ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Республикамизда давом этаётган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши “Карантин” тадбирлари давомида фуқаролар томонидан идора ва ташкилотларга бормасдан зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу сабабли, бугун кўчмас мулкни ижарага бериш бўйича шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишни интернет тармоғи орқали масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари тўғрисида маълумотлар берамиз.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 11 октябрда 3077-сон билан рўйхатга олинган “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, жисмоний шахслар ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Дастлаб кўчмас мулкни (турар ёки нотурар жойларни) ижарага берувчи ва олувчи жисмоний шахслар ўртасида ёзма шаклда ижара шартномаси тузилади (ижара шартномасининг намунавий шакли мазкур Низомнинг 1­-иловасига мувофиқ тасдиқланган).

Бунда тарафларнинг келишувига биноан уй-рўзғор буюмларини топшириш-қабул қилиш ва коммунал тўловлар учун ўрнатилган ўлчов асбобларининг кўрсаткичларини қайд қилиш далолатномалари ижара шартномасига илова қилиниши мумкин.

Ижарага берувчи кўчмас мулк ижара шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйиши шарт.

Ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишда тўлов ундирилмайди.

Кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйиш ижарага берувчининг хоҳишига кўра давлат солиқ инспекциясига борган ҳолда ёки интернет тармоғи орқали амалга оширилиши мумкин.

I. Ижара шартномасини ўзи бориб рўйхатдан ўтказиш учун:

1. Ижарага берувчи доимий яшаш манзили ёки кўчмас мулк жойлашган жойдаги давлат солиқ инспекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

► кўчмас мулк ижара шартномасини мажбурий ҳисобга қўйиш ҳақида сўровнома (сўровнома шакли мазкур Низомнинг 3­иловасига мувофиқ тасдиқланган);
► кўчмас мулк ижара шартномаси;
► ижарага берувчининг шахсини ёки унинг вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

2. Давлат солиқ инспекциясининг масъул ходими ўша вақтнинг ўзида ижара шартномасини ҳисобга қўяди ҳамда ижарага берувчига кўчмас мулк ижара шартномаси ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришномани ҳамда жорий йил учун ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ҳақидаги тўлов хабарномасини расмийлаштириб беради.

II. Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш учун:

1. Жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали my.soliq.uz сайтига кириб, шахсий кабинетга ўтилади ҳамда “Жисмоний шахслар ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш” хизмати танланади.

2. Ижара шартномасининг намунавий шакли юклаб олиниб, қоғозда чоп этилади ҳамда тегишли бандлар тўлдирилиб, ижарага берувчи ва олувчи жисмоний шахслар томонидан имзоланади.

3. Кўрсатилган телефон рақамига юборилган махсус код орқали ижарага берувчи жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги тасдиқланади.

4. Ижарага олувчи жисмоний шахс, кўчмас мулк объекти тўғрисидаги сўралган маълумотлар киритилиб, ижарага берувчи шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда ижара шартномасининг нусхаси бириктирилган ҳолда “Жўнатиш” тугмаси босилади.

5. Ҳосил бўлган ижара шартномаси ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришномани ҳамда жорий йил учун ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ҳақидаги тўлов хабарномаси қоғозда чоп этилади.

Мазкур ҳужжатлар давлат солиқ инспекциясига борган ҳолда олинган ҳисобга қўйилган ижара шартномаси билан бир хил кучга эга.

Кўчмас мулк ижара шартномасини муддатидан аввал бекор қилиш ҳам томонларнинг келишувига мувофиқ худди шу тартибда амалга оширилади (ижара шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги келишув мазкур Низомнинг 5­иловасига мувофиқ тасдиқланган).

Ижара шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги келишувни ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги билдиришнома давлат солиқ хизмати органлари томонидан ижарага берувчининг шахсий кабинетига юборилади ёки ижарага берувчига ёхуд унинг вакилига тақдим этилади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
Давлат солиқ қўмитаси, давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.