2023 ЙИЛДА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИНГ ЯИМДАГИ УЛУШИ 2 БАРАВАРГА КЎПАЯДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 28 апрелда “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий портали.

Мазкур ҳужжатда рақамли иқтисодиётни жадал шакллантириш – 2023 йилга келиб унинг мамлакат ЯИМ(ялпи ички маҳсулот)даги улуши 2 бараварга кўпайиши ҳамда рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий IT-хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш, хусусан, 2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллалар юқори тезликдаги, сифатли интернет тармоғига уланиши белгиланди.

Бундан ташқари, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш – 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улуши 60 фоизгача етказиладиган бўлди. Шунингдек, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали “рақамли тадбиркорлик”ни ривожлантириш – 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ҳамда уларнинг экспорт суммасини 100 млн. долларга етказиш тартиби белгиланди.

Шу муносабат билан 2022 йилга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларда технологиялар, рақамли иқтисодиёт ва электрон фаолият билим ва кўникмаларини ўқитиш марказлари очилиши белгиланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг лойиҳалари ва техник ҳужжатлари ҳамда НҲҲлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш унинг ваколатига киради (крипто-активлар ва блокчейн технологиясини жорий этиш бўйича ваколатлар ЛБМАда сақлаб қолинди). Шу муносабат билан вазирлик тизимида ўзгаришлар рўй берди.

Биринчидан, унинг ҳузурида муайян вазифалар тўплами билан иккита соҳага оид марказ ташкил этилди.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказиРақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази
электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш; давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш; давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш;
электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш.
иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришга рақамлаштириш жараёнларининг таъсирини баҳолаш;
экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида янги йўналишлар ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали уларни давлат органлари ва ташкилотларида кенг жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
иқтисодиётнинг турли тармоқларида “ақлли” ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи технологияларни жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш.

Иккинчидан, марказий аппарат тузилмасида (ходимларининг умумий чекланган сони доирасида):

● аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилди;

Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилинди.

Учинчидан, “Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖдаги давлат улуши ва вазирлик ташкилий тузилмасидаги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўтказиб берилади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш учун махсус ҳисобрақам очилади. Унга:

► уяли алоқа компаниялари томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг (ойига 2 000 сўм) тақсимлангунига қадар бўлган 35 фоизи. Қолган сумма белгиланган тартибда тақсимланади;

► ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва барча турдаги тўловларнинг 11,25 фоизи, шунингдек, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағларнинг 0,5%и;

► қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар келиб тушади.

Давлат органлари ва ташкилотларига ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қиймати 1 млрд. сўмгача бўлган битта шартнома доирасида танловларни фақат IT-технопарки резидентлари ўртасида ўтказишга рухсат берилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида амалдорлар фақат “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ҳамкорликни амалга оширишлари керак.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ
тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.