Cайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити бўйича солиқ низоларини судгача ҳал этилиш механизмлари қандай?

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра, солиқ низоларини судгача ҳал қилишнинг мажбурий тартиби (сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити бўйича) амалга киритилди.

Мисол учун, корхонада сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити ўтказилди. Солиқ тўловчи ушбу текширув натижалари бўйича қабул қилинган қарордан норози бўлса, судга шикоят қилишдан олдин унинг шикояти юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилган бўлиши лозим.

Мазкур меъёр киритилишидан асосий мақсад солиқ низоларини судгача ҳал этиш ҳамда солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида бизнес ҳамкорликни ўрнатиш ҳисобланади. Энг асосийси, ушбу тартибда солиқ тўловчилар томонидан давлат божи тўланмайди, низоли масала қисқа вақт ичида ҳал этилади ҳамда натижада солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига ишончи ошишига эришилади.

Солиқ тўловчи шикоятни ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ой ичида бериши мумкин.

Солиқ тўловчи қарордан норози бўлса, шикоят солиқ тўловчи ёки унинг вакили томонидан расмийлаштирилади ҳамда уни шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган солиқ органи орқали юқори турувчи солиқ органига (ёзма ёки электрон шаклда) иловалари билан бирга юборади.

Ўз навбатида қарори шикоят қилинаётган солиқ органи уч кун ичида шикоятни барча мавжуд материаллар билан юқори турувчи солиқ органига тақдим этади.

Солиқ тўловчи томонидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилинганда, ушбу органнинг қарори қабул қилингунича ёки суднинг қарори кучга киргунича шикоят қилинаётган қарор ижроси тўхтатиб турилади.

Бунда солиқ тўловчи шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган солиқ органини юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилганлиги тўғрисида ёзма огоҳлантириши шарт.

Солиқ тўловчининг шикояти юқори турувчи солиқ органи томонидан кўрмасдан қолдирилиши мумкин. Буларга қуйидагилар киради:

1. Шикоят имзоланмаган бўлса ёки ишончли вакилнинг шикоятни имзолаш учун ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса;

2. Шикоят бериш муддати ўтган ёки шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

3. Шикоят тўлиқ ёки қисман чақириб олинган бўлса;

4. Илгари айнан ўша асослар бўйича шикоят берилган бўлса;

5. Шикоят илгари шикоят қилинган қарор устидан бўлса;

6. Шикоят Солиқ кодексининг 232-моддасида белгиланган тартиб бузилган ҳолда берилган бўлса;

7. Шикоят Солиқ кодексининг 233-моддаси талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаган бўлса;

8. Шикоят қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки солиқ тўловчи судга шикоят масаласи бўйича мурожаат қилганда берилган бўлса кўрмасдан қолдирилади.

Солиқ тўловчининг шикояти кўрмасдан қолдирилганда, у қайтадан шикоят қилишга ҳақли, лекин бундан илгари айнан ўша асослар бўйича ёки солиқ органининг илгари шикоят қилинган қарори устидан берилган шикоятлар бундан мустасно.

Юқори турувчи солиқ органида шикоят кўриб чиқилаётганда, солиқ тўловчи ўз далилларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин, юқори турувчи солиқ органи эса тақдим этилган материалларни кўриб чиқади.

Яна бир томони шундаки, солиқ тўловчи шикоятни кўриб чиқилишида қатнашиши мумкин.

Юқори турувчи солиқ органи солиқ тўловчининг шикояти бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

► шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиради;

► солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатини бекор қилади;

► солиқ органининг қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилади ва иш юзасидан янги қарор қабул қилади;

► солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ноқонуний деб эътироф этади ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқаради.

Агар солиқ тўловчи шикоят бўйича қарор қабул қилинишига қадар ушбу шикоятни кўриб чиқиш давомида тақдим этилган қўшимча ҳужжатларни қарори устидан шикоят берилган солиқ органига ўз вақтида тақдим этиш мумкин бўлмаган сабаблар бўйича тушунтиришларни тақдим этган бўлса, бу қўшимча ҳужжатлар юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилади.

Солиқ тўловчига нисбатан текширув материалларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишда текширув материалларини кўриб чиқиш тартиб­таомилининг муҳим шартлари бузилганлигини юқори турувчи солиқ органи томонидан аниқланса, ушбу қарорни бекор қилишга ҳақлидир.

Солиқ тўловчининг сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижасида қабул қилинган қароридан норози бўлиб йўллаган шикояти юқори турувчи солиқ органи томонидан бир ой ичида кўриб чиқилади. Бу муддат қўшимча текширувлар талаб этилганда солиқ органи раҳбарининг рухсати билан ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ органининг шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарори шикоят берган шахсга қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч кун ичида топширилади ёки юборилади.

Солиқ тўловчи берган шикояти бўйича қарор қабул қилинишига қадар ушбу шикоятини ёзма ариза юбориш йўли билан тўлиқ ёки қисман чақириб (қайтариб) олиши мумкин.

Солиқ тўловчи шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича юқори турувчи солиқ органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Темур ИСМОИЛОВ,
ДСҚ, Солиқ низоларини судгача
ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.