СТАРТАП ЛОЙИҲАДАН БИЗНЕСГАЧА БЎЛГАН ЙЎЛ

УЛУҒБЕК ИСМАТОВ – СТАРТАПЛАР, МЕДИА ВА IT СОҲАСИДА КЎЗГА КЎРИНГАН ЁШЛАРДАН. СИФАТЛИ МЕДИАКОНТЕНТ ЯРАТИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ “BE CREATIVE” МЕДИА МАРКАЗИ ТАЪСИСЧИСИ. ЁШЛАР ИТТИФОҚИ ҚОШИДАГИ ЁШЛАР МЕДИА МАРКАЗИ РАҲБАРИ БЎЛИБ ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИ.

Газетамиз меҳмони бўлган Улуғбек билан Ўзбекистондаги стартап лойиҳалар ва умуман стартап тушунчасининг ривожи ҳақида суҳбатлашдик.

– Аввало стартап тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз…

– Стартап тушунчаси жаҳон миқёсида 2010 йиллардан буён мавжуд бўлиб, содда тил билан айтадиган бўлсак, бозор бор, бозорда муаммолар ва унинг одатий ечими бор, аммо сиз мана шу бозорга ноодатий ечим таклиф қилсангиз ва бу ноодатий ечим учун пул сарфлашга тайёр бўлган аудитория бўлса, мана шу ҳолат стартап дейилади. Стартаплар фақатгина IT лойиҳаларгина бўлиб қолмасдан, балки ижтимоий, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ҳам мавжуд. Стартап лойиҳалар учун маълум бир муддат белгиланган бўлиб, бу 40 кунни ташкил этади, яъни 40 кун ичида яшаб кетган стартап лойиҳалар кейинчалик бизнес лойиҳаларга айланади. Бизнесдан стартапнинг фарқи шундаки, унда хоҳиш-истак жуда кучли бўлади. Масалан, бизнес юритишингиз учун бирор бир фирма очасиз, унга ходимларни ёллайсиз ва бошқа жараёнлардан ўтасиз. Аммо стартап лойиҳаларда бундай талаблар бўлмайди. Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, стартап бу – кеча-ю кундуз, уйғонганда ҳам, ухлаганда ҳам тинчлик бермайдиган ғоя. Лекин бу ғоянинг қиймати бир доллар ҳам эмас. Ғоя стартапга айланиши учун MVP (Minimum valuable product) деган жараёндан ўтиши керак. Бу жараён ўз навбатида учта саволдан иборат, яъни “ким учун?”, “харидор пул тўлайдими?”, “ўз молиявий моделимга тўғри келадими?” Мана шу 3 саволга жавоб берилгандагина сиз ўзингизни стартапчиман дея оласиз.

Ўзбекистонда стартап лойиҳаларга қизиқиш асосан 2016 йилдан бошлаб ривожлана бошлади. Айнан мазкур даврдан бошлаб, ёш стартапчиларга эътибор кучайди.

– Ўзингиз яратган стартап лойиҳалари ҳақида гапириб берсангиз…

– 2015 йилдан буён стартап лойиҳалар устида ишлаб келмоқдаман. 2015 йилда дўстларим билан илк маротаба ўзбек тилида IT янгиликлари ҳақида сайт яратдик, аммо бу лойиҳамиз атиги 4 ой муддатгина яшаган. Шундан сўнг, жамоам билан турли хилдаги видео лойиҳаларни тайёрлай бошладик ва “Be creative” жамоасини туздик. Биз жамоамиз билан асосан Ўзбекистонда ITV (интернет телевидениеси)ни ривожлантириш учун стартап лойиҳаларни ишлаб чиқа бошладик. Кейинчалик 2018 йилга келиб мазкур стартап лойиҳамиз бизнесга айланди. – Ҳеч кимга сир эмас,

– Ўзбекистонда ғоя ўғирлиги жуда кўп. Бу ёш стартапчиларнинг руҳини синдириб қўймайдими?

– Тўғри айтдингиз, бугунги кунда бу каби ҳолатлар жуда кўплаб учрайди. Бизда бошқа давлатлардагидек стартапчилар бир-бирининг ғоясини ўғирлашмайди, бизда давлат идораси ходими стартапчиларнинг ғоясини ўғирлайди. Мен сизга битта мисол айтаман, ҳали Ўзбекистонда 3D принтерлар оммалашмаган вақтлари бир дўстим мана шу соҳа бўйича ўз стартап лойиҳасини йўлга қўймоқчи бўлган ва бу ҳақда масъул ташкилот ходимига кўмак беришини сўраб мурожаат қилган эди. Аммо натижани ўзингиз сезаётган бўлсангиз керак, дўстимнинг ғояси қоғозда қолиб, амалда ўша ташкилотнинг ходими 3D принтерлар бўйича ҳозирда Ўзбекистонда йирик бизнес эгасига айланган.

