаган суммалар.

Бошқа даромадлар:

1) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан солиқ тўловчиларга бериладиган нафақалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам;

2) ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар;

3) жисмоний шахслардан текин олинган мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг қиймати;

4) совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотлари;

5) ютуқлар;

6) грантларнинг суммалари;

7) яратилган илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари учун олган даромадлари;

8) халқаро спорт мусобақаларидаги совринли ўринларни эгаллаганлиги учун бериладиган пул мукофоти;

9) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа тўловлар;

10) вафот этган ходимнинг оила аъзоларига, ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, бола туғилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш учун кўрсатиладиган моддий ёрдамлар;

11) ишламайдиган пенсионерларга солиқ агенти томонидан тўланадиган тўловлар;

12) маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пуллик тўловлар;

13) нархларга тузатиш киритиш туфайли олинган даромад;

14) ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромад;

15) бошқа даромадлари.

Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан жисмоний шахслар томонидан 19 та йўналишда олинадиган даромад турларига солиқ солинмайди. Жумладан:

1) вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга ҳамда солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда бериладиган моддий ёрдам пуллари;

2) ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадлар;

3) Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов;

4) Олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари. Бунда, агар солиқ даври давомида жами 5 млн. сўмгача бўлган миқдорда қоплашга, башарти якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 3 млн. сўмдан ошмаса ҳамда у дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

Мисол учун, 2020 йил февраль ойи учун корхона ходимига жами 2 500 000 сўм пул тўлаган бўлса, шундан:
иш ҳақи 1 000 000 сўм;
мукофот пули 500 000 сўм;
бола туғилиши муносабати берилган молиявий ёрдам 1 000 000 сўмни ташкил этган.
Бунда 1 000 000 сўм + 500 000 сўм + 1 000 000 сўм = 2 500 000 сўм. 
Шундан 1 000 000 сўм бола туғилиши муносабати берилган молиявий ёрдам пулига (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан камни ташкил этиши сабабли) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Бунда 1 000 000 сўм + 500 000 сўм + 1 000 000 сўм = 2 500 000 сўм — 1 000 000 сўм (имтиёз) = 1 500 000 х 12% = 180 000 сўм жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади.

Ипотека кредитлари ва солиқ имтиёз

Солиқ тўловчининг олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмгача бўлган миқдорда қоплашга, йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди. Бунда башарти якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати уч юз миллион сўмдан ошмаса, дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

Мисол учун: жисмоний шахс томонидан 2020 йил февраль ойидан бошлаб 20 йиллик муддатга 250 млн. сўмга ипотека кредити асосида уй-жой харид қилди ва олинган кредит ва фоиз учун тижорат банкига ойлик иш ҳақидан 18 млн. сўм қайтарди.

Ушбу ҳолатда ипотека кредити ва унга ҳисобланган фоиз учун ортиқча ўтказилган 3 млн. сўм солиқ ҳисобланиши лозим бўлади.

Иккинчи ҳолат агар жисмоний шахс ипотека кредити асосида 300 млн. сўмдан ортиқ қийматга эга бўлган уй-жой харид қилиб, солиқ даврида олинган кредит ва фоизларни қайтариш учун 15 млн. сўм йўналтирса ҳам имтиёздан фойдаланишга ҳақли эмас.

Қуйидаги жисмоний шахслар ҳар ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқдан озод қилинади:

● “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган шахслар;

● уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар;

● болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари. Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

● собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари);

● икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар;

● икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар;

● болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ имтиёзи

Солиқ кодексининг 369-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги 566-сонли қарори талабларига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган фуқаролар меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жами даромад таркибига киритилмайди ва солиқ солинмайди.

Коронавирус пандемияси даврида имтиёз ва енгилликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонига асосан 2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5986- сонли Фармонига асосан:

► Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан, «Саховат ва қўмак» фондидан, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондидан олинган беғараз ёрдам суммалари, жисмоний шахсларнинг (рўйхатига киритилган бўлса) даромади сифатида қаралмайди;

► 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5-бараваригача оширилиши белгиланди.

Солиқ даври. Ҳисобот даври

Календарь йил — солиқ даври.
Солиқ агентлари учун ҳисобот даври — бир ой.

Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби

Солиқ агентлари жисмоний шахсларнинг солиқ даврида олган даромадларидан келиб чиққан ҳолда солиқни ҳисоблаб чиқаради ҳамда тўлов манбаида қўлланилган солиқ имтиёзлари, ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқлар ҳисобини юритади.

Мажбурият ва жавобгарлик

Солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиш мажбурияти солиқ тўловчига даромад тўлайдиган ва солиқ агентлари зиммасига юклатилади.

Солиқ агентлари жисмоний шахснинг талабига биноан унга даромадларининг суммалари ва турлари ҳақида, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммаси тўғрисида маълумотнома бериши лозим.

Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа солиқ агентларидан совға, моддий ёрдам ва бошқа турлардаги ёрдам олган жисмоний шахсларнинг солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш жисмоний шахс йиллик жами даромади тўғрисида декларация топширганда солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

УНУТМАНГ! Сизларнинг қонуний тарзда меҳнат қилишларингиз, аввало ўз манфаатларингизга хизмат қилади. Хусусан, қонуний асосда меҳнат қилганингизда Солиқ кодекси ва Меҳнат кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнатга оид бошқа қонунларида келтирилган барча ҳақ-ҳуқуқлардан тўлақонли фойдаланиш имконига эга бўласиз.

Шаҳбозхон ҒАЙРАТОВ,
Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси
давлат солиқ катта инспектори.

НА РУССКОМ ЯЗЫКЕ:


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.