ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (СОЛИҚЛАРНИНГ ЭЛЕМЕНТЛАРИ)

Солиқ ставкаси – солиқ базасининг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган солиқнинг фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорини ифодалайди (72-­модда). Ёки солиқ ставкаси, солиқ объектининг ҳар бир бирлиги учун давлат томонидан белгилаб қўйилган меъёр бўлиб ҳисобланади ва у солиқ элементлари ичида энг кўп амалий аҳамиятга эга бўлган инструмент ҳам бўлиб ҳисобланади.

Чунки солиқ ставкаларини ўзгартириш орқали давлат xўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади. Айрим фаолият турларига, соҳа ёки тармоқларга устуворлик берилиши, яъни даромад маблағларини зарур соҳаларга йўналтирилиши, рағбатлантирилиши мумкин ва аксинса айрим юқори ликвидли товарларга юқори ставкаларни қўллаш ҳисобига бюджетга даромадлар кўпроқ ундирилиши мумкин.

Демак, солиқ ставкалари республика ва маҳаллий бюджетлар xаражатларини доимо маблағлар билан таъминланишида, мувозанат даражасини ҳамда xўжалик субъектларининг молиявий имкониятларини белгилаб туради ва солиқ ставкалари молия­бюджет муносабатларини соғломлаштириш билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Солиқ ставкалари корxоналарнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаган ҳолда, молия­бюджет муносабатларининг пул муомаласига кўрсатадиган салбий таъсирига барҳам бера олиши ҳам керак. Бу эса республикамизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотининг муҳим жиҳатини ташкил этади.

Солиқ элементлари таркибида солиқ ставкалари алоҳида ўрин тутади. Иқтисодий адабиётларда солиқ ставкаси – деганда солиқ объектининг ҳар бир солиқ бирлиги учун давлат томонидан белгилаб қўйилган меъёр тушунилади.

Солиқ ставкасининг яна бир аҳамиятли жиҳати, у солиқ объектини қанча қисми, қанча миқдорда мажбурий тўлов сифатида давлат бюджетига ундиришини xарактерлайдиган масалага ҳам жавоб беради.

Демак, солиқ ставкаларининг моҳияти шундаки, улар солиқ объекти, солиқ бирлиги ва солиқ нормаларига асосланган ҳолда солиқ меxанизмининг мукаммал ва самарали ишлашини таъминлайди.

Солиқ ставкаларидан бир томондан давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солиш воситаси сифатида фойдаланилса, бошқа томондан солиқ имтиёзларини бир тури сифатида, улар орқали ишлаб чиқаришни ривожлантиришда рағбатлантирувчи восита сифатида ҳам фойдаланилади.

Солиқ ставкалари, асосан, қонун ҳужжатларида, хусусан солиқ муносабатларини тартибга солувчи асосий қонун ҳисобланган Солиқ кодекси билан белгиланади.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб айрим солиқлар, жумладан акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган суммада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланди.

Шуни алоҳида такидлаш жизки, маҳсулот нархи динамикасидан ва реализация қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, айрим ҳолларда акциз солиғининг ставкалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Лекин мазкур ўзгартириш ҳам қонун йўли билан асосланиши, яъни Қонунга ўзгартиришлар киритилиши зарур бўлади.

Солиқ даври деганда – у тугаганидан кейин солиқ базаси аниқланадиган ҳамда тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ҳисоблаб чиқариладиган календарь йил ёки бошқа даврлар (йил чораги ёки ойи) тушунилади (73­модда).

Солиқ даври бир неча ҳисобот даврларига бўлиниши мумкин бўлиб, уларнинг якунлари бўйича солиқ тўловчида белгиланган тартибда солиқ ҳисоб­китобларни тақдим этиш ҳамда солиқлар ва йиғимларнинг тўланиши лозим бўлган суммаларини бюджетга тўлаш мажбурияти юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида солиқ даврини аниқлашнинг бир қатор меъёрлари белгиланган бўлиб, унга кўра:

● агар юридик шахс календарь йил бошланганидан кейин, лекин шу йилнинг 1 декабрига қадар ташкил этилган бўлса, унинг учун у ташкил этилган кундан эътиборан шу йилнинг охирига қадар бўлган давр биринчи солиқ даври деб эътироф этилади;