– Ўзбекистонда стартап ларга оид қонун ишлаб чиқишнинг вақти келмадими?

– Албатта, вақти келган. Ҳаттоки, биз бу соҳада ривожланган давлатлардан ортда ҳам қолиб кетганмиз. Тўғри, айрим қонун ҳужжатларимизда стартап сўзлари келтирилади. Лекин стартап тушунчаси, унинг қонуний фаолияти белгиланмаган. Бу эса эндигина ўз стартапини бошлаётган ёшларни довдиратиб қўяди. Шунингдек, стартап лойиҳаларга пул тикмоқчи бўлган хорижий инвесторлар учун ҳам иккиламчи ҳолатни юзага келтиради. Бу ўз навбатида инвестицион жозибадорликка таъсир қилади. Масалан, Латвия, Хитой, Дания, Россия каби давлатларда стартап тушунчаси ва унинг фаолияти қонун ҳужжатларида жуда тушунарли ва яққол тарзда белгилаб қўйилган. Энди бир ўйлаб кўринг, мазкур давлатларнинг инвестицион жозибадорлиги қанчалик юқори? Бундан ташқари, стартапга оид қонунлар орқали ёш стартапчиларга турли хилдаги имтиёзлар берилади, давлат дастурларида иштирок этиш имконияти пайдо бўлади. Ҳозирда бутун дунё бўйича 10 та стартап лойиҳадан 9 таси муваффақиятсиз бўлса, Исроилда бу кўрсаткич 4,5 тани ташкил этади. Бунга сабаб эса давлатнинг ўзи стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга пул тиккани. Агар 10 та лойиҳадан қолган 5,5 таси муваффақиятсиз бўлса, бу бюджетдан ажратилаётган пулларни совуриш бўлиб қолмайдими, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Аммо шу нарсани унутмаслик лозимки, муваффақиятли амалга оширилган 4,5 та стартап лойиҳаларга қилинган харажатлар ўрнини икки, уч баробар қилиб тўлдириши статистик жиҳатдан ҳам исботланган.

– Бизда ҳам стартап лойиҳалар учун давлат пул тикишга тайёрми?

– Президентимиз шунинг тарафдори эканликларини таъкидлаганлар.

– Лекин биламизки, стартап лойиҳалар ҳар доим ҳам Президент даражасигача боравермайди. Аммо жамиятимизда асосий бўғин ҳисобланган ўрта даража вакиллари стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрми?

– Йўқ. Стартап лойиҳаларни молиялаштириш, қўллаб-қувватлаш асосан Инновацион ривожланиш вазирлигига топширилган. Айтайлик, стартап лойиҳаларингизни амалга ошириш учун маблағ олмоқчи бўлсангиз вазирликка бир даста ҳужжат олиб боришингиз керак. АҚШда эса бу жараён бир вароқ қоғоз билан тушунтирилади. Шундай экан ўзбекистонлик стартапчи ёшлар ғояси туғилмасдан ўлади, чунки пул йўқ ва бу фожиа.

– Қўшни республикаларда стартапларни қўллаб-қувватлаш қай даражада?

– Қўшниларимизда инфраструктура жиҳатидан ва венчур капиталистлар бўйича муаммо йўқ. Айниқса, Қозоғистонда стартап тушунчаси анчагина яхши ривожланган. Чунки уларга бизнес инкубатор тушунчаси бизга нисбатан анча олдинроқ кириб келган. Хусусан, қозоғистонлик стартапчилар Россиянинг “Интернет ташаббусларни ривожлантириш” жамғармаси билан доимий равишда ҳамкорлик қилишади. Шунингдек, мамлакат ҳукумати ҳам стартап лойиҳалар ривожига катта қизиқиш билдиради. Тожикистонда ҳам “Стартапистан” лойиҳаси бор бўлиб, мазкур лойиҳа Тожикистондаги стартапчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

– Ёш стартапчиларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Аввало, ўз ғоянгизни яшириб юрманг. Иккинчиси, ғоянгизни ҳеч қачон бир ўзингиз амалга оширишга уринманг, ўзингизга шерик топинг. Учинчиси, молиявий жиҳатдан қаердан пул олмоқчисиз? Аниқ сарфланадиган суммангизнинг миқдорини аниқлаб олинг. Тўртинчиси, стартап қилмоқчи бўлган одам, ҳозир шу бизнес учун етарли вазият туғилганини илғай билиши лозим. Масалан, “Youtube” ҳозиргидек мавқеига эга бўлмасди, агарда АҚШда оптик толали интернет бўлмаганда ёки “Uber” шахсий автомобили бор ва қўшимча даромад топмоқчи бўлган одамлар бор вақти пайдо бўлган. Хулоса қилиш мумкинки, ғояни амалга оширишнинг вақтини тўғри топиш муваффақият учун муҳим омил.

Темур ЭШҚУВВАТОВ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.