ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ ҲИСОБОТИ ШАКЛЛАРИ ҲАҚИДА

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ 2019 йил амалда бўлган солиқ ҳисобот шаклларининг айримларига ўзгартиришлар киритилди ва айримлари янгидан ишлаб чиқилди.

Жумладан, ҚҚС бўйича ҳисобот шаклига асосий ўзгартириш солиқ даври (ҳисобот даври) ойлик қилиб белгиланганлиги учун киритилди.

Солиқ кодексининг 268-моддаси бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси йил бошидан ўсиб келувчи тартибда ҳисобланганлиги сабабли ҳисоб-китобга 7-илова қўшилди.

Воситачилик шартномасига асосан амалга оширилган операцияларда сотувчи томонидан кўрсатилган ҚҚС суммасини алоҳида акс эттириш учун қўшимча равишда 6-илова киритилди.

Солиқ тўловчи томонидан ҳисоботда ҚҚС суммасини мутаносиб ёки алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш усулини танлаш имконияти яратилди.

Фойда солиғи ҳисоботининг 1-иловасида амалга оширилган фаолият турлари бўйича олинган ҳамда бошқа даромадларни алоҳида кўрсатиш имконияти яратилди.

Ҳисоботнинг 2-иловасида барча харажатлар акс эттирилади. Шунингдек чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар суммаси алоҳида устунларда кўрсатилади.

Фойда солиғининг ноль ставкаси киритилиши муносабати билан ушбу ставка қўлланиладиган фойда солиғи базасига аниқлик киритиш учун алоҳида илова жорий қилинди (6-илова).

Жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган ўтган йиллар зарари суммасига камайтириш муддати ва шартлари ўзгарганлиги сабабли ҳисобот 7 ва 8-иловалар билан тўлдирилди.

Тўлов манбаида дивиденд ва фоизлар тарзидаги даромадлар дан ушлаб қолинган солиқлар ҳисоб-китобига олинган дивидендларнинг ҳисобга олинадиган суммасини акс эттириш учун 030- сатр ва 100-сатрлар киритилди.

Шунингдек, мазкур сатрлар билан боғлиқ бўлган “Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида солиқ суммаси ушлаб қолинган дивидендлар тўғрисида”ги 3-илова қўшилди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоботига 061-сатр “Филиаллар ва (ёки) алоҳида бўлинмалар ҳамда юридик шахснинг бош офиси томонидан камайтириладиган ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси” киритилди.

Ушбу сатр Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бўлган, ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга солиқ агентлари томонидан тўлдирилади, бундан йирик корхоналар мустасно (Солиқ кодексининг 389-моддаси).

Бунда филиаллар ва (ёки) алоҳида бўлинма томонидан ижтимоий солиқ суммаси камайтирилади (5 ва 6-устунларда), бош офис томонидан алоҳида бўлинма ва (ёки) филиалларга тегишли бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси камайтирилади (7-устунда).

Мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида солиқ солиш объектларига киритилган ўзгаришларга асосан қўшимчалар киритилди.

Жумладан, муддатида ишга туширилмаган асбоб-ускуналар қиймати акс эттириладиган сатр чиқариб ташланди.

Шунингдек, темир йўллар, магистрал қувурлар, аэропортлар, алоқа узатиш линиялари, қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар томонидан фойдаланишга топширилган, бироқ сотилмаган объектлар, тўлиқ эскирган ва “0” қийматдаги кўчмас мулк объектлари бўйича уларнинг қайта баҳоланган (бозор) қиймати, консервация қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлар қийматини акс эттириш учун қўшимча сатрлар киритилди.

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ даврининг 10 январь кунига қадар тақдим этиладиган солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган, юридик шахсда мавжуд бўлган ер участкалари тўғрисида маълумотнома жорий этилди.

Ер солиғи ҳисоб-китобининг 1-иловасига солиқ солиш объектларига киритилган ўзгаришларга асосан ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилган ер участкалари ҳамда Солиқ кодексининг 429-моддасида белгиланган солиқ ставкасига 0,1 коэффициент қўлланиладиган ер участкалари бўйича қўшимча сатрлар киритилди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобига фойдали қазилмалар умуман реализация қилинмаган тақдирда солиқ базасига аниқлик киритиш учун қўшимча устун киритилди.

Ушбу устунда ҳисобот даврида фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) ишлаб чиқариш таннархи 20 фоизга оширилган ҳолда акс эттирилади. Ҳисобот иловасининг шакли ўзгаришсиз қолди.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботига сув ресурсларидан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда, шунингдек рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилган сув ресурслари ҳажмини акс эттириш билан боғлиқ қўшимча сатрлар билан тўлдирилди.

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботига солиқ солиш объектларига киритилган ўзгаришларга асосан 1-иловадаги даромадлар таркибига қўшимчалар киритилди.

ҚУЙИДАГИ ҲИСОБ-КИТОБ ВА МАЪЛУМОТЛАР ШАКЛЛАРИ БЕКОР ҚИЛИНДИ:

► юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун маълумотнома:

► Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан тўланадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоби;

► соддалаштирилган тартибдаги қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;

► бозорлар томонидан олинган даромадлар бўйича солиқ ҳисоботи.

Давлат солиқ қўмитаси Юридик шахсларга
хизмат кўрсатиш бошқармаси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.