● агар юридик шахс 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса, ташкил этилган кундан эътиборан ташкил этилган йилдан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври деб эътироф этилади ва мазкур ҳолатда юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган кун у ташкил этилган кун деб эътироф этилади;

● агар юридик шахс календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун шу йил бошидан то тугатиш (қайта ташкил этиш) тамомланган кунгача бўлган давр охирги солиқ даври деб эътироф этилади;

● агар календарь йил бошланганидан кейин ташкил этилган юридик шахс шу йил охирига қадар тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади;

● агар юридик шахс жорий календарь йилнинг 1 декабридан 31 декабрига қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса ва ташкил этилган йилдан кейинги календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади. Ушбу қоидалар таркибидан бир ёхуд бир нечта юридик шахслар ажралиб чиқадиган ёки унга бир ёки бир нечта юридик шахслар қўшиб олинадиган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди;

● агар фаолияти Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса тузишга олиб келмаган чет эл юридик шахси ўзини мустақил равишда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, унинг учун фойда солиғи бўйича биринчи солиқ даврини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади;

● агар ушбу чет эл юридик шахси ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризани тақдим этган календарь йилнинг 1 январидан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, мазкур ариза тақдим этилган календарь йил унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади;

● агар ушбу чет эл юридик шахси тегишли ариза тақдим этилган санадан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, кўрсатилган ариза солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан ушбу ариза тақдим этилган календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади.

Бунда чет эл юридик шахси ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризасини 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда тақдим этилган бўлса, унинг аризаси солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан у солиқ органига тақдим этилган кундан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр биринчи солиқ даври ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 74­-моддасида, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби – солиқ базасидан, солиқ ставкасидан, шунингдек агар у мавжуд бўлган тақдирда, солиқ имтиёзларидан келиб чиққан ҳолда муайян солиқ даври учун ҳисоблаб чиқилиши белгиланган.

Солиққа тортиш амалиётида, солиқ базасини ҳисоблашнинг икки xил усули мавжуд бўлиб, улар касса усули ва ҳисобга олиш усулларидан иборат.

Касса усулида солиқ тўловчида солиқларни тўлаш мажбуриятлари даромад олганидан кейин вужудга келади ва ушбу олинган даромаддан келиб чиқиб солиқ ҳисобланади.

Ҳисобга олиш усулида эса даромад олинган ёки сотишдан тушум қачон келиб тушишидан қатъи назар, товарларнинг жўнатилиши ўз навбатида солиқларни тўлаш мажбуриятларини вужудга келтиради.

Шунингдек, солиққа тортиш мақсадларида солиқларни ҳисоблашнинг уч xил усуллари мавжуд бўлиб, улар солиққа тортишнинг кадастрли (молмулк ва ер солиқларини ҳисоблашда қўлланилади), декларация (жисмоний шахслар даромадларига солиқ ҳисоблашда қўлланилади) ва манба олдидан солиққа тортиш усуллари (фойда, сув ресурсларидан фойдаланганлик солиқларини ҳисоблашда қўлланилади) дан иборат.

Солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Солиқ кодексида назарда тутилган ҳолларда бу мажбурият солиқ органига ёки солиқ агентига юклатилиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Солиқни тўлаш муддатлари деганда – солиқ тўловчиларнинг давлат бюджети олдида солиқ мажбуриятларининг бажариш муддати кўзда тутилади.

Солиқни тўлаш муддатлари ўз моҳиятига кўра икки xил тартибда, аванс (бўнак) тўловлари ва ҳақиқий даромад (оборот) олинганидан кейинги тўловларни тўлаш тартибида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида ҳар бир солиқ турининг бюджетга тўлаш муддатлари белгилаб қўйилган бўлиб, бу муддатлар, аввало солиқ тўловчи учун қулай бўлган давр ва унинг молиявий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган.

Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун солиқни тўлаш муддати айнан маҳсулотни етиштириб, уни раелизация қилиб даромад олингандан кейинга мўлжалланган.

Солиқни тўлаш тартибларида – солиқни маълум бюджетга йўналтирилганлиги (бюджетга ёки бюджетдан ташқари жағармаларга), солиқни тўлаш воситалари (миллий валюта, сўмда ёки бошқа мамлакатлар миллий валютасида. Ўзбекистон Республикаси солиқ конунчилигига мувофиқ солиқлар фақат миллий валюта, сўмда тўланиши мумкин) ҳамда солиқни тўлаш шакллари (нақд пул ёки нақд пулсиз) ифодаланади.

