Қонуннинг янги таҳририга кўра Ўзбекистонга исталган миқдорда валюта олиб кириш мумкин

Ўзбекистонимизда уч йил олдин бошланган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Марказий Банкнинг иқтисодий жараёнларни бошқаришдаги роли ошди. Иқтисодиётни жадаллаштириш учун қурилишга катта эътибор берилди, экспорт салоҳияти анча ошиб, ранг-баранглиги кўпайди, туризм соҳасидаги кўп тўсиқлар йўқ бўлди. Бу эса халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширди. Айниқса, пул-валюта, кредит, конвертация масаласидаги ижобий ўзгаришлар халқаро доираларда ҳам қизғин олқишланди.

2019 йилнинг 22 октябридаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири ҳам ана шу жиддий ислоҳотларнинг бир қисмидир. Ўзгаришларга кўра, аввало, резидентлар ҳисобланадиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари, юридик шахсларнинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари, Ўзбекистоннинг савдо ваколатхоналари, шу жумладан хориждаги савдо ваколатхоналари қароргоҳлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар улар сафига кирадиган бўлди. Мамлакатимиз ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши тақиқланади. Бу эса миллий валютамиз нуфузини оширишга ва унинг қийматини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга резидентлар ўртасида амалга оширилиши рухсат этилган валюта операциялари рўйхатига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг рўйхати энди тўлиқ бўлади.

Бундан ташқари, энди қонунда резидентлар ўртасидаги қуйидаги кўринишдаги валюта операциялари қайд этилган:

● жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек, хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар; Бундан ташқари, энди қонунда резидентлар ўртасидаги қуйидаги кўринишдаги валюта операциялари қайд этилган:

● Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналарига ҳисоб-китобларни ва ўтказмаларни бажаришни назарда тутувчи операциялар;

● жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон банкларида очилган ҳисобварақлардан носавдо операциялар бўйича ўтказмалари;

● транспорт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмалари ўртасида йўловчилар ташишга оид шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;

● мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек, уларни ундириш билан боғлиқ операциялар.

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР УЧУН ЕНГИЛЛИК, ЮРИДИК ШАХСЛАР УЧУН ЭСА…

Эслатиб ўтамиз, умумий қоидага кўра, Ўзбекистонда барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади.

Резидентларга чет эл валютасида ҳисоб варақлар очиш тартибига ўзгартиришлар киритилгани ҳам эътиборга молик. Энди жисмоний шахсларга осонроқ бўлади, чекловлар олиб ташланди. Олдинлари фақат хорижда бўлиш даври учун ҳисоб варақлар очиларди. Юридик шахслар учун эса аксинча, энди фақат Президент ёки Ҳукуматнинг бундай ҳисоб варақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд халқаро шартномалар мавжуд бўлса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисоб варақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўйилади.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири бу – миллий ва хорижий валютани чегарадан олиб ўтиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилганидир. Жисмоний шахслар томонидан 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган миқдордаги нақд пул маблағларини Ўзбекистон Республикасидан эркин олиб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Энг муҳими, қонуннинг янги таҳрири Ўзбекистонга валюта олиб кириш чегарасини белгиламайди. Шахс исталган миқдорда валюта олиб кириши мумкин.

Қонун билан мазкур соҳадаги валютани назорат қилувчи органлар – Марказий Банк, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат Божхона қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланди. Хусусан, улар валюта операциялари бўйича текширувларни амалга ошириши ҳамда фақат ўтказилаётган валюта операциясига бевосита тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин. Ўз навбатида, текширилаётганлар текширув материаллари билан танишишга, назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишга ва етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

ДАВЛАТ БОЖЛАРИ, ЙИҒИМЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДА УНДИРИЛАДИ

Янги таҳрирдаги қонун бир қатор меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилган бўлиб, унда валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилишнинг асосий тамойиллари белгиланди. Хусусан, валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги, валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги асосий тамойиллар сифатида белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун даражасида белгиланди.

Шу билан бирга валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасидаги маблағларнинг эркин тасарруф этилиши, валюта операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор рухсат бериш тартиботларининг бекор қилиниши, ташқи савдо операциялари бўйича активларни Ўзбекистон Республикасига репатриация қилиш бўйича талаблар, резидент жисмоний шахслар томонидан хорижда чекловларсиз ҳисобварақлар очишга рухсат берилиши, жисмоний шахслар ўртасида носавдо валюта операциялари бўйича 100 млн. сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Қонуннинг янги таҳририда валюта операцияларининг амалиётдаги мавжуд турлари қамраб олинди ҳамда қонунчиликдаги ҳавола қилувчи нормалар максимал даражада қисқартирилди ва мазкур қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади. Бу ўзгаришлар шубҳасиз, мамлакатимизга нисбатан инвесторларнинг, қолаверса, юртдошларимизнинг давлат ва ҳукуматга ишончининг ортишига, халқаро рейтинг ташкилотларида Ўзбекистон барқарорлик даражаси кўтарилишига, фаровонлик ва тараққиётига хизмат қилади.

Абдували САЙБНАЗАРОВ,
журналист

©️ «Soliq plus» газетасидан


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.