Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи нима ва гуруҳ фаолиятининг ташкилий асослари нималардан иборат?

Консолидация сўзи лотинча (Consolidation) сўзидан олинган бўлиб, соn (биргаликда) ва solidare (бирлашиш ва мустаҳкамланиш) маъноларини англатади.

Замонавий бозор иқтисодиёти шароитларида кўпчилик кичик бизнес субъектлари банкротлик ботқоғига ботиб қолмаслик ва ўз капиталларини асраб қолиш мақсадида ўз капиталларини ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини йирик корхона атрофига бирлаштириш, яъни косолидациялаш (бирлашиш) учун ҳаракат қилади.

Демак, корхоналарни консолидациялаш дейилганда, бир қанча мустақил юридик шахс бўлган корхоналарнинг бирорта компания ёки масъул юридик шахс атрофида бирлашиб фаолият юритиши тушунилади.

Солиқ кодексида (61­-модда) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи жорий белгилашдан кўзланган асосий мақсад, солиқ тўловчиларнинг хўжалик фаолияти бўйича жами молиявий натижасини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни назарда тутади.

Шу сабабдан ҳам, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи дейилганда, хўжалик фаолияти бўйича жами молиявий натижасини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мақсадида, Солиқ кодексида назарда тутилган тартиб ва шартларда тегишли шартнома асосидаги солиқ тўловчиларнинг ихтиёрий бирлашмаси солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи тушунилади.

Ўз навбатида, мазкур гуруҳ фаолиятини шартнома асосида амалга оширилишидан келиб чиқиб, консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисида тузилган амалдаги шартноманинг тарафи бўлган ва бундай гуруҳ иштирокчилари учун назарда тутилган барча шартларни қаноатлантирадиган юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси деб эътироф этилиши ҳамда шартномага мувофиқ зиммасига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти юклатилган иштирокчи консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қилиб белгиланган.

Солиқ кодексида белгиланган солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга оид ҳуқуқий муносабатларда, солиқ тўловчилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлсалар, фойда солиғини тўловчи консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ҳам шундай мажбуриятларга эга бўлиши ва ҳуқуқларни амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, кодексда (62-модда) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш шартлари белгиланган бўлиб, улар асосан бир юридик шахс бошқа юридик шахсларнинг устав фондида (устав капиталида) бевосита ёки билвосита иштирок этса ҳамда ҳар бир шундай юридик шахсдаги бундай иштирок этиш улуши камида 90 фоизни ташкил этса, юридик шахслар томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи ташкил этилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг тарафи сифатида қуйидаги шартларни ҳам қаноатлантириши керак:

● юридик шахс қайта ташкил этилиш ёки тугатилиш жараёнида бўлмаслиги керак;

● унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш қўзғатилган бўлмаслиги керак;

● солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни солиқ органига тақдим этиш санасидан олдинги охирги ҳисобот санасидаги молиявий ҳисобот асосида ҳисоб­китоб қилинган шахс соф активларининг миқдори, унинг устав фонди миқдоридан ошиқ бўлиши керак.

Шу билан бирга, кодексда гуруҳ иштирокчилари бўлган жами юридик шахслар учун бир қатор шартлар белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади:

● улар томонидан календарь йил мобайнида тўланган қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг жами суммаси камида юз миллиард сўмни ташкил этиши;

● календарь йил учун молиявий ҳисобот маълумотларига кўра товарлар ва хизматларни реализация қилишдан тушумнинг, шунингдек бошқа даромадларнинг жами ҳажми камида беш юз миллиард сўмни ташкил этиши;

● активларнинг жами қиймати календарь йил охирида молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида бир триллион сўмни ташкил этиши;

● фойда солиғи бўйича бир хил солиқ ставкасини қўлланадиган бўлиши лозим бўлади.

Мазкур кўрсаткичлар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар солиқ органига тақдим этилган йилдан олдинги йил якунлари бўйича ҳисоб­китоб қилинади.

Ўз навбатида:

► махсус иқтисодий зона иштирокчилари бўлган юридик шахслар;

► махсус солиқ режимларини қўлловчи юридик шахслар;

► банклар, бундан ушбу консолидациялашган гуруҳга кирувчи бошқа барча юридик шахслар банклар бўлган ҳол мустасно;

► суғурта ташкилотлари, бундан ушбу консолидациялашган гуруҳга кирувчи бошқа барча юридик шахслар суғурта ташкилотлари бўлган ҳол мустасно;

► қимматли қоғозлар бозорининг банклар бўлмаган профессионал иштирокчилари;

► фойда солиғини тўловчилар деб эътироф этилмайдиган юридик шахслар;

► микрокредит ва клиринг ташкилотлари солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлмаслиги белгиланган.

Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари таркиби юқоридаги талабларни қаноатлантирган иштирокчиларнинг қўшиб олиниши ёки бундай талабларни қаноатлантирмай қўйган иштирокчиларнинг чиқарилиши ҳисобига ўзгариши мумкин.

Лекин ушбу талабларни бузган ҳолда ташкил этилган ёки бу талабга мувофиқ бўлмай қолган солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи ғайриқонуний ташкил этилган ёки ушбу талаб бузилган санадан эътиборан амал қилиши тугатилган деб эътироф этилади.

Шунингдек, кодексда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи камида икки календарь йил муддатга ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Солиқ кодексида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома шартлари (63­-модда) ҳам белгиланган бўлиб гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги шартномага асосланган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмига нисбатан эса Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилиши белгиланган.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ва унинг қоидалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, улар суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома амал қилишининг тугаш санаси ёки шартномани бекор қилиш санасига қадар амал қилади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахс турган жойдаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилади.

Агар солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган бўлса, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома консолидациялашган гуруҳнинг кўрсатилган масъул иштирокчиси йирик солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш (64-модда) учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

► ташкил этилаётган консолидациялашган гуруҳ барча иштирокчиларининг ваколатли шахслари томонидан имзоланган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг иккита нусхаси;

► солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси томонидан тасдиқланган ҳужжатлар. Бундай ҳужжатлар жумласига, хусусан, солиқларни тўлашга доир тўлов топшириқномаларининг, гуруҳ иштирокчиларидан ҳар бири учун олдинги календарь йилдаги бухгалтерия баланслари, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларнинг нусхалари;

► солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолаган шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ушбу ҳужжатлар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи учун фойда солиғи ҳисобланадиган ва тўланадиган солиқ давридан олдинги йилнинг 30 октябридан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилиши лозим бўлади.

Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) мазкур ҳужжатлар солиқ органига тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказади ёки уни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида асослантирилган қарор қабул қилади.

Шартнома рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан беш кун ичида солиқ органи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисига ушбу шартноманинг бир нусхасини унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйган ҳолда бериши шарт.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ахборот худди шу муддатларда солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган юридик шахслар жойлашган ердаги солиқ органларига юборилади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи ушбу гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ органи томонидан рўйхатга олинган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи санасида ташкил этилган деб эътироф этилади.

Давоми бор.

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.