Ишлаб турган ходимнинг пенсияга чиқишида ташкилот ёрдам кўрсатадими?

– Пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган ишловчи фуқароларга фаолият юритаётган ташкилоти пенсияга доир ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатишлари шарт. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ушбу ҳолат тўлиқ акс эттирилган.

Ташкилот маъмурияти ҳар йили декабрь ойида шахсий варақчалар ва меҳнат дафтарчалари асосида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар рўйхатини тузади.

Рўйхатда ходимнинг:

  • фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, ойи, куни, шунингдек ходим яшайдиган жой;
  • таркибий бўлинманинг номи;
  • лавозими (касби);
  • пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш учун асослар; ҳужжатлар билан тасдиқланган умумий иш стажи;
  • имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажи кўрсатилган бўлиши керак.

Кўрсатиб ўтилган рўйхатга киритилган ходимларга нисбатан ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни олдиндан тайёрлашга киришади. Зарур бўлганда ташкилот маъмурияти етишмаётган ҳужжатларни сўраб олиш чораларини кўриши керак. Ташкилот маъмурияти тўпланган барча ҳужжатлар асосида пенсия тайинлаш учун тақдимномани расмийлаштиради.

Ташкилот маъмурияти ходим пенсия ёшига етган кундан кечиктирмай унинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлигини билдиришга мажбур.

Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради.

Ҳужжатлар ва тақдимнома ходимнинг аризаси билан бирга ариза берувчининг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплай олмаган ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлимига бор ҳужжатлар топширилади. Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Ходимга ва унинг оила аъзоларига пенсия (боқувчисини йўқотганлик пенсияси) тайинланган тақдирда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ходимнинг ёки вафот этган боқувчининг (унинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган тақдирда) охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Агар ходимга пенсия тайинлаш рад этилган бўлса, бу ҳақда унга рад этиш сабаблари кўрсатилиб, ёзма равишда хабар берилади. Пенсия сўраб мурожаат қилган киши маъмурият қароридан норози бўлса, у пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризани яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига бевосита бериши мумкин.

Пенсия жамғармаси Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш
ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими
бош мутахассиси Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.