ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (46-51 моддалар ҳақида)

(Давоми. Боши ўтган сонларда)

Кодексда (46-модда) товарлар ва хизматлар реализацияси тушунчасига аниқлик киритилиб, товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш, шу жумладан қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади.

Кодексда товарларга бўлган мулк ҳуқуқини бепул асосда ўтказиш ёки бепул асосда хизматлар кўрсатиш ҳам реализация қилиш деб эътироф этилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этилиши муносабати билан Солиқ кодексида (47-модда) ҳисобварақ-фактураларни рамийлаштириш тартиб-таомиллари қайта кўриб чиқилди.

Унга мувофиқ, товарларни ёки хизматларни реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар мазкур моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу товарлар ёки хизматларни сотиб олувчиларга ҳисобварақ­фактурани тақдим этиши шартлиги:

► хусусан, ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилиши;

► реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) қиймати ўзгарганда, шу жумладан етказиб берилган товарлар ёки кўрсатилган хизматлар нархи ўзгарган ёхуд миқдори (ҳажми) аниқлаштирилган ҳолларда, сотувчи сотиб олувчига қўшимча ҳисобварақ-фактурани ёки тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шартлиги белгиланди.

Шу билан бирга, товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида, агар сотувчи харидорга касса чеки ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжатларни берса ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш талаб қилинмайди.

Шунингдек, агар чет эл юридик шахси жисмоний шахсларга реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлиб, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жаҳон Интернет ахборот тармоғидан автоматик усулда фойдаланиш орқали электрон шаклдаги хизматлар кўрсатадиган бўлса, харид реестрлари, сотиш реестрлари, кўрсатилган хизматлар бўйича қабул қилинган ва берилган ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш журналларини юритмаслик ҳуқуқи берилган.

Солиқ солиш масалаларида солиқ тўловчилар даромад манбаларини аниқлаштириш мақсадида, солиққа оид тушунчаларда мақсадли маблағлар тушунчаси алоҳида модда билан киритилган (48-модда) ва унда мақсадли маблағларнинг манбаи бўлган шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган мақсадга кўра,солиқ тўловчига фойдаланиш учун берилган молмулкка мақсадли маблағлар дейилиб, уларга:

► бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва бюджет субсидиялари;

► грантлар ва инсонпарварлик ёрдами;

► мақсадли тушумлар киритилиши белгиланган.

Шу жумладан, грантларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан бепул асосда бериладиган қуйидаги мол­мулклар киради:

► давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ёки чет эл ҳукумат ташкилотлари ёхуд ноҳукумат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига берилган грантлар;

► чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан – Ўзбекистон Республикасига берилган грантлар;

► инсонпарварлик ёрдамига, Вазирлар Маҳкамаси томонидан у ваколат берган ташкилотлар орқали тақсимланадиган, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор гуруҳларига тиббий ва (ёки) ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, фалокатлар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикасига аниқ мақсадли беғараз кўмаклашиш киради.

Ўз навбатида мақсадли тушумларга, нотижорат ташкилотларни сақлаш ва уларнинг устав фаолиятини юритишга йўналтирилган тушумлар (бундан акциз тўланадиган товарлар кўринишидаги тушумлар мустасно) давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида бепул келиб тушган, шунингдек бошқа юридик ва (ёки) жисмоний шахслардан келиб тушган ҳамда мазкур олувчилар томонидан мақсадли фойдаланиладиган тушумлар киради.

Шу билан бирга, нотижорат ташкилотларини сақлаш ва уларнинг устав фаолиятини юритишга йўналтирилган мақсадли тушумларга қандай тушумлар киритилиши ҳам кодексда белгилаб қўйилган.

Кодексда (49-модда) қимматли қоғозлар тушунчасига аниқлиб киритилиб, корхона ёки жамиятнинг акциялари, облигациялари, векселлари, депозит сертификатлари, депозитар тилхатлари, опционлари, фьючерс ва форвард контрактлари қимматли қоғозлар ҳисобланди.

Мазкур ҳужжатлар уни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайдиган, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади.

Мамлакатимизда қимматли қоғозларни эмиссиявий қимматли қоғозлар жумласига киритиш тартиби Республика қонун ҳужжатлари ёки чет давлатнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Агар қимматли қоғозлар билан бажариладиган операциялар муддатли битимларнинг молиявий воситаларига оид операциялар мезонларига мувофиқ бўлса, солиқ тўловчи уни мустақил равишда солиқ солиш мақсадида қимматли қоғозлар билан бажариладиган операциялар жумласига ёки муддатли битимларнинг молиявий воситаларига оид операциялар жумласига киритиши мумкин.

Амалдаги солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш мақсадида Солиқ кодексига (50-модда)Муддатли битимларнинг молиявий воситалари” тушунчаси киритилган ва унда шартнома томонлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг асос активларга нисбатан тақсимланиши бўйича ва томонлар мажбуриятларининг бажарилишига тўғри келадиган саналар кўрсатилган шартнома муддатли битимларнинг молиявий воситаси эътироф этилган.

