Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи нима ва гуруҳ фаолиятининг ташкилий асослари нималардан иборат? (2)

Солиқ кодексида юридик шахснинг солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиқиб кетиши фойда солиғи бўйича солиқ мажбуриятини бажаришдан озод этмаслиги ва солиқ тўловчи консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиққанда:

● юридик шахс фойда солиғи бўйича консолидациялашган гуруҳ таркибидан чиққан солиқ давридан бошлаб солиқ ҳисобига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси бўлмаган солиқ тўловчининг солиқ ҳисоби бўйича ўзгартишлар киритиши;

● ушбу юридик шахс солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг таркибидан чиқиб кетган солиқ давридан бошлаб ўзи томонидан ҳақиқатда олинган фойдадан келиб чиққан ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқиши ва тўлаши;

● юридик шахс қайси солиқ даврининг биринчи кунидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиққан бўлса, ўша давр тугагач кодексда назарда тутилган муддатларда фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобда турган солиқ органига тақдим этиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Қонунчиликда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолиятини тугатиш (68-модда) тартиблари ҳам белгиланиб, агар қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолияти тугатилади:

►солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда ёки тарафларнинг келишувига кўра шартнома бекор қилинганда;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани унинг иштирокчилари таркиби ўзгариши муносабати билан ўзгартириш тўғрисидаги битим белгиланган муддатларда солиқ органига тақдим этилмаганда;

► солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда;

► қонун ҳужжатларига мувофиқ гуруҳининг масъул иштирокчисига нисбатан ночорлик (банкротлик) тўғрисида иш юритиш қўзғатилганда;

► солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қонунчиликда назарда тутилган шартларга мувофиқ келмаганда;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мажбурий ўзгартишлар киритишдан бўйин товланганда.

Ушбу ҳолатлар мавжуд бўлганда, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ушбу гуруҳни тузиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказган солиқ органига барча юридик шахсларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган қарорни беш кундан кечиктирмай юбориши шарт.

Солиқ органи кўрсатилган ҳужжатлар олинган санадан эътиборан беш кун ичида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолияти тугатилганлиги ҳақидаги ахборотни солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган юридик шахслар жойлашган ердаги солиқ органларига юборади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи, юқорида қайд этилган ҳолатлар юзага келган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.

Агар, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қабул қилинган бўлса, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фойда солиғи бўйича суднинг кўрсатилган қарори қонуний кучга кирган солиқ даврининг биринчи кунидан эътиборан:

● агар шартнома иштирокчиларининг таркиби ўзгариши муносабати билан мазкур ўзгартириш тўғрисидаги битим белгиланган муддатларда солиқ органига тақдим этилмаганда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фойда солиғини тўлаш бўйича белгиланган шарт қайси солиқ даврида бузилган бўлса, ўша солиқ даврининг биринчи кунидан эътиборан;

● қолган ҳолатларда эса солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи тегишли ҳолат юзага келган календарь йилнинг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.

Солиқларнинг элементлари

Солиққа тортиш тизимининг асосий бўғини ҳисобланган солиқ элементлари солиққа тортишда ифодаланадиган тушунчалар бўлиб, улар солиқ тўловчилар билан давлат бюджети ўртасидаги иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларда намоён бўлиб, солиққа оид иқтисодий ҳодисаларни изоҳлашга xизмат қилувчи яxлит маълумотлар манбаи ҳисобланади.

Солиқ элементлари бир нечта тушунчалардан иборат бўлиб, улар солиққа тортиш тизимининг муҳим таркибий қисмини ташкил этади, яъни солиқ элементлари ҳам бир қанча иқтисодий категорияларни яxлит ҳолдаги ҳаракатини билдиради.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида солиқнинг барча элементлари белгилаб берилган бўлиб, ҳар бир солиқлар ушбу элементлар аниқлаб қўйилган тақдирдагина, ушбу солиқ қонунан белгиланган, деб ҳисобланиши қайд этилган ва бундай солиқ элементлари таркибига қуйидагиларнинг кириши белгилаб қўйилган (69-модда):

  1. солиқ солиш объекти;
  2. солиқ базаси;
  3. солиқ ставкаси;
  4. солиқ даври;
  5. солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби;
  6. солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;
  7. солиқни тўлаш тартиби.

Демак, Солиқ кодексида белгилаб берилган солиқлар (улар сони 9 та) ни биз қонунан белгиланган “солиқ” деб ҳисоблашимиз учун уларнинг ҳар бирида юқорида белгиланган барча элементларнинг ҳар бир мужассам бўлиши лозим бўлади.

Фикримиз тасдиғи учун, Солиқ кодексида юқорида қайд этилган ҳар бир солиқ элементи, унинг хусусиятлари, аҳамияти ва таркиби бўйича алоҳида-алоҳида моддаларда изоҳлар ёритиб берилган.

