КАРАНТИН САБАБ СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда давлат солиқ қўмитаси томонидан мамлакатда коронавирус (COVID — 19) тарқалишига қарши карантин муносабати билан жисмоний шахслар ва корхоналар учун солиқ юкини камайтириш бўйича берилган таклифлар ҳисобга олинган. Шундай қилиб, фармонда бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тасдиқланди.

Биринчи тўплам имтиёзлари – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қаратилган.

1. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223000 сўм) 50 фоизгача камайтирилди ёки 111,5 минг сўмга туширилди.

Бу 239 мингта якка тартибдаги тадбиркорга 232,9 млрд. сўм маблағини тежаш имкониятини беради.

2. Туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3167 та якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди:

  • — шаҳар жойлардаги 225 минг сўм ойлик тўлови ўрнига 157 минг сўм;
  • — вилоят марказларида 150 минг сўм ўрнига 105 минг сўм;
  • — туманларда 50 минг сўмдан ойлик тўловини 30 фоизга камайтирган ҳолда 35 минг сўм тўлаш имкони берилди.

Бошқача қилиб айтганда, уларнинг ҳисобида 2,3 млрд. сўм қолади.

3. Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилди.

4. Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича 7,3 млн. нафар фуқарога 2020 йил учун 2 трлн. сўм солиқлар ҳисобланган эди. 15 апрелда унинг тўланадиган қисми 1 трлн. сўм бўлиб, бугунги кунда 1,2 млн. нафар фуқаро томонидан 341 млрд. сўми тўланди.

Қолган қисми – 670 млрд. сўм 15 апрелгача тўланиши лозим эди. Ушбу суммани тўлаш муддати ҳам иккинчи тўлов санаси 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.

5. 2020 йил 1 апрелдан Хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинди. Бу ўртача 28,4 млрд. сўмни ташкил этади.

Имтиёзларнинг иккинчи тўплами тадбиркорлик субектлари – юридик шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган

1. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача алкоголь маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилди.

2. Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди.

Ушбу иккита енгилликдан 7 мингдан ортиқ субъект фойдаланиб, уларнинг ихтиёрида 17,1 млрд. сўм қолади.

3. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.

Бу имтиёздан 83 мингта фермер хўжаликлари фойдаланиб, уларга сув солиғидан белгиланган 300 млрд. сўмлик прогноз кўрсаткичлари 150 млрд. сўмни ташкил этади.

4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш имкониятини (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этди. Бундан 14 828 та субъект фойдаланиши мумкин.

5. Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлари учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималарни қўллаш тўхтатилди.

Бугунги кунда 6 572 та субъектнинг 1,4 млрд. доллар ташқи қарздорликлари мавжуд. Жарима қўлланиши лозим сумма 75,5 млн. долларни ташкил этади.

6. Давлат солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пеняларни ҳисоблашни тўхтатиб туради, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди.

Коронавирус пандемияси даврида имтиёзлар бериш бўйича халқаро тажриба

Давлат солиқ қўмитаси коронавирус эпидемиясининг таъсирини юмшатиш бўйича таклифларини тайёрлашда бошқа мамлакатлар ва ОЭСРда татбиқ этилган солиқ таътиллари ва имтиёзаларини ўрганиб чиқди.

I. Россия

а) Манзилли авиаташувчи ва туризм соҳасидаги субъектларни солиқ тўловлари муддатини кечиктириш, кичик ва ўрта бизнесга солиқ таътилларини бериш;

б) Имтиёзли кредитлар дастурини кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнес учун субсидиялар миқдорини ошириш;

в) Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият салбий таъсир кўрсатган йирик корхоналар ва давлат буюртмаларини бажарувчиларга қўшимча ёрдам кўрсатиш;

г) Алоҳида тоифадаги товарларни олиб кириш учун божхонада “яшил йўлак” ташкил этиш таклиф этилмоқда.

II. Қозоғистон

а) Йирик савдо субъектлари, маданий соҳа ва спорт мажмуаларига солиқ таътилларини бериш;

б) Тадбиркорик субъектларини мулк солиғидан 1 йилга озод этиш ва I чоракда солиқ қарзига пеня ҳисобламаслик ҳамда солиқ ҳисоботи даврини кечиктириш;

в) Қишлоқ хўжалик корхоналарини олиб кирадиган биологик ёрдамчи маҳсулотлар, шохли қора мол ва жўжалар бўйича ҚҚС ҳамда 7 мингта фермер хўжалигини ер солиғи тўловидан озод этиш назарда тутилмоқда.

III. Франция

а) Молиявий жарималар қўллашни тўхтатиш;

б) Солиқ ва мажбурий тўлов муддатларини орқага суриш таклиф этилган.

IV.АҚШ

90 кун муддатга жарималар қўлламаслик шарти билан даромади 1 млн. долларгача бўлган жисмоний шахсларга ва 10 млн. долларгача даромадга эга компанияларга жами 300 млрд. долларга солиқ таътиллари берилмоқда.

ОЭСР – Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳам ўзининг юқоридаги каби 10 та йўналишда таклифларини берган.

— аванс тўловлари муддатини кўриб чиқиш;

— ўзини бандлигини таъминлаган аҳолидан солиқлар олмаслик;

— ҚҚС тўлов муддатини узайтириш;

— ҚҚСни тезкор қайтариш;

— оборот ва мулк солиқлари тўлов муддатини узайтириш;

— корхоналарнинг зарарини кейинги йилга кўчириш;

— соғлиқни сақлаш ва қутқарув хизматларини солиқлардан озод этиш;

— ходимларни қўшимча рағбатлантириш учун тўланган суммалардан солиқ олмаслик… ва бошқалар.

 ДСҚ Матбуот хизмати


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.