Муддатли битимлар молиявий воситаларининг асос активи деганда, муддатли битимнинг предмети тушунилиб, унда асос актив сифатида, чет эл валютаси, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, фоиз ставкалари, кредит ресурслари, нарх ёки фоиз ставкаларининг индекслари, муддатли битимларнинг бошқа молиявий воситалари иштирок этади.

Муддатли битимларнинг иштирокчилари деганда, муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан операцияларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.

Кодексда вариацияли маржа деганда, савдоларнинг ташкилотчиси ёки клиринг ташкилоти томонидан ҳисоб-китоб қилинадиган ҳамда савдоларнинг ташкилотчилари ва (ёки) клиринг ташкилотлари томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ муддатли битим иштирокчилари томонидан тўланадиган тўлов тушунилади.

Валюта бозоридаги муносабат оқибатида келиб чиқадиган кўнгилсизликларнинг солиқ тўловчилар молиявий фаолиятига таъсирини камайтириш мақсадларида халқаро меъёрлардан келиб чиқиб, Солиқ кодексига хеджирлаш тушунчаси (51-модда) киритилган.

Хеджирлаш бу – инглиз тилидaн олинган сўз бўлиб, ҳимоялаш (суғурталаш) маъносини англатади ва хеджирлаш нархнинг ўзгаришлари билан ўзгармайдиган натижа олиш имконини берадиган восита бўлиб, масалан, валюталар курсининг ўзгаришидаги хатарлардан қутулиш имконини беради.

Масалан, хорижий валютани импорт қилувчи мижоз (трейдер) ўз ҳисоб-варағида валютани сотиб олиш учун олдиндан битим тузиб, мазкур валютани ўз банкидан реал харид қилиш учун вақт келганда эса (хорижий валютанинг курси ошганда) у бу позицияни ёпиб қўяди. Ўз навбатида хорижий валютани экспорт қилувчи сотувчи (трейдер) эса ўз ҳисоб-варағида олдиндан валютани сотиш бўйича битимни очиб қўяди ва мазкур валютани ўз банкида реал сотиш вақти келганда (хорижий валютанинг курси тушганда) эса у бу позицияни ёпади.

Демак, хеджирлаш ўзида валюталар курсининг ноқулай ўзгаришидан мижознинг маблағларини ҳимоя қилишни ифодалаб, унинг моҳияти бўйича бевосита боғлиқ воситанинг нархига ноқулай бозор факторлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш учун бита воситадан фойдаланиш тушунилади.

Солиқ солиш мақсадларида хеджирлаш операциялари деганда солиқ тўловчи учун нохуш оқибатларни (тўлиқ ёки қисман) камайтириш (компенсация қилиш) мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари (шу жумладан ҳар хил турлари билан) амалга ошириладиган операциялар (операциялар мажмуи) тушунилади.

Бундай нохуш оқибатлар жумласига, хусусан, зарар кўриш, тушумнинг ёки фойданинг камайиши, мол-мулк бозор қийматининг камайиши, нархнинг, фоиз ставкасининг, Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан чет эл валютаси курсининг ёки хеджирлаш объекти (объектлари) бошқа кўрсаткичининг ўзгариши оқибатида солиқ тўловчи мажбуриятларининг кўпайиш ҳолатларини киритиш мумкин.

Солиқ тўловчининг мол-мулки, мулкий ҳуқуқлари ва унинг хеджирлаш операциясини амалга ошириш санасида бажарилиш муддати етиб келмаган мажбуриятлари хеджирлаш объектлари деб эътироф этилади ва амалга оширилиши тарафнинг шартнома бўйича талаб қўйиши билан боғлиқ бўлган ҳамда уларга нисбатан солиқ тўловчи хеджирлаш тўғрисида қарор қабул қилган талаб қилиш ҳуқуқлари ва мажбуриятлар хеджирлаш объектлари бўлиши мумкин.

Кодекс қоидаларида, хеджирлаш мақсадида ҳар хил турдаги муддатли битимнинг биттадан ортиқ молиявий воситасини, шу жумладан хеджирлаш муддати ичида битта хеджирлаш операцияси доирасида муддатли битимларнинг бир нечта молиявий воситаларини тузишга йўл қўйилиши белгиланган.

Солиқ тўловчи муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан боғлиқ операцияни хеджирлаш операцияси жумласига киритиш асосланганлигини тасдиқлаш учун хеджирлаш операциясига доир битимни тузиш санасида солиқ тўловчининг тахминларидан келиб чиққан ҳолда ушбу операциянинг амалга оширилиши нархнинг, бозор котировкасининг, валюта курсининг ёки хеджирлаш объекти бошқа кўрсаткичининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган нохуш оқибатларни камайтириш имконини беришини тасдиқловчи маълумотномани тузади.

Солиқ тўловчи агар битта хеджирлаш операцияси мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан боғлиқ операциялар мажмуидан фойдаланилса, бундай маълумотнома ушбу битимлар мажмуининг биринчиси тузилган санада тузилади.

Давоми бор.

 


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.