“ЧОРАКЛИК” ҚҚСГА ЎТИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонига асосан, жорий йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни тўлиқ қўллайдиган солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғини чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқи берилди.

Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш бўйича давлат солиқ хизмати органларига тадбиркорлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлашга ўтиш тартибини қуйидаги мисоллар орқали тушунтириб ўтамиз.

ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ХАБАРНОМА ТАҚДИМ ЭТИШ ЛОЗИМ

Мазкур ҳуқуқдан фойдаланувчи солиқ тўловчилар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига белгиланган муддатда –

► II чорак учун 20 майгача,
► III чорак учун 20 августгача;
► IV чорак учун 20 ноябргача “Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини чораклик топширишга ўтиш тўғрисида хабарнома”ни электрон шаклда тақдим этиши лозим.

Ушбу хабарнома шакли ДСҚ томонидан электрон солиқ хизматлари портали — my.soliq.uzдаги электрон солиқ ҳисоботлари интерактив хизматига жойлаштирилди.

ҚҚС ҲИСОБОТИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ТЎЛАШ

Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини тақдим этиш ва тўлаш тартиби ҳақида қуйидаги мисоллар орқали билиб олишингиз мумкин.

1-мисол. Солиқ тўловчи тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактурага ўтган. Шу билан бирга 2020 йил II чорагининг ҳар бир ойида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошмаган. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича умумий товар айланмаси 2020 йилнинг II чораги учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби 1-иловасининг 010-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:

► апрель – 100 миллион сўм;
► май – 500 миллион сўм;
► июнь – 800 миллион сўм.

Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай солиқ бўйича чораклик солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва бюджетга тўлашга ҳақли.

2-мисол. Тўлиқ электрон ҳисоб-фактурага ўтган, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар 2020 йилнинг 2-чораги учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби 1-иловасининг 010-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:

► апрель – 1 100 миллион сўм;
► май – 900 миллион сўм;
► июнь – 700 миллион сўм.

Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 майидан кечиктирмай солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва апрель ойи учун ҚҚСни бюджетга тўлаши шарт. Бунда ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади.

3-мисол. Тўлиқ электрон ҳисоб-фактурага ўтган, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича товар айланмаси 2020 йилнинг 2-чораги учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби 1-иловасининг 010-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:

► апрель –100 миллион сўм;
► май – 1500 миллион сўм;
► июнь – 800 миллион сўм.

Май ойи якунидан бошлаб солиқ тўловчи қўшилган қиймат солиғини чораклик асосида ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади, тегишлича 2020 йилнинг 20 июнидан кечиктирмай апрель ва май ойлари учун солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва бюджетга тўлаши зарур.

Маълумот учун: Қўшилган қиймат солиғини чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқидан фойдаланувчи солиқ тўловчилар бир вақтда:

● ҳисобот чорагининг ҳар ойида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошмаган;

● ҳисобот чорагининг барча ойи давомида тўлиқ электрон ҳисоб-фактурага ўтган бўлишлари лозим.

Мазкур талабларга жавоб бермаган солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини чораклик тақдим қилиш ва тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва ойлик ҳисобот топшириш ва тўлаш тизимига ўтади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.