Солиқ тизимидаги ўзгаришлар бўйича фарғоналикларни қандай саволлар қизиқтирмоқда?

Фарғона вилоятида яшовчи фуқаролардан келиб тушган саволларларга вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бош инспектори Азизбек ЭРКИНОВ жавоб беради.

– Хўжалик юритувчи субъектлар қандай ҳолларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади?

– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 57-­моддасида солиқ солиш мақсадида юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси деб эътироф этилиши учун бир қанча шартлар белгилаб қўйилган. Яъни, юридик шахслар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берсагина қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси деб эътироф этилади.

1) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва уни бирламчи қайта ишловчи юридик шахсларнинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, шу жумладан, ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом­ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромадининг улуши солиқ давридаги жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этса;

2) ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган қуйидаги маҳсулотлар киради:

  1. қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;
  2. чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;
  3. ипакчилик маҳсулотлари;
  4. балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.

– Бир неча йилдан буён фермер хўжалигини юритиб келаман. Хўжалигимизда боғ ҳам яратганмиз. Ўтган йилдан бошлаб томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Айтинг-чи, томчилатиб суғоришни йўлга қўйган фермер хўжаликларига солиқлардан имтиёз борми?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 428­моддасида юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ имтиёзлари белгилаб қўйилган. Ушбу модданинг 2­қисми 7­бандига мувофиқ солиқ тўловчилар томчилатиб суғориш қўлланиладиган ерлар учун – томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

– Солиқ қарзи нима? Қандай ҳолларда солиқ қарзи юзага келади ҳамда уни тўлаш тартиби қандай?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ҳар бир солиқ ва йиғимлар бўйича уларни хисоблаб чиқариш тартиби ҳамда тўлаш муддатлари белгиланган бўлиб, айрим солиқ тўловларини тўлаш жорий тўловларни тўлаш орқали амалга оширилади. Солиқ кодексининг 55­моддасига асосан, хисоблаб чиқарилган ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан, улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек ушбу кодексда белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар солиқ қарзи деб эътироф этилади.

Солиқ қарзини тўлаш қуйидаги тартибдаги кетма-кетликда амалга оширилади:

  1. Солиқ қарзи юзага келган солиқ тўлови бўйича ҳисобланган солиқ суммаси тўланади.
  2. Солиқ қарзи юзага келгандан сўнг, мазкур солиқ қарзини тўланишини ҳар бир кечиктирилган куни учун ҳисобланган пеня тўланади.
  3. Жарималар белгиланган бўлса жарималар тўланади.

– Жисмоний шахслар ўзларига тегишли мол-мулкни ижарага берса, қандай солиқларни тўлаши лозим бўлади.

– Жисмоний шах слар ўзларига тегишли бўлган мол­мулкни ижарага берган тақдирда, ижарага беришдан олинган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўловчиси ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ­589­сонли Қонунида мол­мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланган. Яъни жисмоний шахслар томонидан даромад солиғи ижара тўлови миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади, лекин даромад солиғи суммаси белгиланган энг кам ставкалар орқали ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги лозим бўлади.

Мисол учун, енгил автотранспорт воситаси учун ижара тўловининг энг кам ставкаси 2020 йил учун 500 минг сўмни ташкил қилади. Агар жисмоний шахслар мазкур турдаги автотранспорт воситаларини 500 минг сўмдан арзон нархга ижарага берсалар, даромад солиғи 500 минг сўмдан 12 фоиз миқдорда тўланиши лозим бўлади.

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган жисмоний шахслар учун Солиқ кодексида қандай солиқ имтиёзлари белгиланган?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 380­моддасига мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солишдан озод қилинган.

Бундан ташқари, солиқ кодексининг 421­-моддасига мувофиқ, мазкур шахсларнинг мулкида бўлган мол­мулк олтмиш квадрат метр доирасида жисмоний шахслардан олинадиган мол­мулк солиғи бўйича солиқ солишдан озод қилинади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 436­-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Шу билан бирга, Солиқ кодексида мазкур солиқ имтиёзлари пенсия гувоҳномаси ёки тиббий­меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилиши белгилаб қўйилган. Яъни солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун солиқ тўловчилар томонидан мустақил равишда имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этилиши лозим бўлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.