Агар, маълум бир солиқ бўйича солиқ даври бир нечта ҳисобот даврини ташкил этса, улардан ҳар бирининг натижалари бўйича жорий тўловлар тўланади. Жорий тўловларни тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.

Алоҳида солиқ турлари учун, бўнак тўловлари назарда тутилган бўлиб, бўнак тўловларини тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни банклар орқали нақд пулсиз шаклда тўлайди.

Агар, Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар, солиқ агентлари солиқлар ҳамда йиғимларни мустақил равишда тўлайди.

Солиқ кодексининг солиқ элементлари келтирилган 69­-моддасида, солиқни белгилашда солиқ имтиёзлари ва уларнинг қўлланилиши учун ҳуқуқий асослар назарда тутилиши мумкинлиги қайд этилган.

Демак, солиқ имтиёзи алоҳида элемент сифатида қайд этилмаган бўлса­да, лекин солиқ имтиёзи солиқ тўланадиган базани ва бюджетга тўланадиган солиқ ставкасини ёки миқдорини аниқлашда муҳим восита бўлиб ҳисобланади.

Унга мувофиқ, Солиқ кодексининг 75-­моддасида, солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имкониятининг берилиши солиқ имтиёзлари деб эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиқ имтиёзларини тақдим этишда унинг самарадорлик даражасига ҳам қонуний асосларига нисбатан талабнинг кучайтирилиши натижасида, жорий йилдан бошлаб солиқ имтиёзларини фақат қонун ҳужжатлари билан берилишига эътибор кучайтирилди.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, барча солиқ имтиёзлар фақат Солиқ кодекси орқали тақдим этилиши, фақат айрим ҳоллардагина Кодекс қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорлари билан солиқ имтиёзлари фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкинлиги:

► қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи ҳамда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлари бўйича солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси орқали берилиши белгиланган.

► Солиқ кодексида солиқ тўловчилар солиқлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар юзага келган пайтдан эътиборан уларнинг бутун амал қилиш даври мобайнида фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли эканлиги, (бундан қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно);

► солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкинлиги, бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммасига белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши. Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши, агар белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозимлиги;

► қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ имтиёзлари, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмаслиги қонунчиликда белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, солиқ элементлари солиққа тортиш тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, солиқ тўловчилар билан давлат бюджети ўртасидаги иқтисодий­ҳуқуқий муносабатларни ҳаракатлантирувчи механизм эканлиги ва ушбу механизмнинг қанчалик тўғри ҳамда мукаммал ишлаб чиқилиши ва йўлга қўйилиши солиқ муносабатларининг самарадорлигига ва бюджет даромадларининг барқарорлигига боғлиқ эканлигига гувоҳ бўламиз.

СОЛИҚЛАР ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТЛАРИ

Солиқ тўловчининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келадиган мажбурияти солиқ мажбурияти деб эътироф этилади. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини амалга ошириши, яъни белгиланган солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашлари учун уларнинг ҳисоб­китобларини белгиланган тартибда юритишлари, солиқ ҳисоботларини тузиб белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этишлари зарур.

Мазкур вазифаларни тўлақонли бажарилиши учун солиқ тўловчи солиқни ҳисоблаш объектларини ёки уни ҳисоблаш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги барча маълумотларнинг ҳисоб­китобларини олиб боришлари шарт бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 62-­моддасида солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ҳамда тизимлаштириш, шунингдек солиқларни, йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ ҳисоботини тузиш мақсадида Кодекс талабларига мувофиқ солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан ҳисоб ҳужжатларини юритиш солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш деб эътироф этилиши белгиланган.

Ўз навбатида, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мақсадларида ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланиши, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб ҳужжатларини юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланиши, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида, ҳисоб ҳужжатлари солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборат бўлишлиги қайд этилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунида, бухгалтерия ҳисоби барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимидан, шунингдек унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузишдан иборатлиги белгиланган.

Шу билан бирга, агар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти юклатилмаган солиқ тўловчилар бўлса, улар солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишни Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ ташкил этишлари ва юритишлари лозимлиги кодексда белгилаб қўйилган.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.