Карантинда ЯТТларни солиққа тортиш ёки солиқларни вақтинча тўхтатиб туриш тартиби

Республикаа давом этаётган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари давомида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида, Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари орқали якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бир қанча имтиёзлар ва енгилликлар берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ­-5969-­сон Фармонига асосан карантин тадбирлари даврида фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдори 50 фоизга пасайтирилди.

Ўз навбатида мазкур имтиёз қонун ҳужжатларига кўра ижтимоий солиқни тўлашда имтиёзга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам татбиқ қилинади. Яъни, бундай тадбиркорлар ижтимоий солиқни унинг белгиланган миқдорининг 50 фоизи (111,5 минг сўм) миқдорида тўлайдилар.

Мисол учун, ёшга доир пенсионер ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар амалда ҳар ойда ижтимоий солиқни энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўласа, энди улар ушбу миқдорнинг 50 фоизи (55,7 минг сўм) миқдорида тўлайдилар.

Ушбу даврда фаолиятини давом эттираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан даромад солиғи тўлиқ миқдорда, шунингдек айланмадан олинадиган солиқ товарларни реализация қилишдан тушган тушумлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланиши лозим.

Шунингдек, мазку Фармон билан Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ­589­сон Қонуни билан Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти амалга оширилаётган жойнинг хусусиятларини, шунингдек кўрсатилаётган хизмат турининг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда 2020 йил учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорларига нисбатан қўлланиладиган 30 фоизгача пасайиб борувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқи берилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ­5978­сонли Фармонига асосан карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблашни тўхтатиб туриш белгиланди.

Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги қайд этилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, Давлат солиқ қўмитаси томонидан my.soliq.uz сайтида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан “Карантин даврида солиқлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш тўғрисида хабарнома юбориш” интерактив хизмати ишга туширилди.

Ҳозирги кунда барча ҳудудий давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимлари томонидан масофадан туриб якка тартибдаги тадбиркорларга мазкур хизмат туридан фойдаланиш тартиби ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркор мазкур хизматдан фойдаланиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириши лозим:

1-амал. Якка тартибдаги тадбиркор электрон рақамли имзо орқали my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетига киради.

2-амал. “Карантин даврида солиқлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш тўғрисида хабарнома юбориш” хизматини танлайди.

3-амал. Ойнада шаклланган “Карантин тадбирлари даврида солиқлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги Хабарнома”да тадбиркорлик фаолиятини тўхтатган санани киритади ва юбориш тугмасини босади.

Якка тартибдаги тадбиркор хабарномани юборганидан сўнг солиқ органларининг маълумотлар базасида хабарномада кўрсатилган ойдан эътиборан қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқнинг ҳисобланиши тўхтатилади.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор мазкур хабарномани солиқ органига юборганда унинг ёлланган ходимига (оилавий тадбиркорнинг аъзосига) ҳам солиқларнинг ҳисобланиши тўхтатилади.

Шуҳрат ҲАКИМОВ,
Давлат солиқ қўмитаси, давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.