ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (56-60 моддалар ҳақида)

Солиқ тўловчилар билан ахборотлар алмашиниш тизимини такомиллаштириш мақсадида Солиқ кодексида “Солиқ тўловчининг шахсий кабинети (56-модда) тушунчаси киритилган.

Унга мувофиқ, солиқ тўловчининг шахсий кабинети бўлиб, Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ахборот ресурси ҳисобланади ва Солиқ кодексида назарда тутилган ҳолларда, солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини электрон тарзда амалга ошириш учун фойдаланадилар.

Ҳар бир солиқ тўловчининг шахсий кабинети ушбу солиқ тўловчи солиқ органларида ҳисобга қўйилганидан кейин шакллантирилади ва солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга ва солиқ тўловчилар томонидан солиқ органларига юбориладиган электрон ҳужжатларнинг рўйхати Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Лекин кодексда солиқ органларига солиқ тўловчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги ахборот алмашинувини фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширишлари белгиланган.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети фаоллаштирилганидан кейин ва то унинг амал қилиши тўхтатиб турилгунига қадар солиқ органлари барча ҳужжатларни солиқ тўловчига фақат унинг шахсий кабинети орқали юбориши, солиқ тўловчи ҳам солиқ органларига ҳужжатларни худди шундай тартибда юборишлари лозим.

Солиқ органлари томонидан ҳужжатни солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориш чоғида у кўрсатган мобиль телефони рақамига тегишли СМС-хабар юборилади.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириш ягона идентификациялаш тизими орқали электрон рақамли имзо воситасида амалга оширилади ва электрон рақамли имзо солиқ тўловчига унинг аризаси асосида Давлат хизматлари маркази орқали ҳақ тўлаш асосида, белгиланган тартибда тақдим этилади.

Агар солиқ органи томонидан электрон ҳужжат солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилганда солиқ тўловчи шахсий кабинетининг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки электрон рақамли имзо калитининг сертификати тугатилганлиги тўғрисида маълумот олинган бўлса, мазкур ҳужжат солиқ тўловчига ушбу маълумотлар олинган кундан эътиборан уч кун ичида қоғозда юборилиши белгиланган.

Кодекс қоидаларига мувофиқ солиқ органида ҳисобда турган чет эл юридик шахси томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан солиқ органидан ҳужжатларни (ахборотни) олиш ҳамда хизматларни электрон шаклда кўрсатишга тааллуқли маълумотларни солиқ органига тақдим этиш учун фойдаланилади.

Чет эл юридик шахсларига солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш ҳуқуқи солиқ органларида ҳисобга қўйилган кундан эътиборан берилади ва чет эл юридик шахси солиқ органида ҳисобдан чиқарилган тақдирда, унга солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш ҳуқуқи солиқ органларидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда ўз ваколатини амалга оширишда фойдаланади.


Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни тартибга ва солиқ солиш объектларини аниқлаштириш мақсадида Солиқ кодексига “Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари” (57-модда) тушунчаси киритилган.

Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва уни бирламчи қайта ишлайдиган, бундай юридик шахснинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, шу жумладан уни ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом-ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромадининг улуши солиқ давридаги жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этса:

► ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса солиқ солиш мақсадларида бундай хўжаликлар қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари деб эътироф этилади.

Ўз навбатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган:

● қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;

● чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;

● ипакчилик маҳсулотлари;

● балиқчилик ва сув экинларини етиштириш маҳсулотлари, шунингдек саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти кириши белгиланган.


Бундан ташқари, ноишлаб чиқариш соҳасига солиқ қонунчилиги меъёрларининг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига “Нотижорат ташкилотлар” (58-модда) ҳамда “Ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар” (59-модда) тушунчалари киритилган.

Жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган шаклда рўйхатдан ўтказилган, даромад олиш ва даромадларни ёки мол-мулкни иштирокчилар (аъзолар) ўртасида тақсимлаш мақсадларига эга бўлмаган юридик шахс нотижорат ташкилот деб эътироф этилиши белгиланган.

Ўз навбатида ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларга:

● тегишли лицензия асосида тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар (косметология хизматларидан ташқари). Жумладан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш;

а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

● таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;

● илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият;

● жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар;

● болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматларни кўрсатувчи шахслар.

Юқорида кўрсатилган тоифаларга мансуб бўлган шахслар, уларнинг тегишли фаолият турларидан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этиш шарти билан ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи шахслар деб эътироф этилади.


Солиқ мажбуриятларини бажаришдаги тафовутларни бартараф этиш ва солиқ солиш объектлари ҳамда субъектларини тўғри аниқлаштириш мақсадида, Солиқ кодексига “Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар” (60-модда) моддаси киритилиб унда қуйидаги тушунчаларга изоҳлар келтирилган:

● жисмоний шахснинг яқин қариндошлари – унинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси;

● ижара (лизинг) тўлови – ижарага берувчига (лизинг берувчига) тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарачи (лизинг олувчи) томонидан тўланадиган сумма;

● ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) фоиздан олинадиган даромади – молиявий ижара (лизинг) объектининг ижара (лизинг) тўлови суммаси ва қиймати ўртасидаги фарқ;

● назорат-касса техникаси – фискал хотира билан жиҳозланган назорат-касса машиналари, фискал тўплагичлардаги фискал маълумотлар ёзиб олиниши ва сақланишини таъминловчи, фискал ҳужжатларни шакллантирувчи ҳамда уларнинг солиқ органларига фискал маълумотлар оператори орқали топширилишини, шунингдек фискал ҳужжатларни назорат-касса техникасини қўллаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ қоғозда чоп этилишини таъминловчи бошқа қурилмалар ҳамда дастурий-техник мажмуалар;

● ортиқча тўланган солиқ суммаси (пеня, жарима) – солиқнинг (пенянинг, жариманинг) тўланган суммаси билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ. Солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ортиқча тўланган суммаси у илгари ҳисобга олинган ва (ёки) солиқ тўловчига қайтарилган суммаларни, шунингдек солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиладиган суммаларни ҳисобга олган ҳолда уни ҳисоб-китоб қилиш санасида аниқланиши белгиланган;

● ортиқча ундирилган солиқ суммаси – солиқ органларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида ортиқча тўланган солиқ суммаси;

● тан олинган солиқ қарзи – солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома берилган санадан бошлаб ўн календарь куни ичида солиқ тўловчи томонидан эътироз билдирилмаган ёки суд қарори билан тасдиқланган қарз;

● хатолик билан тўланган солиқ (пенялар, жарималар)суммаси – солиқ (пеня, жарима) суммасини тўлаган шахсни ва (ёки) ушбу тўловнинг мақсадини қатъий аниқлаш имкониятини бермайдиган тўлов чоғида хатоликка йўл қўйилган солиқ (пеня, жарима) суммаси. Бунда қайси солиққа (пеняга, жаримага) нисбатан уни тўлаган шахс солиқ тўловчи деб эътироф этилмайдиган шахсдан ёки тўланиши лозим бўлган бюджетдан бошқа бюджетга келиб тушган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳам хатолик билан тўланган деб эътироф этилиши белгиланган;

● умидсиз қарз – суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарзлар умидсиз қарзлар ҳисобланади.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.