ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқ мажбурияти ва уни бажаришнинг умумий қоидалари 93-95 моддалар )

Қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришда, солиқ тўловчилар учун кодексда белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади ва зиммасига барча мажбуриятларни олади, шунингдек ҳуқуқий ворис томонидан унинг солиқ мажбуриятларини бажариш муддатлари ўзгартирилмайди.

Агар бир неча юридик шахслар қўшиб юборилганда, уларнинг мажбуриятларини бажариш қисми бўйича бундай қўшиб юбориш натижасида вужудга келган юридик шахс уларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Бир юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб олинганда, уни қўшиб олган юридик шахс солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича қўшиб олинган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси бўлади.

Бордию юридик шахс бўлинганда, бундай бўлиш натижасида вужудга келган юридик шахслар солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича унинг ҳуқуқий ворислари деб эътироф этилади.

Бунда бир неча ҳуқуқий ворислар мавжуд бўлган тақдирда, улардан ҳар бирининг қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ мажбуриятини бажаришдаги иштироки улуши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган тақсимлаш баланси орқали аниқланади.

Агар тақсимлаш баланси ҳар бир ҳуқуқий ворисининг улушини аниқлаш имконини бермаса, янгидан вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган шахснинг солиқ мажбуриятини суднинг қарорига кўра солидар бажаришлари лозим бўлади.

Қайта ташкил этиш солиқ мажбуриятини бажармасликка қаратилган бўлса, қайта ташкил этилган юридик шахс солиқ мажбуриятининг ҳеч бўлмаганда битта ҳуқуқий ворис томонидан унга тўғри келадиган солиқ мажбурияти қисмини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятини истисно этган тақдирда ҳам юқоридаги қоида қўлланилади.

Юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахслар ажратиб чиқарилганда қайта ташкил этилган юридик шахсга нисбатан унинг солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича ҳуқуқий ворислик, суднинг қарорига кўра солидар жавобгарликни келтириб чиқармаса солиқ мажбуриятини бажариш юзага келмайди.

Агар, юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахсларни ажратиб чиқариш натижасида қайта ташкил этилаётган юридик шахс ўзининг солиқ мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятига эга бўлмаса ва бундай қайта ташкил этиш солиқ мажбуриятини бажармасликка қаратилган бўлса, ажратиб чиқарилган юридик шахслар ушбу қайта ташкил этилган шахснинг солиқ мажбуриятига суднинг қарорига кўра солидар эга бўладилар.

Юридик шахс томонидан у қайта ташкил этилгунга қадар ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқнинг ҳисобга олиниши лозим бўлган суммасининг ҳисобланиши ва тўланиши устидан назорат солиқ органлари зиммасига юклатилган бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қайта ташкил этилган юридик шахсда солиқ қарзи бўлмаган тақдирда, ушбу юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси унинг ҳуқуқий ворисларига ҳар бир ҳуқуқий вориснинг тақсимлаш баланси асосида аниқланадиган улушига мутаносиб равишда ариза берган кундан эътиборан бир ой ичида қайтарилиши лозим.

Мазкур қоидалар чет давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилган чет эл ташкилоти мажбуриятларининг ҳуқуқий ворисини (ҳуқуқий ворисларини) аниқлашда ҳам қўлланилади.

Шунингдек, ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлашда ҳам қўлланилиши кодексда қайд этилган.

Кодексда мол-мулкни ишончли бошқарувчига беришда солиқ мажбуриятини бажариш ишончли бошқарув шартномаси тузилган санадан эътиборан, ишончли бошқарувчи ушбу шартнома бўйича солиқ мажбуриятларини бажарувчи ҳисобланиши белгиланган (93-модда).

Ишончли бошқарувни таъсис этувчи, яъни наф олувчи, мол-мулк ишончли бошқарувга топширилиши муносабати билан ўзида юзага келадиган солиқ мажбуриятларини, агар солиқ мажбуриятларини бажариш (қўшилган қиймат солиғи бўйича мажбуриятлардан ташқари) ишончли бошқарувчига юклатилмаган бўлса ёки мол-мулк мамлакатимиз норезиденти бўлган ишончли бошқарувчига ишончли бошқаришга топширилган тақдирда, мустақил равишда бажаради.

Демак, наф олувчи, мол-мулк ишончли бошқарувга топширилиши муносабати билан ўзида юзага келадиган солиқ мажбуриятларини, шартномада ишончли бошқарувчига юклатилмаган бўлса ҳамда норезиденти бўлган ишончли бошқарувчига топширилган тақдирда мустақил равишда бажаради.

Ишончли бошқарувчи солиқ солиш объектларининг ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг ҳисобини ишончли бошқарувни таъсис этувчининг (наф олувчининг) манфаатларида амалга ошириладиган ишончли бошқарув фаолияти бўйича ва бошқа фаолият бўйича алоҳида-алоҳида юритиши шарт.

Агар ишончли бошқарувни таъсис этувчи (наф олувчи) томонидан солиқ мажбуриятини бажариш, шунингдек солиқ ҳисоботини ва молиявий ҳисоботни тузиш ҳамда тақдим этиш бўйича мажбуриятни бажариш ишончли бошқарувчига юклатилган бўлса, солиқ мажбуриятини бажариш ишончли бошқарувчи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қонунда, агар ишончли бошқарувчи солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш бўйича белгиланган мажбуриятларни бажармаган ёки тўлиқ бажармаган тақдирда, солиқ мажбуриятини бажариш ишончли бошқарувни таъсис этувчига, яъни наф олувчига юклатилиши белгиланган. , Солиқ кодексида жисмоний шахс вафот этган ёки у вафот этган деб эълон қилинган, шунингдек бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган тақдирда жисмоний шахснинг солиқ мажбуриятини бажариш тартиблари ҳам белгиланган.

Жумладан, солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар деб эътироф этилади (94-модда).

Лекин ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ёки унинг (уларнинг) меросдаги улушига мутаносиб равишда узилади.

Агар вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар бўйича солиқ қарзи мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, солиқ қарзининг мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади.

Шунингдек, меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади ва ушбу умидсиз қарз солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилади.

Солиқ кодексида солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ҳисобга қўйилган жойдаги ёки унинг мол-мулки турган жойдаги солиқ органи вафот этган шахснинг меросхўрлари тўғрисида ахборот олинган пайтдан бир ой ичида уларга солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабар қилиш лозимлиги белгиланган.

Вафот этган жисмоний шахснинг меросхўрлари мазкур жисмоний шахснинг солиқлар бўйича қолган қарзини мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай узишлари шарт. Мазкур муддат солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабарни меросхўр қарзни тўлаш муддати ўтишига олти ойдан кам вақт қолганида олган бўлса, солиқ органи қарорига биноан узиш муддати узайтирилиши мумкин.

Солиқ кодексида вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш бўйича қарзлари умидсиз қарз деб эътироф этилиши белгиланган.

Ушбу қоидалар фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Суд томонидан бедарак йўқолган деб эътироф этилган жисмоний шахснинг солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти ушбу бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг мол-мулки ҳисобидан бажарилади (95-модда).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.