ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқлар ҳисоби ва ҳисоботлари — 77-86 моддалар)

Солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисоби сиёсатидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 77-моддасида, солиқ тўловчининг солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатининг тартиб қоидалари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ, солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда юритилиши, бунда, солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсати ихтиёрий шаклда тасдиқланиши ва унда қуйидагилар акс эттирилиши зарурлиги белгиланган:

1) агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби;

2) унга риоя этилиши устидан масъул мансабдор шахслар; 3) кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби;

4) солиқ тўловчи томонидан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг танланган усуллари;

5 ) хеджирланадиган таваккалчиликларни, хеджирланадиган моддаларни ва уларга нисбатан қўлланиладиган хеджирлаш воситаларини аниқлаш сиёсати, хеджирлаш операциялари, шунингдек бошқа молиявий таваккалчиликлар амалга оширилган тақдирда хеджирлаш самарадорлиги даражасини баҳолаш услубияти;

6) активларнинг ҳар бир гуруҳи ва кичик гуруҳи бўйича амортизация нормалари (ҳисоблаш усуллари).

Ўз навбатида, агар солиқ тўловчида солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ёки унга қўшимчалар киритиш зарурияти пайдо бўлса, ҳисоб сиёсатига ўзгартириш ёки унга қўшимчалар киритиш солиқ тўловчи томонидан қуйидаги икки усуллардан бири ёрдамида амалга оширилиши керак:

● бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган янги ҳисоб сиёсатини ёки унинг янги бўлимини тасдиқлаш;

● бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган амалдаги ҳисоб сиёсатига ёки амалдаги ҳисоб сиёсатининг бўлимига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш.

Шуни таъкидлаш жоизки, корхонанинг ҳисоб сиёсати жорий йил бошланишидан олдин ёки йил бошида тасдиқланиши ва солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадларида танланган ҳисоб юритиш усуллари тегишли ҳисоб сиёсати тасдиқланган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан қўлланилади.

Ўз навбатида, янгидан ташкил этилган юридик шахс ёки чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси солиқ солиш мақсадларида ҳисоб юритиш усуллари тўғрисидаги қарорни ўзи ташкил этилгандан кейинги биринчи ҳисобот даври давомида қабул қилади.

Масалан, корхона 2020 йилнинг 25 мартида ташкил этилган бўлса, ўзининг ҳисоб сиёсатини 1 апрелга қадар тасдиқлаши ва уни шу йилнинг қолган даври давомида қўллаши мумкин бўлади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, корхонанинг солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди. Фақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ёхуд солиқ солиш шартларига ўзгартириш киритилган ҳолатлар бундан мустасно, у ҳолда ҳам фақат ушбу ўзгартиришлар тааллуқли бўлган қисмида солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида ўзгартиришлар қилишга йўл қўйилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти солиқ солиш мақсадларида ҳисобни ҳисоблаш усули бўйича миллий валютада юритади. Фақат айрим ҳолатларда солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилган бўлса, хорижий валютада юритилиши мумкин (78­-модда).

Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан, ҳисоб ҳужжатлари қоғозда ёки электрон шаклларда тузилиши ҳамда белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугагунга қадар сақланиши лозим. Агар, солиқ тўловчи қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбурияти унинг ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) юклатилади.

Юридик шахс тугатилганда ҳисоб ҳужжатлари тегишли давлат архивига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда топширилади.

Солиқ кодексида солиқ солишнинг турлича тартиби назарда тутилган фаолият турларини бир вақтда амалга оширилаётганда, солиқ тўловчилар солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида­алоҳида ҳисобини юритишлари мумкинлиги белгиланган (80­-модда).

Бунда солиқ тўловчилар томонидан солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида­алоҳида ҳисоби бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида юритилади.

Фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча даромадлар ва харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.

Солиқ тўловчи томонидан, солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида­алоҳида ҳисоби мутаносиб усул ёки тўғридан­тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритилиши мумкин.

Жумладан, ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг муайян турлари бўйича, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турларига киритилади.

Тўғридан­тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилади. Бунда фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади.

Мақсадли маблағларни олувчи солиқ тўловчилар ушбу мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадлар ва қилинган харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши ва солиқ даври тугаганидан кейин ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисида ҳисобот тақдим этишлари лозим бўлади.

Солиқ тўловчининг кодексда белгиланган ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб­китобларни, декларацияларини, шунингдек ҳисоб­китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботи деб эътироф этилади ва солиқ ҳисоботи Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади (81­-модда).

Солиқ ҳисоботи солиқ органларига юридик ёки жисмоний шахснинг фақат ўзи тўлаши, яъни солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлари бўйича тақдим этилади ва ушбу солиқ ҳисоботидаги маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юклатилади.

Шунингдек, Солиқ кодексида солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиблари ҳам белгиланган бўлиб, солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда, ҳисоботга илова қилинадиган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Бунда юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этишлари:

► йирик солиқ тўловчи деб рўйхатга олинган солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этишлари белгиланган.

Қонунчиликда солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этиши, почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юбориши мумкин. Ўз навбатида, кодексда солиқ маслаҳатчилари ташкилотига, солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Кодексда солиқ тўловчи ва унинг ваколатли вакили солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаб, унга имзо қўйиши, агар солиқ ҳисоботи солиқ тўловчининг ваколатли вакили томонидан тасдиқласа, солиқ ҳисоботида бу ҳақда тегишли белги қўйилиб, вакилнинг ҳисоботни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.

