ТЎҚИМАЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ: ҚҚСНИ ҚАЙТАРИШ ВА БОШҚАЛАР

Ўзбекистонда 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар тўқимачилик саноати учун қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.

Мазкур механизм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майда имзолаган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган ва соҳадаги экспортёр корхоналарга нисбатан татбиқ этилади.

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси корхонага тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари (хизматлари)ни экспорт қилиш фактига асосан қайтарилади. Калава ва тола бундан мустасно.

Бунда ҚҚС суммаси экспортёр корхонанинг маҳаллий тижорат банкларидаги ҳисобрақамига келиб тушган валюта тушуми суммасидан қатъи назар ҳисобга олинади.

Таъкидлаш жоизки, ҚҚСнинг суммаси ёки унинг бир қисми пеня ҳисобланган ҳолда Давлат бюджетига 5 кун ичида қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

– ҚҚСнинг қайтарилган суммаси ёки унинг бир қисми товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми (ёки унинг бир қисми) экспортчининг маҳаллий тижорат банклардаги ҳисоб рақамига келиб тушмаганда;

– аризада қайтарилиши кўрсатилган ҚҚС суммаси асослантирилганлиги камерал солиқ текширувидан ўтказиш давомида ғайриқонуний ҳисобга олингани аниқланганда.

Мазкур соддалаштирилган тартиб охирги 12 ой давомида товарлар экспортини амалга ошириб келаётган, экспорт бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги 10 минг АҚШ долларидан зиёд бўлмаган тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига татбиқ этилади.

Бунда товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми экспортчининг маҳаллий тижорат банклардаги ҳисобрақамига келиб тушмаган тақдирда, дебитор қарздорлик муддати ўтган деб ҳисобланади.

Шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини қўллаб-қувватлаш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш борасида қуйидаги чоралар ҳам қабул қилинди:

– халқаро биржа нархларига ўтиш хомашё таннархини 10 фоизгача пасайтириш имконини беради;

– ички бозорда 1 апрелга қадар сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади;

– 2022 йил 1 январга қадар тўқимачилик саноати учун зарур бўлган, импорт қилинадиган хомашё ва материаллар божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.