Жумладан, Солиқ кодексининг 70-моддасида, солиқ солиш объекти келтирилган бўлиб, унда солиқ солиш объекти мол-мулк, ҳаракат, ҳаракатнинг натижаси ёки қиймати, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолат бўлиб, у мавжуд бўлганда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ тўловчида солиқ мажбуриятини вужудга келтириши таъкидланган.

Бошқача айтганда, солиқ солиш объекти дейилганда, солиқ тўловчининг солиқ ҳисобланадиган ва солиқка тортиш учун асос бўлиб xизмат қиладиган даромади, обороти ва мол-мулкларининг миқдори ва қиймати тушунилади. Демак, солиқ объектига солиқ тўловчининг фойдаси ёки даромади, муайян товарлар қиймати, ер майдони, жисмоний ва юридик шаxсларнинг мулклари, фойдаланилган табиий ресурсларнинг миқдори ва бошқалар киради.

Ҳуқуқий жиҳатдан қаралганда, солиқ объекти – жамиятдаги мавжуд моддий ва маънавий бойликларнинг айримларига қонун йўли билан улардан фойдаланувчи, эгалик қилувчи ва тасарруф қилувчи солиқ субъектларининг ҳуқуқларини солиққа тортилишини ифодалайди. Бинобарин, моддий ёки маънавий бойликлар солиқ объекти бўлиб, албатта, улар мулкий ҳуқуқга эга бўлган тақдирдагина солиқ солиш объекти бўлиб юзага чиқади.

Масалан, эгасиз иморатга солиқ солиб бўлмайди, чунки эгасиз иморатга нисбатан солиқ субъекти мавжуд эмас, ваҳоланки, бўлган тақдирда ҳам солиқ объекти сифатида иморат эмас, балки ушбу иморатга бўлган мулкий ҳуқуққа солиқ солинади. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, солиқ объекти аслида юридик ва жисмоний шаxсларнинг мулкий ҳуқуқи ва даромадига қаратилади.

Ҳар қандай солиқ объектининг асосида албатта солиқ предмети ётади. Солиқ предмети – солиқ солинадиган даромад, оборот, мол-мулк ва бошқаларга бўлган ҳуқуқ эмас, балки уларнинг ўзидир, яъни солиқ солиш объекти бўлиб, бирор-бир солиқ предметига бўлган ҳуқуқ тушунилса, предмет деганда эса ана шу эгалик қилинадиган даромад, ер участкаси, иморат ва бошқаларнинг ўзи тушунилади.

Солиқ солиш объекти ёки солиқка тортиш предметига ким эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлса, унда солиқни тўлаш мажбурияти, яъни солиқ субъекти намоён қилади. Демак, айтишимиз мумкинки, солиқка тортиш предметига эгалик қилиш ҳуқуқи солиқ объектини вужудга келтирса, ўз навбатида ушбу предметга кимнинг эгалик қилиши солиқ субъектини ёки солиқ тўловчисини намоён этади.

Солиқ субъекти – солиқ тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шаxс ёки бошқача қилиб айтганда, солиқ субъекти – бу солиқка оид муносабатларнинг ташкил этувчи томонларнинг ўзаро мажмуаси бўлиб, унда бир томондан солиқ тўловчи (юридик ва жисмоний шаxс) бошқа томондан солиқни ундириш ваколати юкланган солиқ xизмати органлари – Давлат солиқ қўмитаси, солиқ бошқармалари, туман ва шахар давлат солиқ инспекциялари ва бошқа ваколатли органлар қатнашади.

Солиқ кодексининг махсус қисмида ҳар бир солиқ бўйича унинг мустақил солиқ солиш объектлари ва субъектлари белгилаб берилган.

Солиқ кодексининг 71-моддасига мувофиқ, солиқ базаси солиқ солиш объектининг қиймати, физик ёки бошқа хусусиятларини ўзида ифодалайди.

Бунга кенгроқ маънода изоҳ берадиган бўлсак, солиқ базаси – солиқ объектининг солиқ ставкаси қўлланиладиган миқдорни билдиради. Солиқ базасининг миқдори қонунчиликда солиққа тортилиши лозим бўлган солиқ объектидан руxсат этиладиган чегирмалар миқдорини, яъни солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифасига тақдим этиладиган солиқ имтиёзларининг миқдорига мувофиқ равишда ўзгариб туриши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, солиқ базаси, солиқ объектидан катта ёки кичик бўлиши мумкин. Масалан, юқорида қайд этганимиздек, солиқ тўловчига солиқдан имтиёзлар кўзда тутилган бўлса, бундай шароитда солиқ базаси солиқ объектидан кичик бўлади ва аксинча солиқ объекти қонунчилик билан кенгайтириладиган бўлса, унда у объект солиқ базасидан катта бўлиши мумкин.

Ҳар бир солиқ учун солиқ базаси ва уни қандай аниқлаш тартиблари Солиқ кодексининг махсус қисмида белгилаб берилган.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш
маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.