Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси – мазмун ва моҳият (35-36-37 моддалар ҳақида)

Кодексда (35-модда) чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг ёки бошқа бенефициарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилмаси юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмаси дейилади. Улар тоифасига фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари киритилиши белгиланган.

Кодексда доимий муассаса (36-модда) иштирокчилари фаолиятни амалга ошириш тартибларини инобатга олган ҳолда соҳадаги халқаро меъёрлар таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Чет эллик юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси, чет эллик юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини доимий муассаса орқали тўлиқ ёки қисман амалга ошираётган доимий фаолият жойи эътироф этилиши, доимий муассаса деганда:

● ҳар қандай бошқарув жойи, филиал, бўлим, бюро, идора, офис, хона, агентлик, фабрика, устахона, цех, лаборатория;

● товарни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бутлаш, қадоқлаш ва ўраш амалга ошириладиган жой;

● савдо шохобчаси сифатида фойдаланиладиган ҳар қандай жой, омбор;

● кон (шахта), нефть ёки газ қудуғи, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган бошқа жой;

● табиий ресурсларни ўрганиш (қидириш), аниқлаш, қазиб олиш ва (ёки) улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган қурилма ёки иншоот, (бунда қурилма,иншоот бир юз саксон уч кундан ортиқ муддат ичида фойдаланилаётган бўлиши ёки фойдаланиш учун тайёр бўлиши шарт);

● қувур, газ қувури билан боғлиқ фаолият (шу жумладан назорат ёки кузатув) амалга ошириладиган ҳар қандай жой;

● ўйин автоматларини, компьютер ва алоқа тармоқларини, аттракционларни ўрнатиш, созлаш, фойдаланиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган жойлар назарда тутилган.

Қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти, улар билан боғлиқ кузатув (назорат қилиш) фаолияти, башарти бундай майдон, объект ёки фаолият исталган кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр мобайнида бир юз саксон уч кундан кўпроқ мавжуд бўлса ёки давом этса:

► хизматлар кўрсатиш, чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари орқали ёки шу мақсадлар учун унинг томонидан ёлланган бошқа ходимлар орқали бажариладиган маслаҳат хизматлари, башарти бундай фаолият (айни бир лойиҳа билан боғлиқ шахс ёки чет эл юридик шахсининг боғланган тарафи учун) исталган кетма­кетликдаги ўн икки ойлик давр мобайнида камида бир юз саксон уч кун давом этса улар ҳам доимий муассаса деб белгиланган.

Тадбиркорлик фаолиятининг чет эл юридик шахси томонидан фойдаланилаётган ёки сақлаб турилган доимий жойига нисбатан, агар бу чет эллик шахс ёки у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс тадбиркорлик фаолиятини Ўзбекистон Республикасидаги ушбу жой ёки бошқа жой орқали амалга оширса ва ушбу жой ёки бошқа жой чет эл юридик шахси учун ёхуд у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс учун доимий муассасани ташкил этса:

● икки нафар шахс, Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юридик шахслар томонидан доимий жой орқали ёки айни шу норезидент ёки у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс томонидан ҳар иккала жой орқали амалга оширилаётган фаолият турларининг бирикмаси натижаси бўлган жами фаолият тайёргарлик хусусиятига ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлмаса доимий муассасани ташкил этишга олиб келиши қайд этилган.

Кодексда агар икки нафар шахс, чет эллик юридик шахслар томонидан доимий жой орқали ёки айни шу шахс ёки у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс томонидан ҳар иккала жой орқали амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти умумий тадбиркорлик фаолиятининг бир қисми бўлган ўзаро тўлдириб турувчи функциялари бўлса, доимий муассасани ташкил этишга олиб келувчи қоидалар қўлланилиши:

► бирор­-бир шахс Ўзбекистон Республикасида чет эл юридик шахси номидан ҳаракат қилса ва одатда мулк (хизматлар кўрсатиш) ҳуқуқини бошқа шахсларга ўтказишга ёки мол­мулкдан ушбу чет эл юридик шахси номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришга доир битимларни тузишда асосий роль ўйнаса, ушбу шахснинг фаолияти чет эл юридик шахсининг доимий муассасасини ташкил этилишига олиб келиши белгиланган.

Чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини воситачилик (топшириқ) шартномаси ёки шунга ўхшаш шартнома асосида ҳаракат қилувчи ва битимларни ушбу чет эл юридик шахси номидан имзолашга ваколатли бўлмаган мустақил агент орқали амалга оширса, доимий муассасасини ташкил этилишига олиб келмаслиги, бунда, ушбу агент асосан ўзи билан ўзаро боғлиқ бўлган бир ёки бир нечта чет эл юридик шахслар номидан ҳаракат қилса, унда, бу шахс тобе агент деб ҳисобланиши таъкидланган.

