Бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи кимларга, ҚАНДАЙ ТАРТИБДА БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллабқувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони эълон қилинди.

Унга кўра, ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ)ларга айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий йил 1 октябрга қадар фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи, уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда ва ижтимоий солиқ бўйича 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан тақдим этилди. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари маҳаллий ҳокимият органларига ариза бермасдан, фақат солиқ идорасини уйидан туриб шахсий кабинети орқали хабардор қилсалар кифоя.

Мисол: “АВС” хусусий корхонаси жорий йил биринчи чорагидаги товарлар реализациясидан жами тушуми 750 млн. сўмни (январда – 350 млн. сўм, февралда – 290 млн. сўм, март ойида 110 млн. сўм) ташкил этди. Биринчи чоракда товар реализациясидан ўртача ойлик миқдори (750 млн. сўм / 3 ой) 250 млн. сўмни, ўртача ойлик миқдорининг 50 фоизи 125 млн. сўмни ташкил этади.

Март ойида тушум (110 млн. сўм) биринчи чоракдаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайганлиги сабабли, айланмадан олинадиган солиқ, мол­мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва ижтимоий солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширган холда тўловларни 2020 йил 1 октябргача фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб­қувватлашга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол­мулк солиқларини тўлашдан озод этилди.

Амалдаги Солиқ кодексининг 411­ ва 425­-моддаларига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланувчи мол­мулк ва ер участкаларига эга бўлган юридик шахслари, яъни туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар кўрсатилган хизматлар оборотидан қатъи назар, мол­мулк ва ер солиқларини тўловчилар ҳисобланадилар.

Солиқ кодексининг 417- ва 431-моддаларига мувофиқ, ҳисоблаб чиқарилган мол-мулк ва ер солиқларининг бўнак тўловларини:

– айланмадан солиқ тўловчилар томонидан – ҳисобланган йиллик солиқлар суммаларининг тўртдан бир қисми миқдорида йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 10-кунидан кечиктирмай, яъни 10 март, 10 июнь, 10 сентябрь, 10 декабргача;

– айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – ҳисобланган йиллик солиқлар суммаларининг ўн иккидан бир қисми миқдорида ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўлашлари белгиланган.

Фармон билан жорий этилган имтиёзларга мувофиқ, айланмадан солиқ тўловчи бўлган туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар 2020 йилнинг 10 июнь, 10 сентябрь, 10 декабрда тўлайдиган мол-мулк ва ер солиқларининг аванс тўловларини;

– айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган, яъни умумбелгиланган тизимда солиқ тўловчи туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўлайдиган мол-мулк ва ер солиқларининг аванс тўловларини тўлашдан озод этилдилар.

Шунингдек, мазкур фармон билан туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиздан 1 фоизга туширилиб, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб иш ҳақи фондидан амалдаги 12 фоиз ставкаси ўрнига 1 фоиз ставкада ижтимоий солиқ тўлашлари белгиланди.

Масалан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти бўлган “Ўзбекистон” корхонаси 2020 йил апрель ойи учун ходимларига 150,0 млн. сўм иш ҳақи ҳисоблади. Мазкур корхона имтиёзгача бўлган ставка бўйича 18,0 (150*12%) млн. сўм ижтимоий солиқ ҳисоблаши лозим бўлган бўлса, эндиликда имтиёзни қўллаган ҳолда ушбу иш ҳақи фондидан 0,150 (150*1%) млн. сўм ёки 150,0 минг сўм ижтимоий солиқ ҳисоблайди.

Мазкур имтиёз карантин даврида туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб­қувватлаш, шу билан бирга, уларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақларини корхона томонидан вақтида, тўлиқ берилишини таъминлаш мақсадида жорий этилди.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ, мазкур солиқ имтиёзлари 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўлланилади ва 1 апрелгача тўланган солиқлар бундан мустасно.

Шерзод ДЎСИЁРОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази
Солиқлар ва солиққа тортиш кафедраси ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.