Асосийси, кодексда солиқ ҳисоботини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим этилиши таъкидланган.

Шунингдек, Солиқ кодексида солиқ тўловчи ёки унинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш тартиблари ҳам белгилаб қўйилган (83-­модда).

Унга мувофиқ, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган, нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган ҳолларда ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

Бунда, агар ҳисоботга киритилган ўзгартиришлар ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаса, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши мумкин. Мазкур ҳолатда солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи “муддат бузилган ҳолда тақдим этилган” деб ҳисобланмайди.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, солиқ ҳисоботи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кун тақдим этилган деб ҳисобланади.

Бундай ҳолатларда, яъни аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига “солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган” деб ҳисобланса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Кодексда юқоридаги қоидалар солиқ агентлари томонидан тақдим этиладиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, кодексда солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни сақлаш муддатлари ҳам белгиланиб, солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида беш йил сақлаши шарт (84-­модда).

Агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ ставкасини қўллашни, тўланадиган солиқ миқдорини, солиқ имтиёзини ёки солиқ чегирмасини қўллашни ва (ёки) солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни солиқ тўловчининг муайян шартларга риоя этиши билан боғлиқ бўлса, ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни мазкур шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин камида беш йил сақлаши керак.

Бундай тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу солиқ бўйича солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шартларга ёки мажбуриятларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киради. Бунда мазкур қоидалар агар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва уларга риоя этилишини ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилса, қўлланилади.

Солиқ мажбурияти ва уни бажаришнинг умумий қоидалари

Солиқ мажбурияти бу Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида ёки бошқа солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган асослар мавжуд бўлганда солиқ тўловчининг давлат билан юзага келадиган солиқ соҳасидаги мажбурияти бўлиб, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ушбу мажбуриятни бажариши, яъни белгиланган солиқ ва йиғимни ҳисоблаб, бюджетга тўлаши шарт бўлиб, фақат уни бажариш орқали у эркин бўлади.

Бошқача айтганда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан солиқ тўловчилар зиммасига юклатилган солиқлар ва йиғимларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш мажбурияти солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти ҳисобланади (85­-модда).

Эътиборлиси, ҳар бир солиқ бўйича солиқ тўловчига нисбатан солиқ мажбурияти cолиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланиб, ушбу солиқни тўлашни назарда тутувчи ҳолатлар юзага келган вақтдан эътиборан солиқни тўлаш мажбурияти пайдо бўлади.

Демак, солиқ тўловчида солиқ мажбурияти пайдо бўлиши учун унда солиқни тўлаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар даромадлар, ресурслар ва солиққа тортиш манбалари пайдо бўлиши керак.

Давлатнинг ижтимоий­иқтисодий сиёсатидан келиб чиқиб, солиқ тўловчиларда солиқ мажбурияти қонун ҳужжатлари асосида ўзгариб туриши ва тугатилиши мумкин.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича, ўзларини солиқ агентлари деб эътироф этадиган ва солиқ муносабатлари доирасида солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўз вақтида ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар ҳам қонун доирасида солиқ мажбуриятига тенглаштирилиши:

● ҳаттоки, тадбиркорлик билан шуғулланмайдиган жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятини ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Ўз навбатида, Солиқ кодексида, солиқ мажбуриятини бажариш тартиб­таомиллари ҳам белгиланган бўлиб, агар кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини ушбу қоидаларга асосан мустақил равишда қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда бажарилиши шартлиги қайд этилган (86­-модда).

Кодексда, солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари календарь сана ёки вақт даври (йил, чорак, ой, ўн кунлик ва кун) ўтиши билан белгиланиши қайд этилган бўлиб, ушбу муддатнинг бошланиши солиқ воқелиги юз берганидан кейинги кундан бошланади ва солиқ мажбурияти белгиланган бажариш муддатининг сўнгги куни соат 24:00 га қадар давом этади.

Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни бўлиб ҳисобланади.

Қонунчиликда, солиқ мажбуриятини бажариш муддати белгиланган тартибда ўзгартирилиши мумкинлиги ва солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини муддатидан олдин бажариш ҳуқуқига ҳам эга эканлиги:

● солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятининг бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани учун унга солиқ органи томонидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юборишга асос бўлиши ва солиқ мажбурияти бажарилмаган тақдирда, солиқ органлари кодексда назарда тутилган чораларни қўллашга мажбурлиги белгиланган.

Солиқ мажбурияти, солиқ тўловчи томонидан солиқ тўланганда ёки солиқ агенти томонидан ўтказиб берилганда ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ мажбуриятини тугатиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзага келганда тугатилади (86-­модда).

Жумладан, юридик шахснинг солиқ мажбурияти бюджет тизими билан барча ҳисоб­китоблар амалга оширилгандан кейин у тугатилганда, шунингдек, бюджет тизими билан барча ҳисоб­китоблар амалга оширилгандан кейин у қайта ташкил этилган ҳолларда тугатилади:

Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти эса мазкур шахс вафот этганда ёки уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда тугатилади. Бунда вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи белгиланган тартибда мерос мол­мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилиши белгиланган.

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.