Кодексда чет эл юридик шахсининг Республикамизда доимий муассасани ташкил этиш санасига ҳам аниқликлар киритилиб, Ўзбекистон Республикасида товарларни сотиб олиш мақсадида шартнома тузиш санаси, хизматлар кўрсатиш, доирасида хизматларни сотиб олиш ва хизматларни кўрсатиш санаси, чет эл юридик шахси томонидан ёлланган ишчи ходимларни контракт шартларини бажариш учун келган санаси фаолиятни амалга ошириш санаси деб белгиланган.

Кодексда доимий муассасани ташкил этишга олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эл юридик шахсини солиқ органида рўйхатдан ўтказиш, агарда, доимий муассаса ягона солиқ тўловчилар реестридан чиқарилганидан кейин чет эл юридик шахси ўн икки ойлик давр ичида фаолиятини тикласа, солиқ тўловчи сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш тартиблари белгилаб қўйилди.

Солиқ солиш тартибларини соддалаштириш ва барча даромадлар ва харажатларни ҳисобга олган ҳолда соф фойдадан адолатли солиқ ҳисоблаш мақсадида, Солиқ кодексига “Ўзаро боғлиқ бўлган шахслар” тушунчаси киритилган. (37-модда) Шахслар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу шахслар тузадиган битимларнинг шартларига ва (ёки) натижаларига ва (ёки) ушбу шахслар фаолиятининг иқтисодий натижаларига улар вакил қилган шахсларнинг фаолиятига таъсир кўрсатса, ушбу шахслар солиқ солиш мақсадларида ўзаро боғлиқ бўлган шахслар дейилиши:

► ўзаро боғлиқликни эътироф этиш учун бир шахснинг бошқа шахслар капиталида улар ўртасида тузилган битимга мувофиқ иштирок этиши туфайли ёки бир шахснинг бошқа шахслар томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилашда имконияти мавжуд бўлганда кўрсатиши мумкин бўлган таъсир;

► ушбу таъсир у битта шахс томонидан бевосита ва мустақил равишда ёки шахснинг ўзаро боғлиқ шахслари билан биргаликда кўрсатилиши мумкинлигидан ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар инобатга олиниши белгилаб қўйилди.

Юридик шахс бошқа юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этса ва бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса:

● жисмоний шахс ва юридик шахс, агар жисмоний шахс ушбу юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этса ҳамда бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;

● юридик шахс, агар бир шахс бевосита ва (ёки) билвосита ушбу юридик шахсларда иштирок этса ва ҳар бир юридик шахсдаги бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;

● юридик шахс ва ушбу юридик шахснинг якка тартибдаги ижро этувчи органи тайинловига (сайловига) кўра ёки ушбу юридик шахснинг коллегиал ижро этувчи органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг камида 50 фоизининг тайинловига (сайловига) кўра ваколатларга эга бўлган шахс бўлса;

● коллегиал ижро этувчи органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг камида 50 фоизи айни бир шахснинг (шу жумладан жисмоний шахснинг) қарорига кўра тайинланган ёки сайланган юридик шахслар бўлса;

● коллегиал ижро этувчи органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг 50 фоиздан ортиғини айни бир жисмоний шахслар ташкил этадиган юридик шахслар бўлса;

● юридик шахс ва унинг якка тартибдаги ижро этувчи органи ваколатларини амалга оширувчи шахсни ташкил этса;

● якка тартибдаги ижро этувчи органининг ваколатлари айни бир шахс томонидан амалга ошириладиган юридик шахслар бўлса;

● юридик шахслар ва (ёки) жисмоний шахслар, агар ушбу шахсларнинг бири бошқа шахсда бевосита иштирок этишини акс эттирувчи кетма­кетликда ҳар бир илгариги юридик шахсдаги бевосита иштироки 50 фоиздан ортиқни ташкил этса;

● жисмоний шахслар, бир жисмоний шахс бошқа жисмоний шахсга мансаб мавқеи бўйича бўйсунса;

● жисмоний шахс, унинг эри (хотини), ота­онаси (уни фарзандликка олган ота­онаси), эрининг (хотинининг) ота­онаси, фарзандлари (у фарзандликка олган фарзандлар), тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган қариндош ака­укалари ва опа­сингиллари, эрининг (хотинининг) ака­укалари ва опа­сингиллари, шунингдек васийси (ҳомийси) ва жисмоний шахс ҳомийлигидаги шахслар ўзаро боғлиқ шахслар деб эътироф этилиши қайд қилинган.

Жисмоний шахснинг ўзаро боғлиқ шахсларининг юридик шахсда иштирок этишининг жами улуши жисмоний шахснинг ушбу юридик шахсда иштирок этиши улуши деб эътироф этилади.

Ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги муносабатлар юқорида белгиланган ўзаро боғлиқ шахслар қоидаларига мувофиқ бўлиб, тузиладиган битимларнинг шартлари ва натижалари бўйича ўзаро боғлиқ бўлмаса бундай шахсларни ўзаро боғлиқ деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

(Давоми бор)

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш
маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.